Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

Ўзбек мева экспортёрлари шубҳали схемалар қўллашга мажбур бўлмоқдами?


“Ўзагроэкспорт” маълумотига кўра, бу йил Ўзбекистонда 140 минг тоннадан зиёд гилос ҳосили кутилмоқда.
“Ўзагроэкспорт” маълумотига кўра, бу йил Ўзбекистонда 140 минг тоннадан зиёд гилос ҳосили кутилмоқда.

Озодлик радиосига келиб тушган ҳужжатлар, уларни текшириш асносида суҳбатдошларимиз қилган иддаолар Ўзбекистон божхонасида ҳўл мева экспортини амалга оширишда шубҳали схемалар қўлланилаётганидан дарак бўлиши мумкин.

Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда бу йил гилос ва бошқа ҳўл мевалар экспорт нархларининг икки баравар оширилиши экспортёрларни ҳукумат қарорини четлаб ўтувчи схемалар ёрдамида иш қўришга мажбурламоқда.​

Озодлик радиоси таҳририятига гилос экспорт қилган “Genesis Trade Group” ширкатига тегишли айни маҳсулотга икки хил расмийлаштирилган инвойслар келиб тушди.

Ҳужжатлар таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан килоси 4.24 долларданга экспорт қилинган қилиб ҳужжатлаштирилган гилос Қирғизистон божхонасидан ўтаётганда килоси 1.5 доллар қилиб расмийлаштирилган.

Озодликка юборилган инвойсларда “Genesis Trade Group” ширкати 10 май куни 16646 тонна гилосни Қирғизистонга 70579 АҚШ долларига экспорт қилди, деб ёзилган.

Фарғонадаги “Genesis Trade Group” ширкати 10 май куни 16646 тонна гилосни Қирғизистонга 70579 АҚШ долларига экспорт қилди, деб ёзилган.
Фарғонадаги “Genesis Trade Group” ширкати 10 май куни 16646 тонна гилосни Қирғизистонга 70579 АҚШ долларига экспорт қилди, деб ёзилган.

Қирғизистон божхонасига тақдим этилган яна бир инвойсда эса, тўрт баравар паст нарх, яъни 25069 АҚШ доллари келтирилган.

Қирғизистон божхонасига тақдим этилган яна бир инвойс.
Қирғизистон божхонасига тақдим этилган яна бир инвойс.

(Инвойс сотувчи томонидан харидорга бериладиган ҳужжат бўлиб, унда товарлар миқдори ва баҳоси, хусусиятлари (ранги, вазни кабилар) жўнатувчи ва қабул қилувчи тўғрисида информация каби маълумотлар бўлади - таҳр.)

Фарғонадаги “Genesis Trade Group” ширкати гилосни икки инвойсда импорт қилганини кескин рад қилди.
Фарғонадаги “Genesis Trade Group” ширкати гилосни икки инвойсда импорт қилганини кескин рад қилди.

Гилос экспортига оид ҳужжатлардаги номутаносиблик юзасидан Озодлик Фарғонадаги “Genesis Trade Group” ширкатига боғланди.

Ўзини "ширкат раҳбарларидан бири", деб таништирган тадбиркор гилос Қирғизистонга “Ўзагроэкспорт” белгилаган меъёрда сотилганини қайта-қайта такрорлаш билан чекланди.

- Биздан маҳсулот қонун бўйича чиқиб кетаяпти.“Ўзагроэкспорт” белгилаган минимум нарх бор. Биздан шу нархда экспорт қилинаяпти. Мен Ўзбекистондан чиқиб кетаётган гилосга жавоб бераман, ҳамма ҳужжатлар бор менда. Қирғизистонда нима қилинди, бу савол менга эмас, - деди “Genesis Trade Group” ширкати вакили.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Ахборот хизмати мулозими Озодлик саволларини эшитгач, бу саволларга жавоб беришга ваколатли эмаслигини айтиш билан чекланди.

Озодлик Ўзбекистондан Қирғизистонга гилос икки хил инвойсда олиб ўтилгани иддаолари юзасидан Қирғизистон Божхона қўмитаси матбуот хизматидан изоҳ сўради.

Матбуот хизмати раҳбари Жаманақ Мурзақанов бу ҳолатни ўрганиб, кейинроқ изоҳ беришини айтди.

Озодликнинг аниқлашича, гилос шубҳали схемалар билан Қирғизистоннинг Қизилқия божхона пункти орқали Боткен туманига олиб ўтилган.

Озодлик Қирғизистоннинг Қизилқия божхона пунктига боғланганида, божхона мулозими ўзбекистонлик тадбиркорлар тарафидан икки хил инвойсда қишлоқ хўжалиги махсулотини олиб ўтишга уринишлар бўлишини инкор этмади:

- Биз гилоснинг килосини 4,24 доллар нархда расмийлаштириб ўтказамиз. Сохталаштирилган ҳар хил инвойсларда олиб келишади, тўғри, лекин биз "Ўзагросаноат" белгилаган меъёрларга амал қиламиз, - деди Қирғизистон божхона мулозими.

Ўзбекистон божхоначилари аралашган бундай схема Ўзбекистондан мева-чева экспорти учун хос умумий ҳолатми?

Шахсини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган мева экспортёрларидан бири бундай ҳолат одатий тус олганини айтди.

Ҳукумат қароридаги бу туйнукдан божхоначилар манфаатдор эканини иддао қилади.

‘Ўзагроэкспорт” расмий веб сайтида гилос мевасининг 18+, 24+, 26+ калибрли тоифалари килосинининг эскпорт нархи 4,45 доллардан 5.12 долларгача қилиб белгиланган.

“Ўзагроэкспорт” АЖнинг Озодлик суҳбатлашган вакили маҳаллий истеъмол бозорини ҳимоялаш учун гилоснинг қўшни давлатларга экспорт нархи бу йил шундай белгиланганини айтди.

- Шундан паст нархга гилос четга экспорт қилинмаслиги керак, чунки ўзимизнинг истеъмол бозоримиз ҳам бор. Ҳозир гилоснинг эскпорт нархи 4,45 доллардан 5.12 долларгача қилиб белгиланган. Ҳеч ким шундан паст нархда гилосни четга сотолмайди, - деди "Ўзагроэкспорт" вакили.

Ўтган йили бу меъёр 2 доллар атрофида эди.

- Дунё бозори коньюктурасидан келиб чиқиб, экспорт нархи белгиланяпти, - дея қўшимча қилди "Ўзагроэкспорт" вакили.

Ўзбекистонда гилоснинг эскпорт нархи ҳар килосига 4,45 доллардан 5.12 долларгача қилиб белгиланган.
Ўзбекистонда гилоснинг эскпорт нархи ҳар килосига 4,45 доллардан 5.12 долларгача қилиб белгиланган.

Чет давлатларга ҳўл мева экспорт қилиш билан шуғулланувчи ўзбекистонлик бошқа бир тадбиркорнинг Озодликка айтишича, ‘Ўзагроэкспорт” белгилаган меъёрни четлаб ўтиш ва қўшни давлатларга олиб кирилганда камроқ бож тўлаш учун экспортёрлар маҳсулотни икки хил инвойсда четга сотиши аввалдан мавжуд.

- “Ўзагроэкспорт” белгилаган нархлар экспорт бозорларида қайд этилган нархлардан кескин баланд. Қадоқлаш ва божхона тўлови харажатлари билан ҳисоблаганда 4 долларлик гилос Россия бозорига 10-14 долларгача нархларда кириб боради. Қирғизистонга сотилган гилос Россия ёки Хитойга кетадиган гилосдир аслида. Хориждаги бож тўловларини пасайтириш учун икки хил инвойс қилинади. Бир инвойсда, айтайлик, гилос 4 доллар, бу Ўзбекистон учун, гилосни “Ўзагроэкспорт” меъёри асосида сотаяпмиз, дейиш учун. 15 доллар қилиб белгиласа ҳам бундан экспортёр Ўзбекистонга бож тўламайди. Яна бир инвойсда гилос 1 ярим доллар, бу қўшни давлат божхонаси учун. Камроқ бож тўлаш учун, бож шу 1 доллардан тўланади. Бу божни экспортёр тўлайди. Бу жиҳатлар экспортёр томонидан импортёр ва божхонадагилар билан олдиндан келишиб қилинади. Ўзбекистон қўшни давлатлар билан инвойс маълумотлар билан алмашиш ҳақидаги битимни имзоламаган. Шунинг учун буни аниқлаш қийин, - дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

Қирғизистонлик иқтисодий эксперт Эркин Турғунбоев Бишкек бозорида килоси 1 ярим доллар турадиган гилоснинг Қирғизистонга 4 доллардан зиёдроқ нархда импорт қилишни ўзи мантиқсизлик эканини айтади.

- Биринчидан, Қирғизистонда 4 доллардан гилосни ҳеч ким олмайди. Бишкекнинг энг қиммат бозорида килоси 1 ярим доллар. Демак бу гилоснинг охирги манзили Қирғизистон эмас. Шимолий Қозоғистон ёки Россия бўлиши мумкин. Биласиз, Қирғизистон Россия ва Қозоғистон бирга ягона божхона иттифоқининг аъзоси ҳисобланади. Қирғизистондан Қозоғистон ва Россияга олиб кириладиган мол учун бож олинмайди. Ўзбекистондан Қирғиистонга кирганда 12 фоизлик бож тўланади. Шу 12 фоизлик божни камроқ тўлаш учун ҳам божхонага камроқ нарх ёзилган инвойслар кўрсатилиб, олиб ўтилаётган бўлиши мумкин, - дейди қирғизистонлик эксперт.

Бу схемадан ким зарар кўради?

Мева савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорга кўра, Ўзбекистондан белгиланган тартибда бир инвойс билан хорижга экспорт қилувчилар юқори божлар сабабли маҳсулотларининг рақобатбардошлигини йўқотади.

Ўзбекистондан Россияга гилос экспорт қилувчи тадбиркор Озодлик билан суҳбатда бу масалага Тошкент ҳукумати жиддий эътибор каратиши кераклигини айтади.

- Биз Россияга 10 минг долларлик бож тўлаб гилос олиб келсак, кимлардир бу меъёрларни четлаб, қонунларни бузиб Қирғизистон орқали Россияга олиб ўтиб, маҳсулот нархини тушириб, бизни касод ёқасига олиб келаяптику, ҳукумат шу масалага эътибор берса, шуни назорат қилса бўлар эди, - деди ўзбекистонлик гилос экспортёри.

Телеграм тармоғидаги "Экспортга амалий кўмак" гуруҳида бир гуруҳ қирғизистонлик импортёрларнинг Ўзбекистон Божхона қўмитаси раҳбариятига мурожаати эълон қилинди.

"Биз Ўзбекистондан чиқиб келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳар бир экспортёр томонида ҳар-хил нархларда чиқаётганидан ташвишдамиз. Масалан¸ гилос бизнинг экспортёр орқали тоннаси 4260$, ўрик 1325$ дан чиқаяпти Лекин айрим фирибгар экспортёрлар орқали чиқса гилос 920$, ўрик 600$ чиқаяпти. Биз Ўзбекистон давлатига ишонамиз. Ё ҳамма учун нархлар арзонлашсин ёки ўша бир-иккита криминалларга Ўзбекистон чора кўрсин", - дейилади мурожаатда.

Тадбиркорга кўра, ҳўл меваларга қўйилган минимал экспорт нархлар гўё ички бозорни ҳимоя қилиш учун жорий қилинган эса-да, аслида ўзбек божхоначилари учун "охур" бўлиб қолмоқда.

"Бу меъёр бекор қилинса ҳам ички бозор гилоссиз қолмайди", - дейди Озодлик билан суҳбатлашган тадбиркор.

"Мамлакатга валюта олиб келадиган экспорт туфайли ўзимизнинг истеъмолчиларимизга гилос етишмай қолса¸ деҳқонлар келаси йиллари кўпроқ етиштира бошлаши бозор иқтисодиётининг оддий қонунику!" дейди бу тадбиркор.

“Ўзагроэкспорт” маълумотига кўра, бу йил Ўзбекистонда 140 минг тоннадан зиёд гилос ҳосили кутилмоқда.

Асосан¸ Россия ва Хитой ўзбек гилосининг харидори ҳисобланади.

Расмий статистикага кўра¸ 2018 йилнинг 20 майигача Ўзбекистондан қиймати 30 миллион долларлик 7 минг тоннадан зиёд гилос экспорт қилинган.

Ўтган йили Ўзбекистон 7,5 миллион долларлик 2 минг 516 тонна гилос экспорт қилган.

Ўзбекистон йил охиригача 1 ярим миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилиш ниятида.

“Ўзагроэкспорт” маълумотига кўра, Ўзбекистон шу йилнинг май ойида умумий нархи 150 миллионлик 120 минг тоннадан зиёд қишлоқ-хўжалиги маҳсулотини четга чиқарган.

2018 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистондан 115,9 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинган ва бу ўтган йилдагига қараганда қарийб икки баравар кўпдир.

Ўзбекистон мева-сабзавотининг асосий харидори Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Туркия, Покистон ва Эрондир.

XS
SM
MD
LG