Москванинг Перовский туман суди “ноқонуний тарзда алкоголь ишлаб чиқарганликда” айбдор деб топилган 13 нафар ўзбекистонликка қамоқ жазоси тайинлади. Тергов изоляторида қолаётган ўзбек муҳожирлари¸ яқинларининг билдиришича¸ ҳукмдан норози бўлиб очлик эълон қилди.
Москвада бир гуруҳ ўзбек мигранти яширин ароқ заводида алкоголли маҳсулот ишлаб чиқарганликда айбланиб, 5,5 – 6 йилдан қамоққа маҳкум этилди.
Перовский туман суди 4 октябрь куни чиқарган ҳукмга кўра¸ 13 нафар ўзбекистонлик Россия Жиноят Кодексининг 171-моддаси 1-қисми (“Маркировкаланмаган товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиб олиш, ташиш ва сотиш”) ва 327 моддаси (“Давлат ҳужжатларини қалбакилаштириш”) моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Москва шаҳар Шарқий маъмури округ полиция бошқармасининг Озодлик боғланган расмийси ўзбек муҳожирлари контрафакт ароқ ишлаб чиқариб¸ унга қалбаки акциз маркаларни ёпиштиргани учун жавобгарликка тортилганини билдирди.
- Марказий осиёлик муҳожирлар қалбаки федерал маркалар ёпиштирилган таниқли бренд номи урилган қалбаки алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарган, деди полиция расмийси Павел Сучков.
Суд расмийлари¸ ўзбекистонлик муҳожирлар ҳукм усидан юқори инстанция судига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирди.
Очлик акцияси?
Судланувчилардан бири - 20 яшар риштонлик Жавоҳир Бозоралиевнинг онаси Эъзоза Бозоралиева Озодлик мухбирига суд қароридан норози бўлган маҳкумлар очлик эълон қилганини билдирди:
- Жума куни уларнинг охирги суди бўлди. 6 йил деб эълон қилиши билан улар очлик эълон қилди. Бугун учинчи кун. Неча киши очлик тутаётганини билмайман, аммо “бир овоздан ҳаммамиз очлик қилишни зиммамизга олдик!”, деди. “Аяжон, хавотир олманг – озгина бўлса ҳам енгиллатар бизнинг жазомизни. Ахир биз бекорга ўтирибмиз. Ҳақиқат бордир, бошқа иложимиз йўқ,” деди ўғлим, дейди судланувчилардан бирининг онаси.
Риштонлик судланувчининг онаси рус тилини яхши билмайдиган ёш ўзбек йигитлари алдов қурбони бўлганига ишонади.
- Ҳаммаси ўзимизнинг райондан келган болалар. Кўпининг Москвага биринчи келиши. Ўғлим 31 январь куни Москвага Риштондан келди. Регистрация қилди, ҳамқишлоқ ёрдамида ишга жойлашдик. Ароқ заводига документ қилиб берди, ўша ерда яшаб, ишлади. 15 февраллардан ишга борди ўғлим. Строгий экан – кўчага бир киши чиқади, қолганлар чиқмас экан. Бир куни “Аяжон, 8 мартга жавоб берар экан”, деди. 5 март куни кечаси, иш жойига полиция бостириб кириб, ичкарида съёмка қилган. Оформление қилиб, отделга олиб кетган. Улар бу ноқонуний эканини ҳам билмаган – кўпи билан ишлаган бўлса - 15 кун ишлаган. 26 одам бўлган цехда. Икки сменада 8 дан 8 гача ишлашган. Иккинчи этажда ётоқхоналари бўлган. Ўғлим грузчик бўлган. Буларни судига дворник болани таржимонликка олиб келишган. 2-3 таси тепадан қочган. Русчани билмайдиган энг ёшларини ушлаб олиб боришган ва 10 кунда депорт қ иламиз дейишган. 11 март куни уларни Перовский отделга олиб келишади ва тожик таржимон билан алдаб, ҳужжатларга қўл қўйдиради. Ҳаммасини “документи йўқ” деб оформление қилган. Аслида ҳаммасида бор, деди Эъзоза Бозоралиева.
Маълум бўлишича, заводни ташкиллаштирган озарбайжонлик шахс ва унинг ёрдамчилари қидирувга берилган. Жиноят иши фақат ўзбекистонлик ишчи-мигрантларга нисбатан очилган.
Озодликка мурожаат қилган маҳбусларнинг яқинлари Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилингани, ўзини Тоҳиржон деб таништирган ваколатхона ходими судда қатнашишни ваъда қилиб¸ маҳкамага келмаганини билдирди.
Ҳозирча Озодлик Москвадаги Ўзбекистон консуллигидан мазкур суд ва ҳукмга нисбатан муносабат олишга муваффақ бўлмади.