Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

“Бирдамлик”нинг Чимкентдаги қурултойи маъмурлар тўсқинлик қилгани учун ўтказилмади


АҚШда яшаётган ўзбекистонлик тадбиркор Баҳодир Хон Туркистон (Баҳодир Чориев) асос солган “Бирдамлик” ҳаракатининг 15 ноябрда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган қурултойи ўтказилмади.

Қурултойга таклиф қилинганларнинг Озодликка билдиришича, тадбирга таклиф қилинган 60 дан зиёд кишининг қурултойга отланган қисми Қозоғистонга ўтказилмаган. Қўшни давлат ҳудудига ўтган 4 делегат эса, Қозоғистондан чиқариб юборилган.

Ўтказилмаган қурултой делегатларнинг айтишича, улар 15 ноябрь куни онлайн-конференция ўтказган ва унда “Бирдамлик” ҳаракатини “Бирдамлик” партиясига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Қорақалпоғистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, 68 яшар Солижон Абдураҳмонов - қурултойга таклиф қилинганлардан бири. 15 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда Абдураҳмонов 14 ноябрь куни Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги Ғишткўприк постида, Қозоғистон чегарасига етиб, миграция карточкасини тўлдираётган пайтда ўзбекистонлик ходим томонидан ортга қайтарилганини айтиб берди.

Тошкентлик фаол, шоира Дилором Исҳоқова эса, Ўзбекистон чегара чизиғидан ҳам ўтолмаган делегатлардан бири. Унинг айтишича, “қурултойга таклиф қилинганлардан кўпчилигини ИИБга чақиришган ва паспортларини олиб қўйишган, натижада йўлга 30 одамгина чиққан”.

Дилором Исҳоқованинг айтишича, уни ва ҳамроҳларидан кўпчиликни чегарадан ўтказишмаган:

“Мен ҳам чегарага бордим. Мени ўтказишмади. Тақиқ қўйилган дейишди. Сабабини сўрасам, билмаймиз, дейишди”.

Қурултойда қатнашиш учун йўлга чиққан 30 ўзбекистонлик орасида Қозоғистон ҳудудига ўтишга муваффақ бўлганлар ҳам бор.

“4 киши ўтди. Улар олдиндан буюртма берилган меҳмонхонага жойлашган. Лекин кечқурун уларнинг олдига Қозоғистон полицияси келиб, сўроқ қилган ва кейин чегарага олиб келиб, Ўзбекистонга чиқариб юборган”, деди Исҳоқова.

Қурултой қатнашчилари учун жой банд қилинган Чимкентдаги “Дўстиқ” меҳмонхонаси маъмури ўзбекистонликлар жой банд қилганини, лекин кейин буюртма бекор қилинганини Озодликка билдирди.

Қозоғистон Миграция хизмати Чимкент вилоят бошқармаси мулозими Озодликнинг 14 ноябрь куни Чимкентдаги “Дўстиқ” меҳмонхонасида жойлашган 4 ўзбекистонликнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши сабабини изоҳлаб бериш сўровини жавобсиз қолдирди.

Қурултойнинг бош уюштирувчиси, “Бирдамлик” ҳаракати асосчиси Баҳодир Хон Туркистон (Баҳодир Чориев) ҳам Қозоғистон ҳудудига киритилмаган. АҚШ фуқароси паспорти билан шу кунда Қирғизистонда юрган Туркистоннинг Озодликка айтишича, Қозоғистон чегарачилари сабабини айтмай, унинг паспортига “депорт” тамғасини уриб, Қирғизистонга қайтарган.

Қозоғистон қонунларига кўра, АҚШ фуқароси бу мамлакатга визасиз кириб, 30 кун юра олиши мумкин.

Туркистоннинг ва қурултойга қатнашмоқчи бўлган бошқаларнинг Озодликка билдиришича, Баҳодир Хон Туркистонга Ўзбекистон визаси берилмагани учун қурултойни қўшни Қозоғистонда ўтказишга қарор қилишган. Тадбирни бу мамлакатда ҳам ўтказиш имкони кесилгач, қурултой 15 ноябрь куни онлайн-конференция режимида ўтказилиб, ҳаракатни партияга айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинган, партия раислигига Баҳодир Хон Туркистон сайланган.

Туркистоннинг Озодликка айтишича, “Бирдамлик” партияси “Ўзбекистонда мулкдорликка асосланган эркин, демократик тизим яратиш учун, мамлакатни нозўравон усуллар билан, сайловлар орқали ислоҳ қилиш учун курашади”.

“Асосий шиоримиз қашшоқликка, камбағалликка барҳам беришдир”, деди Баҳодир Хон Туркистон.

Баҳодир Чориев (Баҳодир Хон Туркистон) ва унинг яқинлари 2004 йилда ўзларидан тортиб олинган “Кеш” акциядорлик жамияти акциялари қайтариб берилишини талаб қилиб, Ўзбекистонда бир неча бор норозилик намойишлари уюштирган эди.

2004 йилда Баҳодир Чориев АҚШга кетган ва ўша ерда “Бирдамлик” ҳаракатини тузган.

XS
SM
MD
LG