Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:33

Пули қайтарилмаётганига норозилик билдирган қорасувлик тадбиркор 3 суткага қамалди


KICB банкидан пулини ололмаётган қорасувлик тадбиркор Шаҳобиддин Бозорбоев.
KICB банкидан пулини ололмаётган қорасувлик тадбиркор Шаҳобиддин Бозорбоев.

KICB банкига уч кунга қўйган 17,5 минг доллар пулини қарийб ярим йилдан бери қайтариб ололмаётган қорасувлик Шаҳобиддин Бозорбоев пули қайтариб берилишини талаб қилиб, 8 июнь куни Қорасув шаҳар ҳокимияти биноси олдида очлик эълон қилган ва ўзига ўт қўймоқчи бўлган.

Бу ҳақда Озодликка Шаҳобиддиннинг исми ошкор этилишини истамаган қариндоши маълум қилди.

- Шаҳобиддин ҳокимият олдига лозункалар билан норозилик билдириб, ўзини ёндирмоқчи бўлганди, уни мелисалар ушлаб кетиб, 15 суткага қамаб қўйишди. Устига бензин қуйиб, ўзини ёқмоқчи бўлди. Уни қўйиб юборишмаса, хотини болалари ва уйини қўшиб, ўзини ёқиб юборишини айтяпти, - дейди Шаҳобиддиннинг яқинларидан бири.

Йигитнинг Қорасув шаҳар милицияси томонидан қўлга олинганини Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасидан ҳам тасдиқладилар. Бошқарма матбуот котиби Жениш Ашурбаев сўзларига кўра, Шаҳобиддин хавфсизлиги важидан 3 кунга ҳибс этилган.

- У Қорасув туман суди қарори билан 3 кунга маъмурий жавобгарликка тортилди ва ўз жонига қасд қилмаслиги учун маъмурий ҳибсхонага киритилди, - дейди Жениш Ашурбаев.

Ўш вилоятининг Қорасув шаҳри яшайдиган 33 ёшли Шаҳобиддин Бозорбоев шу йилнинг 27январида Кореяга бизнес виза олиш учун KICB банкидаги ўз ҳисобига 3 кун муддатга 17,5 минг доллар пул қўйган. Бироқ у виза ололмаган. Шаҳобиддин ўз банк ҳисобига қўйган пулларини қарийб олти ойдан бери қайтариб ололмай сарсон. Бу ҳақда Озодлик 30 апрель куни хабар қилган эди. Шундан сўнг Шаҳобиддинни куч тизимлари, молия полицияси чақириб, пул юзасидан текширув ўтказган.

Шаҳобиддин ўзига ўт қўйишидан аввал 8 июнь куни Ўшда ўтказилган матбуот анжуманида куч тизимлари унга тергов ҳужжатлари Бишкекка юборилишини ва натижаси унга эълон қилиниши билдирганини айтганди.

- Бундан ташқари, KICB банки нима сабабдан пулни ушлаб тургани ҳақида ёзма равишда маълумот бермаётганди, уни берди. Молия полициясидан ҳам пулни ушлаб тургани ҳақида ёзма равишда жавоб келди. Лекин пул масаласи қачон ҳал бўлади, буни ким ҳал қилади, бу иш қачонгача давом этиши тўғрисида ҳеч қандай маълумот бўлмаяпти, - дер экан Шаҳобиддин Бозорбоев Қорасув шаҳар ҳокимияти олдида очлик эълон қилмоқчилигини қўшимча қилган эди.

Маълум бўлишича, Шаҳобиддиннинг ўз ҳисобига уч кун муддатга қўйган 17,5 минг АҚШ доллари Молия полицияси хати туфайли музлатиб қўйилган.

Молия полициясининг банкка юборган хатида Шаҳобиддин диний-экстремистик ташкилотлар билан алоқада бўлиши мумкинлиги айтилган.

- Мени Қорасув шаҳар Ички ишлар бошқармасининг 10-бўлими, Қорасув туман Миллий хавфсизлик хизмати чақирди. Уларга экстремист, террорист эмаслигимни айтиб бердим, ёзиб ҳам бердим. Қорасув туман мелисалари ҳам, Ўшдан ҳам бу нарсани тасдиқлаб, Молия полициясига: “Бу ростдан ҳам экстремист эмас”, деган справкани беришди. Бироқ СНБ масжидларга, жамоат жойларига бориб, “Мен экстремист, Ҳизбут-Таҳрир, Салафий эмасман деб видеога тушасан” деяпти, - дер экан Шаҳобиддин Бозорбоев апрель ойида берган суҳбатида бу таклифга ҳам рози бўлганини, бироқ Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, шунда ҳам пул масаласи ҳал бўлиши аниқ эмаслигини айтишганини таъкидлаганди.

KICB банки Шаҳобиддин Бозорбоевнинг пуллари музлатилганини инкор қилмаяпти. Журналистларга берган суҳбатида KICB банкининг жанубий ҳудудлар бўйича директори Турсунбек Шакиров унинг пуллари банкда сақланаётганини ва қорасувлик йигит бу масалада тегишли идораларга мурожаат қилиши кераклигини айтган.

Шаҳобиддин бу масалада ёрдам сўраб Қирғизистон президенти, Бош Прокурорига мурожаатнома йўллаган. Бироқ бундан ҳам наф чиқмаган. Қорасув шаҳар ҳокимияти эса унга шаҳар ҳокимлиги олдида тинчлик митинги ўтказишга рухсат бермаган. Шаҳобиддин Озодлик мухбирининг: “Нега сизни тақиқланган диний ташкилотларга алоқадорликда гумон қилишаяпти?” деган саволига мана бундай жавоб берган эди:

- 2013 йилда Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумон қилиб, уйимда тинтув ўтказишган. Мен ўшанда оғзаки ва ёзма шаклда Ҳизбут-Таҳрир аъзоси эмасман, деб айтиб берганман. Қорасув туман суди менга чиқарилган 1 йил шартли жазо чорасини 6 ойдан кейин бекор қилиб, мени оқлаган. Пул можаросида шу масала ҳам кўтарилди, бироқ оқланганим тўғрисидаги ҳужжатларни кўрсатсам, улар ўтмаяпти, - деганди Шаҳобиддин Бозорбоев.

Шаҳобиддин ҳибсдан 11 июнь куни озод қилиниши кутиляпти.

XS
SM
MD
LG