БМТ махсус гуруҳи “қотил роботлар” номи билан маълум бўлган хавфли автономлаштирилган қуроллар таърифини белгилаш бўйича музокараларни қайта бошлади.
Ташкилот ўтган йилда илк маротаба қотил роботлар масаласини муҳокама қилган эди. Аммо бундай қуроллардан фойдаланиш бўйича яқин орада келишув имзоланишини кутмаса бўлади.
Фаоллар яқин орада инсон буйруғисиз қотиллик қила оладиган қуроллардан фойдалана бошланиши ҳақида огоҳлантириб, музокараларни олиб бораётган Муайян анъанавий қуроллар конвенцияси (CCW) гуруҳини секин чора кўришда айблаб келади. Шундай бўлса-да, улар музокаралар қайта бошланганини олқишлади.
Қотил роботларни тўхтатиш ташаббуси асосчиларидан бири Ричард Мойес: “Энди музокаралар анча фокусли ўтмоқда”, деди.
Мойес ҳукуматлар ҳар қандай қуролдан фойдаланаётган одам куч қаерда ва қандай қўлланилишини билиши кераклиги бўйича келишиб олиши муҳим, деб ҳисоблайди.
Бу орада қотил роботларни бутунлай тақиқлаш тарафдори бўлган давлатлар сони ошиб бормоқда. Хусусий секторда ва зиёлилар орасида нимани ўлдириш ҳақида қарор бериш учун фақатгина сунъий идрокка таянадиган қуроллар ҳақида хавотир ошиб бормоқда. Ўтган йилда IT соҳасидаги таниқли шахслар, жумладан, Tesla директори Илон Маск ҳамда Googleга қарашли DeepMind ширкати асосчиларидан бири Мустафо Сулайман “Автономлаштирилган леталь қуроллар уруш тарихидаги учинчи инқилоб бўлиши мумкин”, дея огоҳлантирган эди.
Аммо энг мукаммал автономлаштирилган қуролларга эга давлатлар, жумладан, АҚШ, Хитой, Россия ва Исроил улардан фойдаланишни чекловчи ҳеч қандай келишув имзоламаган.
Ҳиндистоннинг қуроллардан воз кечиш бўйича элчиси Амандип Гилл Муайян анъанавий қуроллар конвенцияси музокаралари 20 апрелгача давом этишини, кун тартибидаги асосий масала автономлаштирилган қуроллар таърифини аниқ белгилаш эканини билдирди.
Гилл музокаралар секин силжиётгани кўпчиликка хуш келмаётганини тан олди, аммо бир вақтнинг ўзида “Биз қийинчилик билан олға силжияпмиз, лекин бунинг сабаби бор. Ахир булар мураккаб масалалар”, деди.
Мойес эса музокаралар бирор муайян натижа бермаслиги мумкинлигини айтди. Фаоллар эса жорий йилга белгиланган яна икки йиғин пировардида расмий келишувга етаклашига умид қилмоқда.