Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:29

Семизлик ва пластик маҳсулотлар ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Дунё бўйлаб ҳаддан ташқари семизликдан азият чекаётганлар сони ошиб бормоқда. Бу эса иккинчи типдаги диабет ва бошқа юрак-томир тизими касалликларига чалиниш эҳтимолини оширади.

Озиқ-овқат ва турмуш тарзи семизликнинг ягона сабаби эмас. Ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар пластик идишлар, консервантлар, пестицидларда ҳамда оловдан ҳимоя қилувчи материалларда фойдаланиладиган кимёвий бирикмалар семизлик каби метаболизм билан боғлиқ иллатлар келиб чиқишида муҳим ўрин тутишини кўрсатди.

Тадқиқотчилар трибутилтин (ТБТ) бирикмасини ўрганаётиб, ушбу модда организмда ёғ ишлаб чиқарилиши билан алоқадор гормон рецепторларига таъсир кўрсатишини аниқлашган.

Хусусан, туғилишидан олдин ТБТга дучор бўлган сичқонлар семизроқ бўлиши, бу ҳолат авлоддан-авлодга ўтиши аниқланган.

Бундан ташқари, поливинилхлорид деб номланувчи пластик турини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кимёвий модда сичқонларда глюкоза метаболизми ҳамда ёғ сақланишини ўзгартириши аниқланган.

Калорияга бой овқатларни истеъмол қилиш ҳамда ўтроқ турмуш тарзи семизликнинг асосий сабабларидан ҳисобланади. Аммо кейинги 10 йил ичида эндокрин тизимини бузувчи кимёвий моддалар ҳайвонларда семизлик келтириб чиқариши ҳамда инсонларда кўпроқ ёғ тўпланишига олиб келиши аниқланди.

Бундай кимёвий моддалар тирик организмларнинг гормон ишлаб чиқарувчи безлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Гормонлар миқдорининг ўзгариши эса касалликларга олиб келади.

Юқорида тилга олинган кимёвий моддалар организмда ёғ сақланиши, энергия мувозанати ҳамда метаболизмни издан чиқаришга қодир.

Дибутилтин (ДБТ) тузлари винил пластикларни ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Бундай пластиклардан пластик эшик-ромлар ҳамда тиббий асбоб-ускуна ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

ДБТ денгиз ўтлари ҳамда уйдаги чангда мавжуд эканлиги аниқланган. Аммо киши танасидаги ДБТ миқдори ҳақида маълумот оз.

Ўтказилган тажрибалар ДБТ организмда ёғ ҳужайралари сонини ҳамда улардаги ёғ миқдорини оширишини кўрсатди. Бундан ташқари, ДБТ ёғ ишлаб чиқарилишида иштирок этадиган генлар фаолиятини ошириши аниқланган.

Кундалик ҳаётда ДБТ каби семизлик келтириб чиқарувчи кимёвий моддаларга кўп дуч келганимиз учун уларнинг миқдорини назорат қилиш метаболизм касалликларини олдини олишга ёрдам бериши мумкин.

Семизликка туртки бўлувчи бирикмаларга эга пластик маҳсулотлардан воз кечиш нафақат соғлиғимиз, балки атроф-муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатган бўларди.

XS
SM
MD
LG