Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:27

"Шуҳрат Домбрабадский" ва унинг акаси устидан ярим йил олдин бошланган ёпиқ суд тўхтатилди


Ака-ука Шавкат (чапда) ва Шуҳратилла Носировлар
Ака-ука Шавкат (чапда) ва Шуҳратилла Носировлар

8 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судья Зафар Нурматов халқ орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратилла Носиров ва унинг акаси Шавкат Носиров устидан салкам олти ой муқаддам бошланган ёпиқ суд жараёнини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Бу ҳақда Озодликка суд жараёнидан хабардор айбланувчилар яқинлари ва айрим гувоҳлар 15 май куни маълум қилди.

Суд-адлия тизимдаги Озодлик манбаларидан бирининг хабар беришича, Олий Суд ака-укалар ишини кўриб чиқиш учун Сирдарё вилояти судига 14 май куни йўллаган.

Уларга кўра, судья Зафар Нурматовнинг бундай қарорни олишига прокурор Бахтиёр Самуковнинг судья ва суд ҳайъатининг холислигига билдирган ишончсизлиги сабаб бўлган.

62 яшар Шуҳратилла Носиров Жиноят кодексининг 145-моддасининг 1-қисми ("Виждон эркинлигини бузиш"), 165-моддаси 3-қисмининг “а” банди ("Товламачилик"), 227-моддаси 2-қисмининг "а" банди ("Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш") билан, унинг 63 яшар акаси Шавкат Носиров эса Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисмининг "а" банди ("Товламачилик"), 211-моддаси 3-қисмининг “а” банди ("пора бериш") билан айбланмоқда.

Ака-укалар ўтган йил 8 июнда Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимларидан иборат махсус гуруҳ томонидан Тошкентдаги уйидан олиб кетилгани ҳақида биринчи бўлиб Озодлик 26 июнь куни хабар қилганди.

"Шуҳрат Домбрабадский" ва унинг акаси устидан ярим йил олдин бошланган ёпиқ суд тўхтатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:24 0:00
Бевосита линк

Прокурор эътирози

Суд жараёнидан хабардор гувоҳлардан бирининг айтишича, ака-ука Носировлар устидан суд ҳукми ўқилиши арафасида "кутилмаганда" прокурор Бахтиёр Самуков суд ҳайъатига ишончсизлик билдирган.

"Прокурорнинг суд таркибига кутилмаганда раддия билдиргани учун унинг илтимосномаси қаноатлантирилди ва суд шу жойнинг ўзида ажрим чиқариб, ишни тугатди ва "дело Олий судга юборилсин" деб, ажрим чиқарди",- деди суд ёпиқ тарзда ўтаётгани учун исми сир қолишини сўраган гувоҳлардан бири.

Айбланувчилар яқинларидан бирининг маълум қилишича, прокурорнинг ишончсизлик билдиришига суд раисининг қайта экспертиза ўтказиш ҳақидаги прокурор талабини рад қилгани сабаб бўлган.

"Прокурор биринчи терговни тиклашни сўради. Кейин суд маслаҳатга кириб кетди ва илтимосномани қондирди. Прокурор кейин қайта экспертиза ўтказиш бўйича илтимоснома киритди. Лекин суд бу илтимосномани рад қилганидан кейин прокурор ўрнидан туриб судьяга: “Сиз олдин санкция бўйича апелляцияда қатнашгансиз, сизнинг холислигингизга менда гумон бор, деди. Кейин унинг ҳайъатни ўзгартириш илтимосномасини судья қондирди", деди айбланувчилар яқинларидан бири.

Шуҳратилла Носировнинг келини, Шаҳноза Носирова, ҳукм чиқиш арафасида суднинг тўхтатилгани шубҳали эканини айтди:

- Судья қамашга асоси йўқлигини биларди. Шунга прокурор судга ишончсизлик билдирган. Судья маслаҳат хонасига кириб, прокурорнинг раддиясини қаноатлантирган. Ҳукмни ўқимаган. Судьянинг суд залида қайнатам Шуҳрат ака ва уларнинг акалари Шавкат акага қараб айтган охирги гапи ҳамманинг эсида қолган: "Ҳамманинг олдида виждоним тоза!" Шу гапни айтиб, судья суд залини тарк этган. Судьянинг бу гапидан билиниб турибдики, у айбланувчиларни оқламоқчи бўлган, лекин бунга кучи етмаган. Қаердандир босим бўлаётгани аниқ, - деди Шаҳноза Носирова.

Аввалроқ, судда иштирок этган гувоҳларга кўра, прокурор Бахтиёр Самуков ака-ука Носировларнинг иккаласигаям ўн йилдан қамоқ жазоси сўраган, адвокатлар уларни бутунлай оқлашни талаб қилган, айбланувчилар эса қўйилган барча айбловларни рад этганди.

Ака-ука Носировлар устидан ўтаётган суд жараёни борасида Озодлик Тошкент шаҳар судидан ҳам, Олий суддан ҳам изоҳ ололмади.

Ёмонотлиқ қилиш кампанияси

Ака-ука Носировлар ҳибсга олинишидан уч ҳафта ўтиб, яъни 1 июлда "Ўзбекистон-24" телеканали улар ҳақида "Манманликнинг охирги бекати" номли ҳужжатли фильмни намойиш қилди.

YouTube тармоғига жойлаштирилган фильмда Шуҳратилла Носиров ва унинг акаси ўта оғир жиноятчи сифатида тасвирланади.

Тергов материаллари асосида тайёрланган мазкур фильмда даъво қилинишича, ака-ука Носировлар Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги "Носирхон" жоме масжидини "муқаддам ўз ҳисобларидан қурдирганликларини айтиб, уни ўзларнининг шахсий мулкига айлантиришга уринганлар".

"Хусусан, бу зўравонлар масжиднинг муҳр ва штампини ўзбошимчалик билан қўлга киритиб, муҳрда мавжуд бўлган O'zbekiston Musulmonlari Idorasi сўзларини олиб ташлаган ҳолда янги шаклни ясатишган ва масжид номидан иш кўриб келишган," дея таъкидланади ҳужжатли фильмда.

Шунингдек, ​ака-укаларни айбдорлар сифатида тақдим этган ушбу фильмда уларнинг масжид номини ўзгартиришга уринганликлари алоҳида таъкидланади.

Холавачча шикояти

Ака-ука Носировлар уларнинг холаваччаси Баҳодир Шароповнинг ҳуқуқ-тартибот органларига қилган шикоятидан кейин ҳибсга олинганди.

Озодлик қўлга киритган тергов хулосасидан маълум бўлишича, Шуҳратилла Носиров холаваччасининг Дўмбробод даҳасида жойлашган ҳовлисини сотиш режасидан ғазабга келиб, ундан уй ҳужжатларини куч билан қайтариб олган.

Ўтган йил декабрида Озодлик билан суҳбатлашган Баҳодир Шаропов холаваччалари уни 2017 йил ноябрида "30 минг доллар олдим" дея тилхат беришга мажбурлаганликларини даъво қилганди.

- Энди сиз Шуҳратни биласизми? У шофер эмас, у магазинчи эмас. Тушунтира олдимми? У авторитет бўлган одам. Шунинг учун ҳам унга қаршилик қилишим бефойда эди, - дебганди Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Шаропов.

Ака-укалар кўрсатмаси

Суд жараёнини бошдан кузатиб келаётган гувоҳлардан бирининг айтишича, суд пайтида ака-укалар воқеаларнинг мутлақо бошқача маназарасини тасвирлаганлар.

Шуҳратилла Носиров тергов ва суд пайтида унга эълон қилинган айбга умуман иқрор бўлмаган:

"У судда ҳеч қандай жиноятга аралашмаганини айтди. "Баҳодир Шароповга нисбатан ҳеч қачон зўравонлик қилмаганман, у билан уй масаласида умуман учрашмаганман, уйимгаям чақиртирмаганман, масжидгаям фақат жума кунлари қатнаганман, масжид фаолиятига умуман аралашмаганман, масжиднинг бирон бир ҳужжатини қўлимга олмаганман, тергов бошиданоқ мақсад бизни айбдор қилиш бўлди," деди," деди суд жараёнини кузатган гувоҳ.

Шуҳратилланинг акаси Шавкат ҳам суд жараёнида қилган чиқишида уларга қўйилган айбловни "туҳмат" дея баҳолаган.

"Шавкат ака боболари томонидан қурилган "Носирхон" масжидига фақат қурилиш ва ободонлаштириш ишларида ёрдам бериб келганини, уни ўзиники қилиб олиш мақсади умуман бўлмаганини айтди. Масжид имоми масжиднинг ҳужжатлари йўқлигини айтиб ундан ёрдам сўрагани учун масжид ҳужжатларини тайёрлаганини айтди. Масжид печатини кадастрдагилар талаб қилгани учун қонуний жамиятда тайерлаган экан," деди гувоҳ.

Унинг қўшимча қилишича, Шавкат Носиров 30 минг доллар берганидан кейингина унинг холаваччаси Баҳодир Шаропов "ўз ихтиёри билан" билан уйни сотишга рози бўлган ва олди-сотди ҳужжатига имзо қўйган.

Якуни кўринмаётган жараён

Суд-адлия тизимдаги Озодлик манбаларидан бирининг хабар беришича, Олий Суд ака-укалар ишини кўриб чиқиш учун Сирдарё вилояти судига 14 май куни йўллаган.

"Олий суд делони кеча Сирдарё вилоятига юборган. Сабаби ҳозирча номаълум. Суд қачон қайтадан бошланади, ким суд, ким прокурор бўлишини ҳозирча ҳеч ким билмайди," деди суд-адлия тизимидаги Озодлик манбаси.

Шуҳрат Домбрабадский

"Шуҳрат Домбрабадский" ҳибсга олинган пайт
"Шуҳрат Домбрабадский" ҳибсга олинган пайт

Тошкентликлар орасида "Шуҳрат Домбрабадский" номи билан танилган Шуҳратилла Носиров 90-йилларда "ўғирланган машиналарни топиб берадиган" авторитет сифатида танилган.

У 1993 йили Тошкент шаҳар суди тарафидан уюшган жиноятчиликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва икки "раскрутка" билан жами 23,5 йил қамоқда ўтирган.

Дастлабки ҳукмда таъкидланишича, Шуҳратилла Носиров "автомобиль воситаларини олиб қочиш, бошқалар мулкини тортиб олиш, тамагирлик, ўғрилик, мол-мулкка қасддан зиён етказиш, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва қурилиш молларини ноқонуний ўзлаштириш"да айбдор деб топилган.

"Шуҳрат Домбрабадский" 2016 йил 18 августда, Жазони ижро этиш бош бошқармаси қарори билан, муддати тугагани боис қамоқдан озод қилинган эди.

Озодлик гаплашган яқинлари, қамоқдан чиққандан кейин Шуҳрат Носировнинг "ҳеч кимга қўшилмай, осуда" ҳаёт кечириб келганини билдирди.

XS
SM
MD
LG