Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Танасидан 16 та игна топилган бола I даражадаги кома ҳолатида қолмоқда


Танасидан 16 та игна топилган фарғоналик 11 ойлик чақалоқ биринчи даражали кома 1 ҳолати эканлиги тўғрисида Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази шифокорлари Озодликка 25 январь соат 13 га яқин маълум қилди. Бир кун аввал бола ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги хабарлар Интернет тармоғида тарқалган эди.

Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази шифокорлари чақалоқнинг аҳволи оғирлигича қолаётгани, лекин унинг ҳаёти учун курашаётганликларини айтишди.

- Бола тирик, лекин кома-1 ҳолатида. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони кам, - деди марказ шифокорларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ўтган ҳафта 11 ойлик чақалоқ танасидан 16 дона пўлат игна топилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган эди.

Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган бола жарроҳлик столига ётқизилди, игналардан 13 таси олиб ташланди.

Қолган 3 дона игнани келгуси жарроҳлик амалиётида чиқариб олиш режалаштирилган.

Марказ шифокорининг Озодликка айтишича, пўлат игналар бола танасида 2 ой муқаддам пайдо бўлганлиги аниқланган.

Улар боланинг йўғон ичак қисмида, сийдик қопи, кўкрак қафасида, боланинг бўйин қисмида, умуртқа поғонасида, юрак остида топилган.

Игналар боланинг танасига қандай киргани маълум эмас.

Шифокорлар 11 ойли чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай йиртиқ аломати топилмаганини айтишмоқда.

- Игналар тана ташқарисидан, онгли равишда терига тиқилган бўлиши мумкин, лекин бу тергов давомида аниқланса керак, - деди марказ шифокори.

Айни дамда Фарғона вилояти прокуратураси мазкур ҳолатни тергов қилмоқда.

Боланинг отаси ҳеч нарса билмайди, онаси терговда

Танасидан игна топилган боланинг ота-онаси Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан.

Яқиндагина Россиядан қайтиб келганини айтган ота Озодлик билан суҳбатда игна ўғлининг танасига қандай кириб қолгани ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.

- Билмайман, ҳеч нарса билмайман, мен яқиндагина Россиядан келдим, - дея гапни қисқа қилди Озодлик билан суҳбатда боланинг отаси.

Боланинг онаси терговда экани боис бу билан суҳбатлашиш имкони бўлмади.

Озодликнинг аниқлашича, 22 декабрда боланинг иситмаси чиқиб, аҳволи оғирлашгач, онаси уни табиб қариндошиникига олиб борган.

Ашурали исмли қариндоши болани аҳволини кўргач уни Марғилондаги касалхонага олиб боришни тавсия қилган.

Марғилон тиббиёт бирлашмасида боланинг танасида игна борлиги аниқлангач, у зудликда Тошкентдаги Врачлар малакасини ошириш институти касалхонасига, у ердан эса Республика шошилинч тиббиёт марказига юборилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларига кўра, улар тадқиқот ўтказиб, игналар боланинг организмида бир ярим-икки ой давомида бўлганини аниқлаганлар.

XS
SM
MD
LG