Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:34

“Таслим бўлмаётган қалъа” Азовстал металлургия заводига фотонигоҳ


Мариуполдаги совет даврида қурилган Азовстал темир ва пўлат заводини ҳужжатлаштирган сураткаш завод ҳақидаги маълумотларни тақдим қилди.

Кремл назоратидаги ТАСС ахборот агентлигига кўра, 19 апрель куни Россия қўллаб-қувватловидаги айирмачилар “иншоотни эгаллаш учун тузилган ҳужум гуруҳлари” билан Мариуполдаги Азовстал заводига кириб кела бошлаган.

18 апрель куни Россиянинг Украинага бостириб киришидан қарийб икки ой ўтиб Мариуполдаги Азовстал темир-пўлат заводи тепасида тутун кўтарилди.
18 апрель куни Россиянинг Украинага бостириб киришидан қарийб икки ой ўтиб Мариуполдаги Азовстал темир-пўлат заводи тепасида тутун кўтарилди.

Баҳсли Азов батальонининг украин жангчилари, нео-нацист рамзлари акс эттирилган байроқларни кўтариб олган батальон аъзолари қирғинбарот жангга тайёргарлик кўриш учун завод ичига яширинган. Украиналиклар таслим бўлиш ҳақидаги олдинги чақириқларга жавоб бермаган.

1978 йил. Азовстал дарвозаси
1978 йил. Азовстал дарвозаси

Азовстал ўз фаолиятини 1933 йилда, совет ҳукумати юкларни темир рудаси конларидан келтириш қулай бўлгани учун Азов денгизи соҳилидаги жойни танлагач бошлаган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан олдин заводда 10 000 дан ортиқ киши ишлаган.

1943 йилда Мариуполдан чекинаётган фашистлар вайрон қилган Азовсталнинг бир қисми.
1943 йилда Мариуполдан чекинаётган фашистлар вайрон қилган Азовсталнинг бир қисми.

1941 йилда завод ичидаги жиҳозларнинг кўп қисми Совет Иттифоқининг шарқий ҳудудларига олиб кетилгандан сўнг Азовстал ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.

Сураткаш Виктор Мача
Сураткаш Виктор Мача

Чехиялик саноат сураткаши Виктор Мача 2016 йилда заводнинг ички қисмини ҳужжатлаштирган. Мачанинг айтишича, у бутун Европа бўйлаб металлургия заводлари ёпилиши ва режали бузилишларида иштирок этган. Бироқ, унинг фикрича, Азовсталнинг ҳозирги ўққа тутилиши “мутлақо назоратсиз ваҳшийлик”.

Қуйидаги фотосуратлар Мача 2016 йилда Азовсталга борганида олинган бўлиб, ҳозирги жангларнинг якуний қисми қандай бўлиши ҳақида бир оз тасаввур беради.

Азовсталдаги печлар ва катта майдондан ўтадиган темир йўллардан бири
Азовсталдаги печлар ва катта майдондан ўтадиган темир йўллардан бири

Украина жануби-шарқидаги Мариуполда иккита йирик металлни қайта ишлаш заводи жойлашган. Азовсталдан каттароқ бўлган Илич пўлат заводи апрель ойининг ўрталарида Россия бошчилигидаги кучлар томонидан босиб олинган ва катта зарар кўрган. Мачанинг айтишича, кичикроқ Азовстал заводи украиналик жангчиларнинг сўнгги истеҳкоми сифатида танлангани бежиз эмас, чунки унинг остида "бомбадан муҳофаза қилувчи бошпаналар" мавжуд.

Азовстал пўлат заводи ишчиси
Азовстал пўлат заводи ишчиси

2016 йилги ташрифи чоғида унга Азовстал бошпаналарига киришга рухсат берилмаган бўлса-да, Мачанинг айтишича, завод 1940‑йилларда Иккинчи жаҳон урушининг оғир сабоқларидан сўнг қайта тикланганида, совет ҳукумати “аввал бомба бошпаналарини қурган, кейин эса юқоридаги пўлат тегирмонни қайта қуришган. Шу сабабли заводдагилар яхши ҳимояланган, аммо бу етарли эмас”.

Азовсталдаги оғир пластинка букадиган станоклар
Азовсталдаги оғир пластинка букадиган станоклар

Мача Озодлик билан суҳбатда кучли бомбаланган завод ичидаги шароитни “ҳақиқий даҳшат бўлса керак” деб тасаввур қилишини таъкидлади. “Азов батальони ва тинч аҳоли ҳозир нималарни бошидан кечираётганини тасаввур қила олмайман”, дейди сураткаш.

Мариупол шаҳар кенгашининг билдиришича, Азовстал остидаги бункерларда 1000 дан ортиқ тинч аҳоли бошпана топган. Россия қўллаб-қувватлайдиган айирмачилар эса завод ҳудудида тинч аҳоли борлигини рад этади.

Азовсталдаги печлар
Азовсталдаги печлар

Чехиялик сураткаш Мариуполдан келаётган хабарларни диққат билан кузатиб бормоқда ва жангдан кейин "Азовсталдан кўп нарса қолмайди" деган хавотирда.

Азовсталда иссиқ металл аралаштиргич
Азовсталда иссиқ металл аралаштиргич

Азовсталнинг аллақачон узоқ ўтмишда бошдан кечирган вайронагарчилик тарихини инобатга олган ҳолда, Мача украиналиклар учун бундай вазият янгилик эмаслиги, улар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин бўлгани каби, Азовстални яна тиклашига ишонади.

XS
SM
MD
LG