Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Россия фазогирлари ХФСдаги сирли тешик атрофидан намуна олди


Россиялик икки нафар фазогир 11 декабрь куни Халқаро фазо станциясига (ХФС) тиркалган “Союз” кемасидаги сирли тешик атрофидан намуна олди.

“Роскосмос” агентлиги ушбу амалиётнинг мақсади “кичик, аммо хавфли” тешик Ерда ёки фазода пайдо бўлганини аниқлаш эканини билдирди.

Икки миллиметрли тешик жорий йилнинг август ойида ХФСдан ҳаво қочишига сабаб бўлган эди.

Сешанба кунигача фазогирлар тешикни фақат кема ичкарисидан кузата олган, холос.

7 соат-у 45 дақиқага чўзилган амалиёт давомида фазогирлар Олег Кононенко билан Сергей Прокопев тешикни қоплаб турган изоляцион материални кесиб, тешик атрофидан намуна олишга муваффақ бўлишди.

ХФСдан фарқли ўлароқ, “Союз” кемаси ҳавода таъмирлаш учун мўлжалланмаган. Шунинг учун ҳам тешик атрофидан проба олиш фазогирлар учун ўта мушкул бўлди.

ХФСдан очиқ фазога чиқишдан олдин Кононенко “Союз” ракетасида ушлаб туриш мумкин бўлган дастак йўқлигини айтди.

“Роскосмос” директори Дмитрий Рогозин октябрь ойида тешик ишлаб чиқариш давомида пайдо бўлмаганига шубҳа йўқлигини таъкидлаган эди. Рогозин тешикни фазода биров атайин пайдо қилган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурганди.

Аввалроқ Россия матбуоти АҚШ фазогирлари бемор ҳамкасбларини Ерга қайтариш учун “Союз” корпусини атайин тешган бўлишлари мумкинлиги ҳақида хабар қилди. Аммо Россия расмийлари бу хабарни рад этди.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромида учирилган “Союз” ракетаси старт чоғида аварияга учради, ракета бортида ХФСга йўл олган NASA фазогири Ник Хейг билан “Роскосмос” космонавти Алексей Овчинин омон қолди.

“Роскосмос” расмийларининг айтишича, тешик атрофидан олинган намуналар Ерга юборилади.

Амалиёт давомида фазогирлар сурат ва видео олиб, тешикни янги изоляцион материал билан қоплаган.

2011 йилдан бери фазогирлар ХФСга фақат “Союз” ракеталари бортида чиқариб келинади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

XS
SM
MD
LG