Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

OzodDayjest: Наманганда кексалар пенсия ололмай сарсон бўлмоқда


Наманган вилояти Поп туманидаги кексалар пенсия ололмай сарсон-саргардон бўлмоқда. Мактаб бозорида сифатсиз маҳсулотлар сотилмоқда. “Ўзбеккино” “Барон” фильми режиссёрини судга берди.

_____________________________________________________________

Наманганнинг Попида кексалар пенсия ололмай сарсон бўлмоқда

Наманган вилояти Поп туманидаги кексалар пенсия ололмай сарсон-саргардон бўлмоқда (“XXI аср”, 24 август). Масалан, июль ойи учун пенсия “Халқ банки” томонидан Санг қишлоғи Гузар маҳалласидаги чала битган дўконда тарқатилди. Юзлаб қария қирқдан юқори жазирамада навбат кутди. Тушга яқин йиғилганларнинг бир қисми пенсиясини олгач, банкирлар пул тугади, деб кетиб қолишди. Бу ҳол бир неча бор юз берди. Август ойи пулларини тарқатишда яна қариялар сарсон қилинмоқда. “Халқ банки Поп туман бўлими мутасаддиларининг пенсия тарқатишни тўғри ташкил эта олмаётганлари кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Наҳот... ортиқча навбатсиз, асаббузарликларсиз тарқатишнинг имкони бўлмаса?” дея мутасаддиларни саволга тутади Пиллакаш маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Маткаримов.

Мактаб бозорида “подвал”да чиқарилган сифатсиз маҳсулотлар сотилмоқда

Айни пайтда Ўзбекистонда мактаб бозори – ўқув қуроллари савдоси роса қизиган, аммо айрим учарлар мавжуд юқори талабдан фойдаланиб, сифатсиз маҳсулотларни пуллашга ҳаракат қилмоқда (“Оила даврасида”, 24 август). Мактаб бозорларини айланган журналистга кўра, сотилаётган маҳсулотлар, масалан, дафтарларнинг сифати паст. Қўлбола усулда, “подвал”да тайёрланган дафтарларнинг ўлчами ҳам бир хил эмас, ностандарт. “Қизиқ, ишлаб чиқарувчиси номаълум, ноқонуний дафтарлар қандай қилиб мактаб бозорларида сотиляпти?.. Ҳа, ўқув қуроллари сифати рақобатбардош бўлмас экан, одамлар хорижнинг ёки хориж технологияси асосида тайёрланган маҳсулотга талпинаверади. Бунга барҳам бериш фурсати аллақачон келди”, деб ёзади газета.

“Ўзбеккино” агентлиги режиссёр Рустам Саъдиевни судга берди

“Ўзбеккино” миллий агентлиги таниқли режиссёр Рустам Саъдиевни судга берди (“Даракчи”, 24 август). Қайд этилишича, режиссёр “Барон” фильмини суратга олиш учун агентликдан олган пулларни қайтармаганликда айбланган. “Давлатнинг ҳар бир тийини ҳисобли. Пул берилдими, уни нимага сарфланаётганини текширишга ҳақли. Биз фильмдаги пулларни нима учун сарфлаганимиз ҳақида тўлиқ ҳисобот берганмиз. Бу ҳақда чуқурлашиб ўтиришни истамасдим. Лекин бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, бизга бир фильм учун бериладиган миқдорда маблағ ажратилди, аммо бу суммадан фойдаланиб, биз икки қисмли картина суратга олдик. Ва 15 кун ичида 600 млн атрофида давлат ҳисобига фойда келтирганмиз” деган режиссёрнинг ўзи. Суд ишига оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG