Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

70-йилларда Ўзбекистонда қуëш энергияси илмига асос солган олим нега унутилди?


Академик Ғиëс Умаров (1921-1988)
Академик Ғиëс Умаров (1921-1988)

Озодлик фотосуратчиси 38 яшар Амос Чапл ўтган ой охирида Тошкентга сафар қилиб, совет даврида Паркент туманида бунëд қилинган уникал қуëш энергияси тизимини бориб кўрди.

Чапл “Қуëш сандони” деб аталадиган бу тузилма олдига 1988 йили ўрнатилган СССР фанлар академияси мухбир аъзоси Ғиëс Умаров (1921-1988) ҳайкали ва девордаги ëзувлар олиб ташланганини кўрди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон фанлар академияси мулозимлари машҳур академик олимни эсламасликка уринишди. Академия вакиллари физик олим Ғиëс Умаровнинг 100 йиллик таваллудига оид бирорта тадбир режаланмаганини айтишди. Академик олим Ғиëс Умаров илмий ғояси асосида 1986 йилда қурилган “Қуëш сандони” ўша даврда дунëдаги иккинчи қурилма эди (биринчиси Францияда қурилган-таҳр.).

Тошкент вилояти Паркент туманидаги "Қуëш сандони"
Тошкент вилояти Паркент туманидаги "Қуëш сандони"

Академик Ғиëс Умаровнинг ўғли Каримов даврида тузилган "Серқуëш Ўзбекистон" мухолифат коалицияси лидери, собиқ сиëсий маҳбус, шу кунда АҚШда муваффақиятли тадбиркор сифатида танилган Санжар Умаровдир.

Озодлик билан суҳбатда Санжар Умаров Тошкентни дунëга танитган академик отаси Ўзбекистонда унутилаëтганидан таассуф билдирди.

Умаровга кўра¸ отасининг “Қуëш физикаси” институти олдидаги бюсти 2006 йили Каримов буйруғи билан олиб ташланган:

- Мен ўша йили сиëсий фаолиятим боис қамалиб кетдим. Қамалганим ортидан отамнинг ҳайкали олиб ташланди. Умаров номидаги кўча ва гузар бор эди. Улардан ҳам отам номи олиб ташланди. Умуман отамни унуттириш¸”бундай олим умуман бўлмаган” деган фикрни устувор қилиш учун чандон уринишди. Аммо отам асос солган гелиотехника илмий марказлари ишлаб турибди. Отам ўз илми билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган.

Академик Умаровнинг бу ҳайкали 2006 йили олиб ташланган
Академик Умаровнинг бу ҳайкали 2006 йили олиб ташланган

Умаровга кўра¸ бир вақтлар илм-маърифат маркази бўлган Тошкент бугунга келиб жоҳил бошқарув боис таназзулга юз тутган:

- Аниқ илм-фан¸ яъни қуëш физикаси билан шуғулланган олимлар унутилиб¸ ҳар хил чўпчакчилар улуғланаëтган¸ илмга алоқаси бўлмаган марказлар қурилаëтгани тушунарсиз бир давр¸ дейди олимнинг ўғли.

Академик Умаров қуëш сандонини синаш пайтида
Академик Умаров қуëш сандонини синаш пайтида

Жорий йилнинг 28 февраль куни Тошкентга борган Озодлик фотомухбири Амос Чапл Мирзиëев даврида қурилган “Муз саройи” ëки қурилаëтган “Ислом цивилиацияси” марказига эмас¸ балки академик олим Ғиëс Умаровнинг гелиотехника ғояси асосида қурилган маҳобатли иншоот “Қуëш сандони”ни кўришга ошиқди:

- Бу улкан қурилма мен учун мўъжиза каби эди. Тошкент аэропортидан шаҳарга кетаëтиб таксичига “Қуëш сандони”ни кўриш режамни айтдим. Таксичи бу қуëш тизими ҳақида умуман ҳеч нарса эшитмаганлигини айтди. Меҳмонхона маъмури ҳам экскурсоводлар ҳам дунëда иккинчи бўлиб қурилган бу қурилмадан хабарсиз эди. Мен маҳаллий аҳолининиг бу техника мўжизасидан бехабарлигидан таажжубландим. Тошкент яқинидаги Паркент туманидаги бу жуда улкан илмий қурилма ҳақида ҳеч ким деярли ҳеч нарса билмас экан. Мен улкан қуëш панноларидан таркиб топган бу қурилмани кўриш учун ошиқдим. Биринчи сафар борганимда фотоаппаратим қордан намиқиб ишламай қолди. Шунчалик қизиққанимни билиб¸ яна бир марта келишга ижозат беришди. Бу тизимнинг ишлашини суратга олиш мени тўлқинлантирди. Бу тузилма қудрати ақлимни шоширган эди¸ дейди Амос Чапл.

Фотосуратчи Амос Чаппл
Фотосуратчи Амос Чаппл

Амос Чапл туширган суратларни Озодлик сайтида томоша қилишингиз мумкин.

Тошкентдаги қуëш "сандони"
Тошкентдаги қуëш "сандони"

Қуëш сандони тузилмасига асос солган гелиотехника марказини яратган академик олим Ғиëс Умаровнинг ўғли Санжар Умаров Озодликкка ўз отасининг дунëга машҳур олимлар иштирокидаги суртларни тақдим қилди.

Академик Умаров физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Капица билан
Академик Умаров физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Капица билан

Суратлардан бирида физика бўйича Нобель мукофоти совриндори Пётр Капицанинг Ғиëс Умаров билан бирга Тошкентда “Қуëш сандони” қуриш билан боғлиқ режани муҳокама қилаëтгани акс этган.

Ғиëс Умаров академик Келдыш билан.
Ғиëс Умаров академик Келдыш билан.

1973 йили Ғиëс Умаров Франция фанлар академиясида “қуëшдан энергия олиш” мавзусида маъруза қилган эди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Физика институти ходимаси Муборак Ғафурованинг Озодликка айтишича “Умаровнинг қуëш нурини иссиқлик энергиясига айлантириш ғояси ўз даври учун ҳам¸ ҳозир ҳам долзарб”.

Умаров номи гузардан ҳам олиб ташланган эди
Умаров номи гузардан ҳам олиб ташланган эди

Айни пайтда кираверишидаги академик Умаров ҳайкали олиб ташланган Ўз ФА ҳузуридаги “Қуëш физикаси” илмий бирлашмаси раҳбарлари марҳум академик олим фаолиятига нисбатан беписанд фикр билдиришди.

Озодлик мухбири “Қуëш физикаси” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари Саъдулла Лутфуллаевга қўнғироқ қилди.

- У олим ҳақида ëзмоқчи бўлсангиз¸ бизни институтни аралаштирмасдан ëзаверинг. У кишининг ҳайкали 2006 йили бир сабаб билан олиб ташланган. Ҳозирги “Қуëш физикаси” институтининг у кишига алоқаси оз¸ деди Лутфуллаев.

Унинг яна айтишича¸ Ўзбекистонда академик Ғиëс Умаровнинг 100 йиллигини ўтказиш борасида аниқ режа йўқ.

Академик Ғиëсов илмий фаолият олиб борган Тошкентдаги Физика-техника институти (ФТИ) 1943 йили ташкил қилинган бўлиб¸ Марказий Осиëдаги биринчи шундай институт ҳисобланади.

ФТИ асосида 1956 йили Ядро физикаси институти ташкил қилинди. 1986 йили бу инстититут базасида “Қуëш-физикаси” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси тузилди. 1987 йили “Қуëш-физикаси” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси олимлари 1000 квт қувватдаги улкан қуëш сандонини яратишди.

Озодлик фотосуратчиси Амос Чапл фотонигоҳига тушган бу сандон бир вақтлар Ўзбекистонда ҳам илмнинг дунë билан бирга қадам ташлаганига мисол сифатида кўринади.

Паркент туманидаги "қуëш сандони"
Паркент туманидаги "қуëш сандони"

XS
SM
MD
LG