Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Қирғизистонда мажбурий автосуғурта жорий этилмоқда. У қандай ишлайди?


Қирғизистонда 2023 йилдан автомобилларни ва ҳайдовчининг жавобгарлигини мажбурий суғурталаш жорий этилади. Ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасини содир этган тақдирда суғурта ширкати жабрланган томон кўрган зарарни қоплаб беради, аммо айбдор ҳайдовчи машинасини ўз ҳисобидан таъмирлатади.

Автомобиль эгаларига фуқаровий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш полисини расмийлаштириш учун уч ой вақт берилмоқда: автомобиль суғурта қилинмагани учун ҳайдовчиларни жаримага тортиш 1 апрелдан бошланади. Суғурта ширкатлари янги мижозлар оқиб келиб, даромадлари каррасига ортишини “тамшаниб” кутмоқда, аммо янги тартиб-қоидадан барча ҳайдовчилар бирдек хурсанд деб бўлмайди.

Қирғизистонда мажбурий автосуғурта тўғрисидаги қонун етти йил олдин қабул қилинган. Бироқ автомобиль эгаларининг норозилиги, қолаверса мулозимлар суғурта коэффициентлари ва тўлов миқдорлари хусусида узоқ вақт келиша олишмагани сабабли суғурта ихтиёрий бўлиб қолган эди. Бир неча ой муқаддам ҳукумат, ниҳоят, суғурта билан боғлиқ барча тўловларни тасдиқлади.

“Бугунги кунда мажбурий автосуғуртани жорий этишга доир барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиб бўлинган. Энг кам суғурта суммалари ва жавобгарлик миқдорлари ҳам белгиланган. Бошқа мамлакатлар билан таққослаганда, бизда энг кам суғурта суммалари амалга киритилмоқда”, дейди Давлат молиявий назорат хизмати вакили Тахмина Қамчибекова.

Энг кам суғурта тўлови миқдори 1680 сом ёки тақрибан 20 долларни ташкил қилади. Полис баҳоси ҳайдовчининг ёши ва стажига, двигатель ҳажми ва автомобиль русумига, шунингдек техник кўрикдан ўтказилган ёки ўтказилмаганига боғлиқ. Суғуртачиларга кўра, ёши 25 дан катта тажрибали ҳайдовчи бошқарадиган камлитраж (двигатель ҳажми 2 куб.гача) машина суғуртаси тахминан 20 долларга тушади. Бироқ, агар мотор ҳажми 3 куб.дан ортиқ ва ҳайдовчининг тажрибаси уч йилдан кам бўлса, суғурта полиси учун 30 доллардан кўпроқ пул тўланади.

Ҳайдовчиларнинг мажбурий суғурталашга муносабати турлича: хайрихоҳлар бор, норозилар ҳам кўп.

“Суғурта шахсан менга керак эмас. Чунки суғурта ширкатларидан бирон-нима ундириш мумкинлигига кўзим етмайди. Ортиқча сарсон бўлганимиз қолади”, дейди бишкеклик ҳайдовчилардан бири.

“Суғурта учун мақбул нарх белгилашса, мен қарши эмасман, ЙТҲ юз берган тақдирда пул тўлашса, бас. Энг муҳими, кейин полис нархини ошириб юборишмасин”, дейди бошқа бир ҳайдовчи.

Бишкеклик Акжилдиз Рисбаева ҳам мажбурий автосуғурта тарафдори. Қиз икки йил аввал ҳайдовчилик гувоҳномасини олгач, ўз ихтиёри билан суғурта қилдирган эди. “Бундан афсусланмадим, чунки йўлда менинг айбим билан тўқнашув юз берганида суғурта ширкати мен шикастлаган машинанинг таъмир харжини тўлаб берди”, дейди у.

Бугунги кунда Қирғизистонда қарийб бир миллионта суғурталанмаган автомобилга атиги битта давлат ва 14 та хусусий суғурта ширкати тўғри келади. Бироқ суғуртачилар барчага хизмат кўрсата олишларини, муаммо бўлмаслигини айтишмоқда.

“Автомобиль эгаларининг фуқаровий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизими, якка ҳолатларда суғурталовчига зарар келтиради. Оммавий жорий этилган тақдирда эса бу суғурта бозорига ижобий таъсир этиши шубҳасиз, – дея изоҳ беради Бишкекдаги суғурта ширкати директори муовини Саломат Нурдин уулу. – Одамлар суғурта билан, суғурталаш маданияти билан яқиндан танишганларидан сўнг озгина пул тўлаб қўйиб, бирон кўнгилсиз воқеага дучор бўлганда катта суммага умид қилишлари мумкинлигини албатта тушунишади, деб ўйлайман”.

Форум

XS
SM
MD
LG