Nature Climate Change журналида чоп этилган янги изланиш натижаларига кўра, глобал ҳарорат Париж битими доирасида келишилган 2 даражадан ошмаган тақдирда ҳам, Ер юзасидаги қуруқликнинг чорак қисми қурғоқчил бўлади.
Аммо ўртача исиш 1,5 градусдан ошмаса, қуруқликнинг ўндан бир қисмигина қурғоқчил бўлади.
Изланиш муаллифлари ҳисобларига кўра, 1,5 даража мақсад қилиб олинса, дунё аҳолисининг бешдан бир қисми яшайдиган жанубий Европа, жанубий Африка, марказий Америка, Австралия соҳили ҳамда жануби-шарқий Осиёда қурғоқчилик олдини олиш мумкин бўлади.
Қурғоқчилик жиддий хавф бўлиб, тупроқ деградацияси, чўллар ҳосил бўлиши ҳамда ўсимлик ва дарахтларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Қолаверса, қурғоқчил иқлим ёмғирсизлик ва ёнғинларга туртки бўлади, ичимлик суви сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Изланишда ёзилишича, глобал ҳарорат 2025-2070 йиллар ўртасида 2 даражага кўтарилиши мумкин. Ҳарорат 2 градусга кўтарилганидан кейин, қуруқлик сатҳининг 24-32 фоизи қурғоқчил бўлади.
Дунёнинг 174 давлати тарафидан 2016 йилда имзоланган иқлим бўйича Париж битими унга қўшилган барча давлатлар зиммасига атмосферага заҳарли газларни камроқ чиқариш масъулиятини юклайди. Ўтган йилда АҚШ президенти Дональд Трамп ўз мамлакатини битимдан чиқаришга қарор қилди.