Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:20

Тошкент суди аэропортда тўхтатилган “сирли асарини" вақтинча мусодара қилишни буюрди


Рембрандт чизгани даво қилинаётган асар
Рембрандт чизгани даво қилинаётган асар

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди судьяси Темур Қосимов ҳакамлигида жорий йил 7 ноябрида бўлиб ўтган маҳкама қарорига кўра¸ қимматбаҳо дея иддао қилинаëтган график асар далилий ашë сифатида суд ҳукм чиқаргунга қадар мусодара қилинди.

Бундай чора кўрилган асар жорий йилнинг 14 июнида Тошкент халқаро аэропортида Исроилга учиб кетаëтган йўловчи жомадонидан топилиб, контрабанда сифатида мусодара қилинган эди.

Асар контрабандаси билан боғлиқ жиноят ишини Тошкент шаҳар Яккасарой туман ИИБ терговчиси Александр Югай тергов қилган.

"Рембрандт меники"

Тошкентлик 50 яшар мухандис, Ўзбекистон ватандоши Андрей Плужников Озодлик билан 11 ноябрь кунги суҳбатда “ Суд мусодара қилган ва Рембрандга оид камида 5 миллион евро турадиган асар меники эди”, деб иддао қилди.

Андрей Плужников
Андрей Плужников

Суҳбатдошга кўра¸ “Рембрандт асарини ундан Комил Йўлдошев исмли олибсотар фирибгарлик йўли билан олиб кетган”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили эса¸ “Йўлдошев бу асарни Плужниковдан сотиб олгани ва унинг ҳатти-ҳаракатида фирибгарлик аломати аниқланмаганлигини” билдирди.

Суд Рембрандтники дея иддао қилинаëтган асар тақдири борасида ҳукм ўқишни маҳкаманинг кейинги мажлисига қолдирди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги бадиий экспертиза комиссияси “асар Рембрандт мактабига мансуб бўлиш эҳтимоли боис бадиий-тарихий қийматга эга“, деган мазмундаги дастлабки хулосани терговга тақдим қилган.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган санъатшунослар Тошкент суди кўриб чиқаëтган асарнинг Рембрандт қаламига оид эканлигига жиддий шубҳа билдиришди.

Рембрандтга оид мўъжаз қаламтасвир асарларнинг нархи кимошди савдосида 12 миллион еврогача бориши мумкин.

Берлиндаги асар Тошкентга қандай қилиб келиб қолди

Тошкентлик тасвирий санъат мунаққидлари коллекционер Николай Плужниковни яхши эслашади. Ўзбекистон ички ишлар органларида 1953 йилдан бошлаб ишлаб пенсияга чиққан бу Иккинчи жахон уруши фахрийси коллекциясида рус ва ғарбий Европа рассомлари асарлари борлигини кўпчилик биларди. Бир неча бор коллекционер уйида меҳмон бўлган тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда Плужниковнинг бисотида трофей (Уруш тугагач Европадан олиб келинган ашё) асарларни кўрганини айтади:

- Мен Николай Федорович ўлимидан сал олдин коллекцияни кўздан кечиргандим. Ўртамиëна асарлар эди. У киши ўз бисотида Рембрандт борлиги ҳақида ўлимидан олдин ўғлига айтиб берибди. Аммо мен,тўғриси, ишонмадим,- дейди меъмор.

Жиноят ишига тиркалган расм
Жиноят ишига тиркалган расм

2004 йил оламдан ўтган коллекционернинг ўғли 50 яшар Андрей Плужниковнинг Озодликка айтишича¸ отаси ўлимидан уч кун олдин унга ўз бисотида “Рембрандт” борлигини айтган:

- Отам мени чақириб ëғоч қути ичидаги қоғозга ғоз пати билан қора бўëқда чизилган расмни кўрсатди. "Энг қиммат асар бу", деди. Отам бу асарни 1945 йилда Германиянинг Берлин шаҳрини ишғол қилган пайтда ўлжа сифатида олган экан. Асарнинг орқасидаги ëзувлардан билинишича, у 1940 йили Германияга олиб келинган. Бу ҳақиқатан ҳам Рембрандт асари экани ҳақида Ўзбекистон Маданият вазирлиги экспертиза хулосаси бор, - деди суҳбатдош.

Жиноят ишига тиркалган расм
Жиноят ишига тиркалган расм

Озодликда Ўзбекистон Маданият вазирлиги хулосаси йўқ. Айни жиноят ишига оид тергов ҳужжатларида шундай хулоса борлиги айтилади. Озодлик суҳбатлашган Маданият взаирлиги ходими¸ гап асар мусодара қилинган пайтда бериладиган дастлабки хулоса ҳақида кетаëтганлигини айтди.

"Рембрандтни пуллаш"

"Асарнинг жаҳон бозоридаги нархи 12 миллион евро эканлигидан" хабар топган Андрей Плужников уни реализация қилиш учун санъат асарлари тижорати билан шуғулланадиган Комил Йўлдошевга 2014 йилда беради. Плужников асарни қўлдан қўлга бераëтган пайтда таниқли реставратор Дилшод Азизов ҳам гувоҳ бўлган

Плужниковга кўра¸ ўшандан кейин “Йўлдошев горизонтдан ғойиб бўлган”:

- Мен фирибгар қурбони бўлганим ҳақида ИИБ ва прокуратурага шикоят қилдим. Жиноят иши очилди. Мен бу жиноят ишида жабрланувчи мақомида эдим. Асар 2018 йил 14 июнь куни Исроилга учиб кетаëтган Рафаэль Фузаилов багажидан чиқди. Мусодара актига Бош прокуратуранинг 18- тергов бошқармаси бошлиғи Мухамеджанов имзо чеккан¸ - деди суҳбатдош.

Плужников иддаосига кўра¸ аввалига прокуратура ходимлари ва терговчи “асарга паст назар билан қараб, бу нима каляка-маляка? Мен ундан яхшироқ чизаман” деган:

- Маданият вазирлигидан келган эксперт унга қараб¸ буни Рембрандт чизган. Агар Рембрандт қоғозга нуқта қўйган бўлса ҳам миллион доллар туради, деганидан кейин муносабат ўзгарди,- дейди Плужников.

Суҳбатдошга кўра¸ “сирли сабабларга кўра, асарни сотиш учун воситачи бўлган Йўлдошев оқланган ва Плужников жабрланувчи мақомидан гувоҳ мақомига ўтказилган".

- Энг муҳими менга ота мерос бўлган асарни беришмаяпти,- деди Плужников.

Расмий нуқтаи назар

Ўзбекистон Бош прокуратасининг Озодликка билдиришича¸ мавжуд иш назоратга олинган:

“Мазкур саньат асари билан боғлиқ жиноят иши тергови тамомланиб, иш хозирда судда кўрилмоқда. Лекин иш ҳолатлари бошқача бўлган. Плужников асарни Йулдошевга ўз ихтиëри билан сотган, Йулдошевнинг ҳаракатида фирибгарлик аломатлари аниқланмаган, ҳозирда судда музокаралар босқичи кетмоқда. Асар контрабанда йўли билан Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилмоқчи бўлган. Ҳозир бу асар суд хукмига қадар вақтинча мусодара қилинган. Эндиликда, суд ўз хукмида жиноят иши бўйича далилий ашё сифатида асарнинг тақдири билан боғлик қарор қабул қилади”, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Ҳақиқий Рембрандтми?

Озодлик Рембрандтга нисбат берилган асар фотонусхасини Женева¸ Берлин¸ Қуддус ва Париждаги санъатшунос ва рассомларга кўрсатди. Аксар санъатшунослар асарнинг фотонусхасига қараб экспертиза қилиш мушкуллигини айтишди. Парижда истиқомат қилаëтган рассом Сергей Игнатьев масаланинг икки жиҳатига эътибор қаратди:

- Рембрандтнинг барча мойбўëқ¸ офорт ва қаламтасвир асарлари 1940 йилгача рўйхат қилинган. Бу асар шу рўйхатда борми ëки йўқми - шуни аниқлаш керак. Иккинчи жиҳат: Рембрандтнинг жуда кўп қаламтасвир асарларининг сохтасини чизиб сотишган. Бу сохталаштириш 1940 йилда ҳам бўлган. Нима бўлганда ҳам Амстердамдаги асосий экспертиза комисcияси сўнг сўзини айтмагунча биз бу асарни Рембрандники дея айта олмаймиз¸ деди рассом.

Рембрандт яратган асарлар дунë музейларидан ўрин олган
Рембрандт яратган асарлар дунë музейларидан ўрин олган

XS
SM
MD
LG