Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:24

COVID-19 инқирози кучайган сари Мирзиëев ҳам Марказий Осиë етакчилари ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга уринмоқда


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев.

Марказий Осиë етакчилари бундан икки йил аввал¸ ўшандаги номи Остона бўлган Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган тарихий учрашувда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга ваъда берган эдилар.

Бу минтақа президентларининг қарийб 20 йил ичидаги биринчи саммити эди. Марказий Осиë раҳбарлари¸ гарчи ўзаро ҳамкорлик борасида айтарлик иш кўринмаëтган бўлсада¸ 2019 йил ноябрида Тошкентда ҳам айни ваъдани такрорлаган эди.

Орадан бир йилча ўтиб бошланган коронавирус пандемияси Марказий Осиë давлатларига жуда кўп томондан таъсир қилаëтган мисли кўрилмаган муаммога айланди.

Очиғини айтганда¸ Марказий Осиëдаги беш давлатнинг коронавирусга нисбатан сиëсати ва кўраëтган чора-тадбирларида¸ ер юзининг бошқа исталган минтақасидаги каби¸ муштараклик кўринаëтгани йўқ.

Ҳар бир давлат¸ ўзи дуч келаëтган муаммолар кўлами ва ўз имконини чамалаб¸ коронавирусга қарши курашда қандай чора-тадбир қўллашни ўзи ҳал қилмоқда.

12 март куни Қозоғистон минтақада биринчи коронавирус ҳолати қайд этилганини эълон қилганидан бери Марказий Осиëда бўлинишнинг янги кўриниши пайдо бўлди.

Қозоғистон¸ Қирғизистон ва Ўзбекистон коронавирусга чалиниш ҳолатларини ҳар кун қайд қилиб¸ унинг тарқалишини тўхтатиш учун чоралар кўраëтган бўлса¸ коронавирус йўқлигини расман айтиб келаëтган Тожикистон ва Туркманистон деярли ҳеч нарса қилмаëтир.

Марказий Осиë президентлари 2018 йилги Остона саммитида.
Марказий Осиë президентлари 2018 йилги Остона саммитида.

Қозоғистон ва Ўзбекистондаги олий даражали учрашувларда қилинган ваъдаларга қарамай¸ минтақа етакчилари ўртасида ҳозирча айтарлик ҳамкорлик кузатилгани йўқ.

Аммо март ойи охирига келиб Ўзбекистоннинг Қирғизистонга тиббий ниқоблар¸ вирусдан ҳимояловчи кийимлар ва тест тизимларини юбориши ортидан бу вазиятда секинлик билан бўлсада¸ ўзгариш кузатилмоқда.

Мирзиëев етакчиликни қўлга олди

Агар жорий вазиятда Марказий Осиëдаги коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга фаол ҳаракат қилаëтган битта одам бўлса¸ у ҳам Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевдир.

Ўзбекистон¸ Қозоғистондан икки кун ўтиб¸ 14 март куни коронавирусга чалинишнинг биринчи ҳолати қайд қилинганини билдирди.

18 март куни Мирзиëев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали икки давлатнинг вирус тарқалишини тўхтатиш борасидаги чораларини муҳокама қилди.

20 март куни Мирзиëев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга сим қоқди ва айтилишича¸ бу суҳбатда ҳам коронавирусга қарши кураш масаласи тилга олинган.

Қозоғистон минтақада коронавирусга чалинганлар сони бўйича биринчиликда қолмоқда – 3 апрелга қадар мамлакатда вирусга чалинганлар сони 453 тага етди¸ уч ҳолат ўлим билан тугади.

Аҳолиси сони бўйича минтақада энг катта бўлган Ўзбекистон вирус тарқаши бўйича иккинчиликда – 3 апрелгача вирус юқтирганлар сони 221 нафарни¸ ўлганлар эса¸ иккитани ташкил этди.

3 апрелга қадар Қирғизистонда вирус юқтирганлар 130 тага етди ва биринчи ўлим ҳолати қайд этилди.

Шавкат Мирзиëев кейинги икки ҳафта ичида камида икки марта Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам гаплашди. Ўзбекистон президентининг Twitter саҳифасига кўра¸ 18 ва 27 март кунлари иккала президент “пандемияга қарши курашнинг самарали чоралари” ва “коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган муҳим тадбирлар” ҳақида гаплашган.

Афтидан¸ Туркманистон халқи олдида коронавирус сўзини оғизга олмаëтган Бердимуҳамедов¸ бошқа давлат раҳбарлари билан уни ишлатаëтган кўринади.

27 март куни Мирзиëев Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан ҳам телефонда “эпидемиологик вазият”ни муҳокама қилди.

Бу суҳбатдан бир кун олдин Мирзиëев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ҳам телефонда сўзлашди ва “жорий пандемияга қарши кураш борасида фикр-мулоҳаза алмашди”.

Ўзбекистон Марказий Осиëнинг қолган давлатлари ва Афғонистон билан муштарак чегарага эга бўлгани боис¸ инқироз пайтида қўшнилар билан алоқада бўлиш соғлом ақлга мувофиқ ишдек кўринади.

Аммо Шавкат Мирзиëевнинг минтақа давлатлари билан координация масаласида ҳозиргача Ислом Каримов бутун президентлиги даврида қилганидан кўра кўпроқ иш қилганини эътироф этиш лозим.

Ҳозирча Мирзиëев фақат битта қўшниси билан гаплашмаган кўринади ва бу ҳақда сал пастроқда тўхталамиз.

Ўзбекистон харитаси.
Ўзбекистон харитаси.

Жорий вазиятда Қозоғистон ва Қирғизистон ўз ораларида анча давом этган чегара муаммосини ҳал қилишда аввалгидан яхшироқ ҳамкорлик қилмоқда. Ўтмишда бу муаммо туфайли чегаранинг қирғиз томонида километрларга чўзилган юк машиналар тиқини пайдо бўлган эди.

Қирғизистон учун¸ Қозоғистон ҳудуди орқали экспорт ва импорт қилиш аҳамияти ҳеч қачон ҳозиргидек муҳим бўлган эмас.

Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин ва қирғизистонлик ҳамкасби Муҳаммедкали Абулғазиев 15 март кунги телефон суҳбатида чегараларда юзага келган юк машиналари тиқинини юмшатиш ва коронавирус тарқалишига қарши биргаликда ишлаш ҳақда келишиб олди.

Бу суҳбат бўлган куни ҳали Қирғизистонда коронавирус расман қайд этилмаган эди.

Аммо 18 март куни Қирғизистонда биринчи ҳолат қайд этилиши эртасигаëқ Жээнбеков Тоқаев билан “коронавирусга қарши курашда муштарак ҳаракат” қилишни муҳокама қилди.

25 март куни қирғиз ва қозоқ Бош вазирлари айни шу йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида яна гаплашди.

Раҳмон четда қолди

Минтақада коронавирус тарқай бошлаганидан бери Шавкат Мирзиëев ҳозирча гаплашмаган қўшни раҳбар Тожикистон президенти Имомали Раҳмон бўлади.

Аслида¸ 28 март куни Қирғизистон президентининг Раҳмонга телефон қилгани ҳисобга олинмаса¸ Тожикистон президентининг қўшниларидан бошқа бирортаси билан гаплашгани маълум эмас.

Тожикистондаги Ховар хабар агетлигига кўра¸ тожик ва қирғиз президентлари “юқумли касаллик (коронавирус)нинг чегаралардан ўтиб тарқалишини тўхтатиш” ва пандемия оқибатларини юмшатиш учун” минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш аҳамияти” ҳақида гаплашган.

Тожикистонда ҳаëт коронавирус пандемияси йўқ каби давом этмоқда - 25 март куни президент Раҳмон янги мактаб очилишида қатнашди.
Тожикистонда ҳаëт коронавирус пандемияси йўқ каби давом этмоқда - 25 март куни президент Раҳмон янги мактаб очилишида қатнашди.

Бу хабарнинг “юқумли касалликнинг чегаралардан ўтиб тарқалиши” ҳақидаги қисми¸ ҳозиргача Тожикистонда коронавирусга чалинганлик бўйича бирор ҳолат расман очиқланмаган бир вазиятда¸ жуда қизиқдир.

Туркманистон ҳам коронавирус йўқлигини айтмоқда ва иккала давлатда ҳозирча оммавий тадбир ва йиғинлар тақиқлангани йўқ.

Масалан¸ Тожикистон ва Туркманистонда Наврўз тадбирлари режадагидек ўтказилди¸ масжидлар ҳамон очиқ қолмоқда.

Билганингни қил

Тожикистон ва Туркманистондаги бу вазият Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Қирғизистондаги вазиятнинг тамом тескарисидир – бу давлатларда шаҳарлар ëпилиб¸ аксар аҳолига уйдан чиқмаслик буюрилди.

Айни пайтда¸ Туркманистон ҳукумати халқаро парвозларни пойтахт эмас¸ шарқий Туркменабад шаҳридаги иккинчи даражали аэропортга қўндириб¸ келганларни карантин лагерларига олиб¸ мамлакат ичкарисидаги ҳаракатланишни кескин чекловчи тадбирларни жорий қилди.

Бундай чораларга қарамай¸ ҳукумат “коронавирус” деган сўзни оғизга олишдан бош тортмоқда ва туркман хизматига келаëтган хабарларга кўра¸ бу сўзни айтганларни хавфсизлик кучлари кўчадан ушлаб кетмоқда.

Тожикистон ҳозирча коронавирус пандемияси муносабати билан деярли чеклов жорий қилмади. То бугунга қадар тожикистонликлар аввалги ҳаëт тарзини давом эттирмоқда¸ вилоятлар ўртасидаги ҳаракатланиш бемалол¸ бозор ва дўконлар очиқлигича қолмоқда.

Ҳукумат томонидан кўрсатилаëтган бундай лоқайдлик коронавирус тарқалиши учун мукаммал шароит яратмоқда ва афтидан Тожикистон қўшниларини асабийлаштирмоқда.

Айни шу вазият¸ ҳозиргача нега фақат Жээнбековнинг Раҳмон билан фақат яқиндагина гаплашган ягона қўшни президент эканини изоҳлаши мумкин.

Қирғизистон ва Тожикистон Фарғона водийсидаги энг кўп ўтиб-қайтиладиган чегарага эгалиги ва бу чегаралар нафақат товар ва маҳсулотлар¸ балки коронавирус ўтиши учун ҳам қулай эканлиги қирғиз президентини Раҳмонга қўнғироқ қилишга ундаган кўринади.

Ўзбекистон ҳам Фарғона водийсида Тожикистон билан чегарадош. Ўзбекистон президентининг ҳозирга қадар Раҳмонга қўнғироқ қилмагани¸ тожик президентининг коронавирус тарқашини назорат қилиш бўйича чора қўллашга беписандлик билан қараëтганидан Тошкентнинг норозилиги ифодаси бўлиши мумкин.

Брюс Панниер

Озод Европа/Озодлик радиосининг Қишлоқ овози блоги ва Мажлис подкасти муаллифлaридан бири.

XS
SM
MD
LG