Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:17

ИИБчилар билан тортишувни видеога олган ҳайдовчи 20 минут ичида сирли равишда жон берди


Бу иллюстратив сурат - Қўнғиротдаги воқеага алоқаси йўқ.
Бу иллюстратив сурат - Қўнғиротдаги воқеага алоқаси йўқ.

Қозоғистон чегарасидан ўртоғини олиб кетиш учун Самарқанддан Қорақалпоғистонга машинада келган 31 яшар Насимжон Холиқов уйига тирик қайтмади.

Йўлдошларига кўра¸ 12 ноябрь тунги соат 11 лар атрофида халқаро магистраль йўлнинг Қўнғирот туманидан ўтувчи қисмида улар ўтирган Ласетти машинасини йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатган.

Инспекторлар¸ протокол устида юзага чиққан тортишувни видеога олган Насимжондан телефонини тортиб олишга урингани ортидан¸ у қоча бошлаган.

Орадан 20 дақиқа ўтиб¸ шериклари Насимжоннинг магистраль йўл бўйида ëтган ўлигини топган.

Дастлабки экспертиза Холиқовнинг юрак хуружидан ўлгани ҳақида хулоса чиқарган бўлса-да¸ шериклари унинг ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Қўнғирот туман ИИБсининг Озодлик гаплашган расмийси¸ ўлим юзасидан туман прокуратураси суриштирув ўтказаëтганини билдирди.

Магистраль йўл бўйидаги тортишув

Самарқандлик Насимжон Холиқовнинг Қорақалпоғистондаги сирли ўлими тафсилотларини Озодликка унинг сафардошлари хабар қилди.

Россиядан қайтаëтган дўстимиз Отабек Қозоғистонда машинаси бузилиб¸ йўлда қолди. У Насимжонга телефон қилиб¸ Қорақалпоғистондаги чегарадан олиб кетишни сўради. Менинг Ласетти машинамда йўлга чиқдик. Отабек ва яна битта қашқадарëлик йўловчини олиб қайтаëтганда ярим тунда Қўнғирот гаичилари тўхтатди”¸ дейди самарқандлик ҳайдовчи Сайдулло Ўринов.

Гувоҳнинг айтишича¸ воқеа тунги 11 ларда халқаро магистраль йўлда бўлган.

Қоп-қоронғу¸ яйдоқ жойда тўртта ГАИ машинасида ўтирган 8 тача инспектор тўхтатди. Рулда мен эдим. Тушсам¸ номернинг тепасидаги свечканг куйган¸ протокол қилиб¸ жарима тўлатаман¸ деди. Отабек тушиб¸ ҳатто қозоғистонлик гаилар ҳам бу қадар инсофсиз эмас¸ қўйвор¸ деди. Орада тортишув чиқди¸ гаичилар "сенлар баран” деб бизни ҳақорат қилишди. Насимжон тушиб¸ телефонига видеога ола бошлади. Битта гаишник унинг телефонини тортиб олмоқчи эди¸ у йўл бўйлаб қоча бошлади. Иккитаси пиëда¸ иккитаси машинада Насимжоннинг орқасидан қувди. Отабек ҳам бормоқчи эди¸ уни уриб¸ ГАИ машинасига қулфлаб қўйишди. Мениям олдимни тўсиб¸ тўхтатишди”¸ деб давом этади Сайдулло Ўринов.

20 дақиқа ичида рўй берган ўлим

Озодлик билан суҳбатда воқеа гувоҳлари¸ орадан 20 минутча ўтиб¸ ўзларини ушлаб турган ЙПХ ходимлари тўсатдан машинага ўтириб¸ жўнаб қолгани¸ Насимжонни қидириб 500 метрча юргандан кейин¸ унинг йўлда ëтган ўлигига дуч келишганини айтди:

- Борсак¸ йўл бўйида ëтипти¸ ўлиб бўлган экан. Пешонаси¸ шапкаси тўла қон эди. Тепасида¸ фаралари ўчирилган Скорий¸ бизни тўхтатган гаичилар турипти. Бизни олиб кетиб¸ икки кун ушлаб туришти. Ўлигини эртасига таксида Самарқандга юборишди. Телефонини тортиб олишган¸ ундаги видеоларни ўчиришган.

Қўнғирот туманида ўтказилган дастлабки тиббий экспертиза¸ Насимжон Холиқов қочаëтган пайтда юракка кислород етишмаслиги оқибатида ўлган¸ деган хулоса чиқариб берган.

Аммо шериклари¸ соппа-соғ йигит ҳақида чиқарилган бу хулосага ишонмасликларини айтади.

- Биз Самарқанд вилояти Нуробод туман прокуратурасига ариза бердик. Кўмишдан олдин бу ерда ҳам тиббий экспертиза қилишган¸ республикага юборилди¸ дейишди. Ҳали жавобини айтишмади. Биз Нуробод прокуратурасига Насимжонни Қўнғирот йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари уриб ўлдирди¸ деб кўрсатма бердик. Улар кўзинг билан кўрдингми¸ деб бу гапни инобатга олмаяпти. Қўнғирот прокуратурасида бизни аввалига¸ “сенлар ўлдириб¸ йўл бўйига ташлаб кетгансанлар¸ бўйнигга ол”¸ деб қўрқитишмоқчи бўлди. Лекин¸ бу гапнинг очиқчасига шантажлигини билиб¸ яна ўзлари тўхтатишди¸ дейди Сайдулло Ўринов.

Прокуратура шуғулланмоқда

Қўнғирот туман ИИБсининг Озодлик гаплашган расмийси¸ Насимжон Холиқовнинг йўл ҳаракати инспекторлари тўхтатгани ортидан ўлганини инкор қилмади.

Ўлим сабабларига оид шериклари айтаëтган иддаоларга муносабат сўралганда бу расмий¸ “Воқеа билан прокуратура шуғулланаяпти¸ улардан маълумот олинг”¸ дея суҳбатни қисқа қилди.

Қўнғирот ва Нуробод туман прокуратурасидан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

ИИБ ходимлари билан боғлиқ ўлимлар рўйхати узаймоқда

18 ноябрь куни Озодлик сўроққа олиб келинган булунғурлик 57 яшар Насриддин Жабборовнинг туман ИИБсида ўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўша куниëқ президент фармони билан ИИВнинг мамлакат қамоқ ва ҳибсхоналари учун масъул ўнга яқин юқори лавозимли амалдорлари ишдан олинди.


Озодликка маълумот берган ИИВ мулозимлари¸ ички ишлар тизими ходимлари томонидан уриб ўлдирилганларга оид маълумотлар президент фармонига қисман сабаб бўлганини билдирди.

Бу бўшатишлардан кейин 21 ноябрь куни Ички ишлар вазири ўринбосари Одилов селектор ўтказди ва тўрт кун олдин қийноқлар бўйича БМТ йиғилишида қатнашганини айтди. Унга кўра¸ Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхонасида ўлган ҳар бир ҳолат¸ хусусан¸ Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИБсида ўлган шахс иши БМТ назоратига олинган. Бундай ўлимлар Мирзиëев ҳукумати шаънига доғ бўлиб тушмоқда”¸ деди 22 ноябрь куни Озодлик гаплашган ИИВ мулозими.

2017 йил охирида президент Мирзиëев қийноқлар ва гумонланувчиларга нисбатан зўравонликлар олдини олиш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозланишини айтган эди.

- Энг муҳими, ноқонуний усуллар қўллаш тўғрисидаги биронта ҳам хабар эътиборсиз қолмаслиги шарт. Прокуратура органлари ҳар бир ҳолат бўйича чуқур текширув ўтказиб, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлайди, - деган эди Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев.

Ўтган ой ИИВ Тошкент кўчаларида йўл-патруль хизматлари ходимларига бериладиган бодикамералар синовдан ўтказилаëтганини билдирган эди.

Мобиль видеокамераларнинг ишга туширилиши биринчи навбатда шу соҳа вакиллари учун зарур. Сабаби, камералар орқали вазиятни доимо назорат қилиб туриш имконияти ошади. Назорат кучайтирилган жойда эса тартиб-интизом бўлади. Камералар эса ҳар бир ҳолатни ошкора кўрсатиб беради. Шу сабабли барча ҳаракат иштирокчиларини “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилишга чақирамиз.

Унутманг, йўл-патруль хизмати инспектори билан ўзаро муносабатингиз мобиль видеокамералар нигоҳида турибди!”¸ деб хабар берган эди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси.

Ҳозирча Қўнғирот туман ЙҲХБ ходимларининг самарқандлик ҳайдовчилар билан бўлган вазиятни у ëки бу шаклда видеотасвирга олган-олмагани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG