Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:16

"Аксил-Эрдўғон": Россия махсус хизматлари Швеция ва Туркия ўртасида можаро чиқаришга уринган


Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Владимир Путин.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Владимир Путин.

Россия махсус хизматлари Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши жараёнига аралашишга, хусусан ушбу мамлакатлар билан Туркия ўртасида можаро чиқаришга қаратилган кампанияни режалаган.

Бу ҳақда журналистлар қўлга киритган ҳужжатларга таянган ҳолда Финляндиянинг Yle телерадиокомпанияси хабар қилмоқда. Yle ўз манбаларидан ташқари “Досье” марказига ҳам ҳавола берган.

Yle қўлга киритган ҳужжатларда Швеция ва Финляндияда бажарилиши режаланган кампания ҳақида сўз боради. “Досье” маркази эса, айтилишича, Россия махсус хизматлари ушбу кампания доирасида Парижда тадбирлар ташкил қилганига доир ҳужжатларни топишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда Yle’га суриштирувчи Илья Рождественский маълум қилган.

Ҳужжатларда, жумладан, Швецияда Қуръонни ёқиш ҳодисаси Туркия билан ўртага совуқчилик тушишига олиб келгани таъкидланиб, икки мамлакат муносабатларини бадтар кескинлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриш тавсия этилади.

Хусусан, ҳужжатда, Европа шаҳарларида Туркия президенти Эрдўғонни очиқча ҳақорат қилган ҳолда намойишлар қилиш, Ислом динига ва Туркияга қарши граффитилар чиздириш каби “тадбир”лар санаб ўтилган. Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши керак бўлган. Yle бир парчасини эълон қилган ҳужжатда мазкур акция шартли ном билан “Аксил-Эрдўғон лойиҳаси” деб аталади.

Мирзиёев ва Эрдўғон турк дунёсини бирлаштира оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:48 0:00

“Досье” маркази эса Россия махсус хизматлари ходимларининг ана шундай операцияларидан бири бўйича ҳисоботини қўлга киритганини хабар қилмоқда. Қайд этилишича, тадбирлар 2023 йилнинг март ойида ўтказилган. Дарҳақиқат, ўшанда аксилисломий шиорлар билан туркум намойишлар ўтказилган, шунингдек Эрдўғон қаттиқ танқид қилинганди.

Фин махсус хизматлари Россияда ишлаб чиқилган режалардан хабардорлигини тасдиқлаган, бироқ Финляндия ҳудудида улар амалга оширилганига оид маълумотларга эга эмаслигини урғулаган.

Туркия бошида иккиланган бўлса-да, жорий йилнинг апрелида Финляндиянинг НАТОга киришини маъқуллади. Аммо Швеция ҳануз турк ҳукуматининг жавобини кутмоқда – НАТОга қўшилиш учун альянснинг барча аъзолари розилик бериши керак.

Эрдўғон ғалабаси ўзбек муҳожирларига нима беради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:34 0:00

Рождественскийга кўра, Россия махсус хизматлари иккала мамлакатнинг ҳам НАТОга киришини чўзишга уринган, лекин асосий эътибор айнан Швецияга қаратилган. “Досье” суриштирувчисига кўра, “Европада мамлакатлар ёки этник гуруҳлар ўртасидаги эски келишмовчиликларни қайтадан қўзғашга уриниш” Россия махсус хизматларининг хос жиҳатларидан биридир.

Туркия, НАТО аъзоси эканига қарамай Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмаган. Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзаро шахсий муносабатлари жуда яхшилигини бир неча бор таъкидлашган.

Форум

XS
SM
MD
LG