Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:14

Талаба йигит ўрик дарахтига осилган ҳолда топилди


Фарғона политехника институти талабаси олийгоҳ боғида осилган ҳолда топилди
Фарғона политехника институти талабаси олийгоҳ боғида осилган ҳолда топилди

4 март куни эрталаб Фарғона политехника институтининг 2-курс талабаси олийгоҳ боғидаги ўрик дарахтига осилган ҳолда топилди. Прокуратура талаба йигитнинг ўлими сабаблари ўрганмоқда. Талабанинг ўз жонига қасд қилишига олиб келган сабаб ва мотивлар ҳозирча маълум эмас.

Ўрикка осилган талаба

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка билдиришича, талаба йигит 3 март куни тунда ўзини осган:

Ўзини осган талаба
Ўзини осган талаба

“Бу бола кеча- 3 март куни политехника институти боғидаги ўрикка ўзини осган. Бугун эрталаб олийгоҳ қоровули уни ўлик ҳолда топган ва институт раҳбариятига хабар берган”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидан бўлган 24 яшар талаба йигитнинг исми-шарифи Озодликка маълум, аммо воқеа ўрганиш жараëнида бўлгани учун бу маълумот очиқланмаяпти.

Фарғона политехника институти раҳбарияти талаба йигитнинг осилган ҳолда топилганини тасдиқлади.

“Талаба 1995 йилда туғилган. Институтимизнинг қурилиш бўлимида, Геодезия, картография ва кадастр йўналиши бўйича иккинчи курсда ўқирди. Бугун эрталаб хабар топиб, ҳаммамиз шокда ўтирибмиз”, деди ўзини таништирмаган олийгоҳ масъули.

Мотивлар...

Талабанинг ўлими ҳақида Озодликка хабар берган манба иддаосига кўра, шартнома пулини тўлай олмагани талабанинг ўзини осиб, ўлдиришига сабаб бўлган.

“Ўлим сабаби тахмин қилинишича, ректор, декан ва куратор талабадан контракт пулини тўлашни қаттиқ талаб қилган ва бола бунинг оқибатида шокка тушган. Уйдагиларига эса пул муаммо бўлган ва бола институтда нишонга айланган, ким кўрса, сўкаверган. Нимага раҳбарият талабага имкон беришмади? Ҳали март ойи бўлса, тўлардику”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор манба.

Олийгоҳ масъули эса бу тахминни инкор қилди.

“Тўғри у талаба ҳали контракт пулини тўламаган. Лекин ота-онаси ўзига тўқ одамлар экан, уларда пул муаммоси йўқ экан. Контракт пули унинг ўзини ўлдиришига сабаб бўлиши ҳақиқатдан узоқроқ. Ҳозир сабабларини айта олмаймиз. Чунки ўзимиз билмаймиз”, деди олийгоҳ масъули.

Масъулга кўра, талабанинг ўлими юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси суриштирув олиб бораяпти.

“Эрталаб хабар топишимиз билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдик. Улар келиб, талаба мурдасини экспертиза қилиш учун олиб кетишди. Ҳозир талабанинг ота-онасини ҳам чақиртирганмиз. Улар ҳам шок ҳолатида ўтиришибди”, деди олийгоҳ масъули.

Озодлик Фарғона шаҳар прокуратурасидан бу воқеага муносабат ололмади.

"Суицид кўпаймоқда"

Ўзбекистонда ёшлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда.

Ўтган уч ой давомида Озодликка билдирилган ана шундай саккизта воқеа ҳақида хабар берилди.

26 февраль куни Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги 13-умумтаълим мактабининг 10-синф қизбола ўқувчисининг жасади ўз уйида топилган.

24 февраль куни Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги 11-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси ўз уйи айвони тўсинига осилган ҳолда топилди.

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 9-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган бола 7 февраль куни уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида коллеж ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз ўз уйида осилган холда топилди. 22 январ куни рўй берган ушбу ҳодиса ҳақида Озодликка марҳумнинг курсдошларидан бири 31 январь куни хабар қилди.

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган.

15 январда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабаси осилган ҳолда топилди. Курсдошларининг Озодликка айтишича, талаба ўзини ўзи осган бўлиши мумкин.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Ҳукуматнинг суицидга қарши тадбирлари

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Жорий йилнинг 15 феврал куни эса президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарорига мувофиқ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

Талаба йигит ўрик дарахтига осилган ҳолда топилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG