Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:47

Россияликлар Медведевдан норози, Путинга ишончи озаймоқда


Пенсия ёши кўтарилишидан норозилар намойишида кўтарилган плакатлардан бири. Москва, 2018, 22 сентябрь.
Пенсия ёши кўтарилишидан норозилар намойишида кўтарилган плакатлардан бири. Москва, 2018, 22 сентябрь.

Россияликларнинг ярмидан кўпи ҳукумат истеъфога чиқиши керак, деган фикрда. Бу жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Левада-центр” ўтказган сўровдан маълум бўлди.

Россия ҳукуматига мутлақо эътирози йўқлигини билдирганлар эса, атиги 7 фоизни ташкил қилиши маълум бўлди.

Ўтган йилнинг декабрида “Левада-центр” ижтимоий сўров маркази олиб борган тадқиқотлар россияликларнинг 53 фоизни ҳукумат истеъфога кетиши керак, деб ҳисоблашини кўрсатган. 2016 йилда бу кўрсаткич 33 фоиз эди.

Путин бошқараётган тизимга бўлган аҳолининг асосий эътирозлари нарх-навонинг ошиши ва аҳоли даромадининг пасайгани (57% респондент), одамларни иш билан таъминлай олмаслик (46 % респондент) ва гражданларнинг ижтимоий ҳимоясиз қолгани (43 % респондент) билан боғлиқ экани қайд этилди.

Шунингдек, сўровдан ўтган аксар россияликлар Медведев бошқараётган ҳукуматни иқтисодиётдаги инқирозни тўхтата олмаётганликда (43%) ва коррупцияда (32%) айблади.

Социологлар саволларига жавоб берган россияликларнинг 7 фоизи амалдаги ҳукуматга мутлақо эътирози йўқлигини маълум қилди.

Айни дамда, Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар маркази 2018 йилда Россияда олдинги йилга нисбатан аҳоли орасида норозилик кайфияти кескин кучайганини қайдга олди. Экспертлар Россия аҳолисининг норозилиги ошиб боришига энг аввало нафақа ёшининг 60 (аёллар) ва 65 га (эркаклар) кўтарилиши билан боғламоқда. Медведев бошқараётган вазирлар маҳкамаси янги 2019 йил бошидан Россияда Қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) ҳам 18 дан 20 фоизга кўтарди.

Ҳукумат киритган бу ва бошқа иқтисодий-сиёсий ўзгартишлар мамлакатда товар ва хизматлар баҳосининг кескин ошишига ва рублнинг янада қадрсизланишига олиб келди.

“Левада-центр” социологи Марина Красильникова охирги йилларда Россия аҳолисининг Медведев бошқараётган ҳукумат ва шахсан президент Владимир Путинга бўлган ишончсизлиги ошиб бораётгани қайд этилаётганини таъкидлаб, журналистларга деди:

- Одамларнинг асосий эътирозлари биринчи навбатда ҳукуматга, бироқ президентга бўлган ишонч ҳам сўниб қолгани кузатилмоқда. Жамоатчилик кайфияти тинимсиз ёмонлашиб бораётир. Энг муҳими, охирги вақтларда одамлар ҳукуматга бўлган эътирозларини конкрет тарзда ифода этишга ўтди. Яъни, улар давлатга ишонмай қўйди. Агарда аҳолида бошқа ҳукумат бўлиши мумкинлигига ҳатто ишора бўлганида, ҳукумат истеъфоси тарафдорлари сони анча кўпроқ бўларди.

Шунга қарамасдан, тадқиқотчи Владимир Путин рейтинги кескин тушиб бораётган ўз сафдоши Дмитрий Медведев ҳукуматини истеъфога чиқармаслигини тахмин қилди.

Россия президенти Владимир Путиннинг сайлов рейтинги кейинги беш йил ичида илк маротаба 60 фоиздан пастлади.

“Левада-центр”нинг 2018 йилг 22 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботига кўра, 2024 йилги президент сайловида Путинга овоз беришини изҳор қилган россияликлар сони 56 фоизни ташкил қилган.

Ўтган йили бу кўрсаткич 66 фоиз эди.

XS
SM
MD
LG