Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Уриш, сўкиш, "тўн йиртиш" пахта сиёсатини юритишнинг асосий усуллари бўлиб қолмоқда


Президент Мирзиёев 12 октябрь куни Бўка туманига бориб қайтиши ортидан Тошкент вилоятидаги 5 та туман ҳокимининг 2 ойлик маоши кесиб ташланди. 14 октябрда эса, пахта терими вақтидаги сусткашликлари учун 10 дан ортиқ туманда прокурорлар, 10 дан ортиқ туманда ИИБ бошлиқлари ишдан кетди, солиқчилар орасида эса ишдан олинганлар сони кўпроқ.

Шундай қилиб, амалдорлар жазоланди - “тўни йиртилди”. Ўзбек амалдорининг фантазияси бой. Жазонинг турфа турини топади. Қозончининг эрки бор, қайдан қулоқ чиқарса, дейдику! Тўннинг – қадрнинг кўриниши ҳам турфадир.

Мана бу йилги пахта мавсумида келган хабарлардан олинган айрим мисоллар:

Тўн – амал, иш жойи

Шовот туман ҳокими маҳалла раисларига “Фуқароларни пахтага чиқарасан! Бўлмаса аризангни ёз!” деб зуғум қилди.

ТошГРЭС директори ишчиларни мажбуран пахта теримига ҳайдади. Қаршилик қилганлар ишдан ҳайдалади.

Жиззах марказий деҳқон бозорида пахтага мажбурий пул йиғиш бошланди. Норози бўлганлардан дўконни бўшатиб қўйиш талаб этилди.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари ходимларни ишдан бўшатиш, хизмат текширувлари ўтказиш билан қўрқитиб, пахтага 50 та одам топасан деб талаб қилди.

Пахта терими вақтидаги сусткашликлари учун 10 дан ортиқ туманда прокурорлар, 10дан ортиқ туманда ИИБ бошлиқлари ишдан кетди, солиқчилар орасида эса ишдан олинганлар сони кўпроқ.

Тўн – газ баллон

Шовот туман ҳокими теримга чиқмаган оилаларни газ баллони ва кўмирдан маҳрум қилди”.

Тўн – мавҳум таҳдид

Бухоро шаҳри солиқ идораси ходимлари дўкон эгаларига “Пахта теримига чиқмасангиз ёки ҳашарчи ёллаб бермасангиз, муаммо бўлади” деб таҳдид қилди.

Хўжайли туманида пахта муносабати билан МФЙ ва ОФЙ раислари, посбон, котиб ва профилактика инспекторларига раҳбарлар “қандай чиқарсанг чиқар!” деб талаб қилди.

Ўзбекистон ИИВ академияси курсантлари фуқаро кийимида пахтага олиб кетилди. Ким 100 килолик нормани термаса Ички ишлар вазири номига тушунтириш хати ёздириш билан таҳдид қилинди.

Тўн - сиёсий таҳдид

Жиззах шаҳри Кимёгар маҳалласи раиси тадбиркорлардан пахтага деб кунига 30 минг сўмдан пул талаб қилди. Эътироз билдирганларга раис “Пахта сиёсатига қарши чиқаяпсан! Солиққа айтаман, хонавайрон қиламан”, деб қўрқитди.

Тўн – мукофот пули

Бухоро вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими ходимларига теримга оддий фуқаро кийимида бориш, биров сўраб қолса “ўз ихтиёримиз билан теримга келдик” деб айтиш тайинланди. Теримга чиқмаганлар мукофот пулидан маҳрум этилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Тўн – маош

Пахта теримида сусткашликка йўл қўйгани учун Бўка туман ҳокими Нўмонали Избосаров, Пскент тумани ҳокими Абдусамат Акбаров, Бекобод туман ҳокими Неъмат Абдуллаев, Янгийўл туман ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ва Чиноз туман ҳокимини икки ойлик маошларидан маҳрум қилинди.

“Қишлоққурилишбанк”нинг Беруний филиали ходимлари ойлик маошидан пахта терими учун 450 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда. Қолаверса, ҳар бир ходим кунига ўз ҳисобидан иккита теримчи ёллашга мажбурланмоқда.

Тўн – озодлик

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида фермерларни “вазир келади” деб туман ҳокимияти залига қамаб қўйишди. Эшик олдида ИИБ ходимлари туриб олган. Соат 12 да зўрға қочиб чиқишди.

“Тўн йиртиш”дан ташқари уриш ҳам сўкиш ҳам бор

Ангор тумани “Наврўз” маҳалласи участка профилактика инспектори¸ Илҳом Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда маҳалла раисини айблади:

- Маҳалла раиси мени “Онангни с...ай” деб ҳақоратлади. Бақириб чақирди. Устимга бостириб келиб менга ташланди. Мен пахта теримини ташкил қилиб юрган давлатнинг вакили сифатида расман ҳақорат нишони бўлдим.

Ангор тумани “Наврўз” маҳалласининг раиси Абдуназар Зоиров Озодлик билан суҳбатда милиция ходими уни ўласи қилиб уриб¸ тепкилаб ташлаганлигини айтди:

- Мен пахтага чиқарган одамларни ўзини ҳисобига ëзяпти мен чиқардим деб. Ëзма¸ десам ҳам ëзяпти ўзини ҳисобига. Кейин менга қараб¸ “Пошёл на х...й”, деди. Ўзи кичик ўғлим қатори. Менга қараб¸ "Cен бу ëққа кел"¸ деди. Кейин калламга бир мушт туширди. Икки қўли билан мени ушлаб туриб қорнимга тепди. Кейин ҳам орқамдан¸ ҳам олдимдан муштлаб ташлади.

***

Ўзбекнинг “Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт” нақлидаги тўн ўзининг актуаллигини йўқотганига анча бўлди. Шу кунда ўзбек тўнининг бирон жойини мих-пихга илиб олса, ташлаб юбориб, янгисини кийиб олаверади.

Бир неча асрни қўятурайлик, бир асргина олдинги аҳволни эслайлик. Абдулла Авлоний ўзининг “Афғон саёҳати”да 1919 йили Ховосда кўргани манзарани бундай тасвирлаган эди:

“16-июнда кеч соат 8 да келуб Хавос истансасида қолдук. Йўлларда бў(л)сун, истансаларда бў(л)сун, яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора мусулмон хотин-қизлари, ёш-ёш болалар кўрилурди. Албатта, илмсиз ва тарбиятсиз, аҳволи оламдан хабарсиз мусулмонларнинг ҳол-аҳволлари биргина Ўрта Осиё йўлинда эмас, бутун Туркистоннинг ҳамма ўлкасинда шўйла фано ва аянч ҳолда эканлиғин ҳеч ким инкор қилмайди… “

Мана шундай вазиятда, албатта, камбағални уришнинг ҳам, сўкишнинг ҳам ҳожати йўқ – тўнини йиртиб қўйсангиз, бас.

Авлонийнинг “Афғон саёҳати” ёзилганидан бери 100 йил ўтди. Бугун “яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора” ўзбек йўқ. Кийимни ўзбекнинг ўзи тикяпти, етмаганини Хитою Туркиядан опкеляпти.

Абдулла Авлоний бундан 100 йил муқаддам ўзининг “Афғон саёҳати”да Ховосдаги аҳволни тасвирлар экан, йиртишга тўни йўқ ўзбекнинг “яланғоч, авротлари очуқ, кийимлари пора-пора” эканлигида “рус товаришларни” айблаган эрди:

“Бизим Туркистонда ҳар ерда ҳозирда иш бошин-да ўлтурган рус товаришларимизнинг ўзлари иш бошиға ўлтуруб олуб, ўзлари ошалаб, биз мусулмонларга ялатувларининг натижасидур”.

Бундан 30 йил олдин Авлонийнинг авлодлари – демократлар ҳамда Авлонийни тан олмаган, "демократ"га айланаётган коммунистлар ўзбек ўз тўнига ўз пахтасини қалин сололмагани учун коммунистларни айблаган эди.

Бугун ўзбекнинг тўни бор. Лекин қадри 100 йил олдинги аждодининг йиртиқ тўнидай “пора-пора, яланғоч, авротлари очуқ”.

Хўш, энди кимни айблаймиз, Авлоний домла?

XS
SM
MD
LG