Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

Россия Мариуполга янги ультиматум қўйди


19 апрель куни Мариуполда вайрон бўлган турар-жой биноси олдида кўз ëш тўкиб турган маҳаллий аҳоли вакили Тамара хола.
19 апрель куни Мариуполда вайрон бўлган турар-жой биноси олдида кўз ëш тўкиб турган маҳаллий аҳоли вакили Тамара хола.

Украинанинг шарқий вилоятларига ҳужумларини кучайтирган Россия Мариупол шаҳридаги саноат мажмуасига қамалиб қолган украиналик ҳимоячиларга таслим бўлиш талаби билан янги ультиматум қўйди. Ғарб ҳукуматлари Украинага оғир артиллерия жўнатиш ва тажовузкор Москвага қарши янада кўпроқ санкциялар жорий этишга ваъда берди.

“Россия қуролли кучлари чин инсонпарварлик тамойилларига асосланган ҳолда, 20 апрель куни Москва вақти билан соат 14:00 дан бошлаб миллатчи батальонлар жангарилари ва хорижий ёлланма аскарларга ҳарбий амалиётларини тўхтатишни ва қуролларни ташлашни яна бир бор таклиф қилади”, дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Украина ҳарбийлари Россия қўшинлари 20 апрель куни эрта тонгдан украиналик ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари қамалда қолган Мариуполдаги Азовстал пўлат заводига ҳужумларни давом эттираётганини маълум қилди.

Мариуполнинг қамалда қолган Азовстал электр станциясидаги украиналик қўмондон ёрдам сўраб, денгиз пиёда қўшинлари “сўнгги кунларни яшаётгани”ни айтди.

"Душман биздан 10 баравар кўп", деди 36‑алоҳида денгиз пиёдалари бригадасидан Сергей Волина.

Украина кучлари сўнгги 24 соат ичида Донецк ва Луганскда Россия қўшинларининг 10 та ҳужумини қайтарди, деди украиналик ҳарбийлар.

Киев ва Москва 29 мартдан бери юзма-юз музокаралар ўтказмаяпти. Уларнинг бузилишида томонлар бир-бирини айбламоқда.

“Кейинги юзма-юз музокаралар қачон бўлишини айтиш қийин, чунки россияликлар “махсус операциянинг иккинчи босқичи”га жиддий киришган”, деди Украина президенти маслаҳатчиси Михайло Подоляк.

АҚШ президенти Жо Байден Украина можаросини муҳокама қилиш учун иттифоқчиларнинг виртуал учрашувини ўтказди.

Видеоконференцияда Франция, Буюк Британия, Германия, Руминия, Польша, Италия, Канада ва Япония раҳбарлари қатнашган.

Конференциядан сўнг иштирокчилар Украинага ёрдам ҳажмини кўпайтиришга келишиб олган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки, "Биз уларга кўпроқ ўқ-дори етказиб бериш ва ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этамиз", деди. Шунингдек, у янги санкциялар ҳам тайёрланаётганини қўшимча қилди.

Кейинги босқичда Украинага артиллериялар юборилади, деди Байден журналистларга.

Британия Бош вазири Борис Жонсон уруш "артиллерия можаросига айланиши" ва Украинага кўпроқ артиллерия керак бўлиши ҳақида гапирди: "Биз уларга бошқа кўплаб ёрдамлар қаторида бу масалада ҳам кўмак берамиз", деди Жонсон.

Германия канцлери Олаф Шолц Берлин Германия саноатидан тўғридан-тўғри Украинага қурол етказиб беришни молиялаштиришга ваъда берди.

Унинг айтишича, Германия томонидан етказиб берилиши мумкин бўлган қуроллар сирасига танкка қарши қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмалари, ўқ-дорилар ва “артиллерия тўқнашувида” қўлланилиши мумкин бўлган ускуналар киритилган.

Украина президенти Владимир Зеленский Украинага иттифоқчилар омборларида йиллар давомида сақланаётган қуроллар берилиши кераклиги ҳақида гапирди.

АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, Украина армияси қўшимча самолётлар ва шикастланган самолётларни таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар олган. Пентагонда журналистларга берган интервьюсида Кирби қайси давлатлар самолётлар берганини батафсил очиқламади, аммо Қўшма Штатлар эҳтиёт қисмларни жўнатишда ёрдам берганини айтди.

Деярли саккиз ҳафталик урушда Киев ва бошқа йирик ва стратегик шаҳарларни қўлга кирита олмаган Москва эндиги мақсади 2014 йилдан бери Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган айирмачилар назоратида бўлган Донецк ва Луганск вилоятларини тўлиқ қўлга киритиш эканини айтмоқда.

Украина Бош штаби аввалроқ минглаб рус қўшинлари шарқдаги 480 километр узунликдаги фронт чизиғи бўйлаб ҳужумни кучайтираётганини айтган эди. Зеленский эса буни “Донбасс жанги”нинг бошланиши деб атаган.

Украина оммавий ахборот воситалари Донецк вилоятидаги Мариянка, Славянск ва Краматорск шаҳарлари кучли ўққа тутилганини хабар қилди. Расмийлар Россия кучлари “Донецк, Луганск ва Харьков вилоятларининг деярли бутун фронт чизиғи бўйлаб” Украина мудофаасини ёриб ўтишга уринаётганини айтмоқда.

Маҳаллий расмийларга кўра, Харьковга тушган снарядлар ва ракеталар турар-жой ва бошқа биноларни вайрон қилган, тўрт киши ҳалок бўлган, 14 киши яраланган.

Луганск вилояти губернатори Сергей Гайдай “Россия кучлари “ҳар томондан” ҳужум уюштираётганини, расмийлар эса аҳолини эвакуация қилишга уринаётганини ва тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини аниқлаш имконсизлигини” хабар қилди.

XS
SM
MD
LG