Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

“Пиёз иши” фигурантларидан бири ўзини ўзи ўлдирганига яқинлари ишонмаяпти


"Тоштурма" номини олган Тошкент қамоқхонаси.
"Тоштурма" номини олган Тошкент қамоқхонаси.

Тошкентдаги "Пиёз иши" доирасида ўтказилган тергов давомида йирик растратада айбланиб, қамоққа олинган “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев, яқинларининг иддао қилишича, тергов изоляторида қийнаб ўлдирилган.

Озодлик билан мулоқот давомида улар Дилшод Абдуллаевнинг қийнаб ўлдирилгани¸ кейин “ўзини осди”, деб расмийлаштирилганини иддао қилди.

Бош прокуратура Абдуллаевга нисбатан рухсат этилмаган ҳеч қандай методлар қўлланилмагани, "у ўз жонига қасд қилгани”ни билдирди.

12 ноябрь куни 1-сонли Тошкент тергов изоляторидан ўлиги чиққан “Чилонзор буюм савдо комплекси”нинг капитал қурилиш бўлими бошлиғи Дилшод Абдуллаев яқинларининг даъво қилишича, аввалига қийнаб ўлдирилган¸ кейин эса “ўзини осди”, дея расмийлаштирилган.

“11 ноябрь кечки пайт қийнаб ўлдириб қўйишган. Кейин ўзини осган қилиб инсценировка қилишган”, - деди марҳумнинг ўз исми очиқланмаслигини сўраган қариндоши.

Лекин, бу ҳақда қаердан билиши ҳақида сўралганида суҳбатдош аниқ жаоб беролмади.

“Дилшод акамни ўзини осишига мен ишонмайман. Айбни бўйнига қўйиш учун уни қийнаб ўлдиришган, баданида қийноқ белгилари бор эди”, - деди Дилшод Абдуллаевнинг қариндоши.

Лекин, Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликнинг 13 ноябрь кунги сўровига жавобан “Абдуллаевга нисбатан рухсат этилмаган ҳеч қандай методлар қўлланилмагани, у ўз жонига қасд қилгани”ни билдирди.

Айни чоғда Бош прокуратурага ҳам марҳум тергов ҳибсхонасида сақланаётган бир пайтда, қандай қилиб ўз жонига қасд қилгани ва қандай воситадан фойдалангани номаълум.

“Д.Абдуллаевнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан текширув олиб борилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси билдирувида.

Бош прокуратурага кўра, экспертиза хулосасида 43 ёшли Дилшоднинг ҳеч қандай руҳий касалликдан азобланмаётгани ва руҳий касалликлар рўйхатига қўйилмагани маълум бўлган.

“Чилонзор буюм савдо комплекси” АЖ Капитал қурилиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Дилшод Абдуллаев шу йилнинг август ойида Тошкентдаги йирик бозорларда ўтказилган рейд пайти бозорнинг бошқа раҳбарлари қатори йирик растрата йўли билан талон-тарож қилиш ишида айбланиб, қўлга олинганди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми “а” банди, 168, 210 ва 211-моддаларда назарда тутилган жиноятлар бўйича иш қўзғатилганди.

Абдуллаевнинг тергов изоляторидаги шубҳали ўлими юзасидан Озодлик Ўзбекистон Жазони ижро этиш муассасаси раҳбариятидан изоҳ ололмади.

Яқинларининг Озодликка айтишича, Дилшод Абдуллаев 13 ноябрь куни Тошкентда дафн этилган.

Пиёз иши

Шу йилнинг август ойида пиёз иши доирасида ​Тошкентда 11 бозорқўм ҳибсга олинган эди.

Бош прокуратура билдирувига кўра, бозорлар раҳбарлари, жумладан, “Ўрикзор” бозори раҳбари давлат заҳирасидаги пиёзнинг чириб кетгани учун очилган жиноят иш доирасида қўлга олинган.

Дастлаб пиёз можароси сабаб очилган жиноят иши кейинчалик қўлга олинган бозорлар раҳбарларининг фаолиятини тафтиши билан давом эттирилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати сентябрь ойи бошида пойтахтдаги ҳибсга олинган бозор раҳбарлари пиёз можаросидан ташқари яна бир қатор иқтисодий жиноятларда айбланаётганини маълум қилди.

Ушбу жиноят иши доирасида сентябрь ойида Тошкентдаги собиқ “Ипподром”¸ ҳозирги “Чилонзор буюм савдо комплекси”да ҳам текширув ўтказилиб, бозор фаолияти тафтиш қилинган бозор раҳбарлари ҳибсга олинган эди.

Қийноқлар тўхтатилсин!

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йили ҳукумат мажлисида тергов жараёнида қийноқ қўллаган шахслар, "ким бўлишидан қатъий назар, муқаррар жавобгарликка тортилишини айтган.

2017 йил, 7 декабрь куни Констутициянинг 25 йиллигига бағишланган нутқида Мирзиёев: "Бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилади", - деб айтган эди.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ҳам ҳибсхоналарда қийноқлар тўхтатилишини талаб қилиб кеоади.

Аммо уларга кўра, амалда вазият ўзгаришсиз қолган.

Тергов ҳибсхоналарида қийноқлар ҳақида Озодликка Мирзиёевнинг чиқишидан кеййин ҳам шикоятлар келишда давом этмоқда.

13 ноябр куни Озодлик Навоий шаҳридаги 46-сонли тергов изоляторида фирибгарликда гумонланиб ушлаб турилган маҳбус қийноққа солиниши ортидан томирини кесиш орқали ўз жонига қасд қилмоқчи бўлгани ҳақда хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG