Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Россия: жосусликда айбланаётган фуқароларни АҚШ билан алмашишга ҳали эрта


Америкалик собиқ ҳарбий денгизчи Пол Вилан
Америкалик собиқ ҳарбий денгизчи Пол Вилан

Москва раҳбарияти Вашингтон билан ўзаро фуқаро алмашишга ҳали эрта, деб ҳисоблашини билдирмоқда.

Кейинги ойларда ҳар икки давлат қарши тараф фуқароларини жосусликда айблаб, қўлга олди.

5 январь куни Россия расмийлари Россия фуқароси Дмитрий Макаренко 29 декабрь куни АҚШнинг Тинч океанидаги Шимолий Мариана ҳудудида қўлга олингани, бунинг ортидан у АҚШнинг асосий территориясига – Флорида штатига олиб кетилганини маълум қилишди.

Бундан бир кун аввал Россия Федерал хавфсизлик хизмати америкалик собиқ ҳарбий денгизчи Пол Виланни жосусликда айблаб, пойтахт Москвада қўлга олган эди.

Ҳар икки давлат ўз фуқароси қўлга олингани ҳақида қачон хабар топгани номаълум бўлиб қолмоқда.

АҚШда Россиянинг яна бир фуқароси Марина Бутина қўлга олинган. Декабрь ойида Бутина АҚШ судида Кремль агенти ўлароқ фаолият юритганини тан олиб, федерал айбловчилар билан келишувга эришди.

Бундан аввал Россия ўз фуқароларини алмашиш учун хориж фуқароларини қўлга олган ҳолатлар бўлган.

5 январь куни Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Виланни Россия фуқаросига алмашиш ҳақида сўз юритишга ҳали эрта экани, чунки Виланга ҳали расман айблов қўйилмаганини таъкидлади.

“Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, Рявков Виланга қарши айбловлар яқин кунларда маълум қилинишини айтган.

Москва ва Вашингтон ўз ҳудудида жиноятга қўл уришда ёки жосусликда айбланган бошқа фуқароларни ҳам қамоққа олган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Макаренко қўлга олингани ҳақидаги билдирувида, унга қандай айбловлар қўйилгани очиқланмаган. Россия расмийларига кўра, АҚШ Макаренко қўлга олингани ҳақида Москвага расман хабар бермаган.

АҚШнинг Россиядаги элчихонаси ушбу масалани ҳали шарҳлагани йўқ. АҚШ Давлат департаменти ҳамда Федерал қидирув бюроси ҳам ҳали Макаренко иши бўйича баёнот эълон қилгани йўқ.

Флорида судига тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Макаренкога 2017 йилнинг июнида Владимир Невидомий билан мудофаа соҳасида ишлатиладиган жиҳозларни АҚШ рухсатисиз Россияга юбориш айблови қўйилган.

Келиб чиқиши Владивостокдан бўлган Макаренко 2018 йилнинг январида АҚШ юрисдикциясидан қочган шахс, деб белгиланган. Суд ҳужжатларига кўра, Флорида шататида истиқомат қилувчи Невидомий эса 2018 йилнинг июнида айбига иқрор бўлган ҳамда 26 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Вилан эса 28 декабрь куни Москвада қўлга олинди. Виланнинг оиласи у айбсиз экани, Москвага тўйда қатнашиш учун борганини айтмоқда.

Россиянинг Сурия ва Украинадаги ҳаракатлари, АҚШ ва бошқа давлатлардаги сайловларга аралашуви ҳамда Британияда собиқ Россия агенти заҳарланиши ортидан Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги алоқалар совиб кетди.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Москвадан Виланнинг қўлга олинишини изоҳлашни сўраганини маълум қилди.

Вилан бир вақтнинг ўзида АҚШ, Канада, Британия ҳамда Ирландия фуқаросидир.

Вилан қўлга олиниши ортидан Британия Россияни “дипломатик шахмат ўйинларини ўйнаш” оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG