Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:27

Қирғизистонда ўзбек тилини ўқитиш қисқариб кетди. Ўқитувчилар президент Жапаровга шикоят йўллади


Ўшдаги мактаблардан бири.
Ўшдаги мактаблардан бири.

Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги мактабларда ўзбек тилини ўқитиш соатлари қисқариб кетди. Бундан норози бўлган ўқитувчилар президент Садир Жапаровга ариза йўллади. Ўқитувчилар ўзбек тили соатлари ҳеч бўлмаганда рус тили дарслари даражасида қайта тикланиши лозимлигини талаб қилмоқда.

Ўқитувчилар ўз аризаларида Қирғизистон Республикаси Конституциясида мамлакатда яшаётган барча этник гуруҳлар вакилларига ўз она тилини асраб-авайлаш, ўрганиш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш ҳуқуқи кафолатланишини таъкидлаган.

Ўқитувчилар, шунга қарамай, кейинги йилларда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда она тили ва адабиёт фанидан соатлар кескин камайиб кетганидан норози эканликларини билдирган.

“Мавжуд вазият ўқувчиларга ўзбек тилини етарли даражада ўрганишига имкон бермаяпти. Дарс соатлари қисқариши ортидан кўплаб ўқитувчилар ишсиз қолиши мумкин. Ўтган ўқув йилида 9-синфда “Жаҳон динлари тарихи” деган янги фан жорий этилган эди. Мана шу баҳонада “Ўзбек тили ва адабиёти” фанига ажратилган икки соат олиб ташланди. Бу ўқув йилида ҳам 7-8-синфлар учун ҳам шундай бўлди”, — дейилади мурожаатда.

Мурожаат муаллифлари таълим турли тилларда олиб бориладиган мактабларда тил ва адабиёт фанидан соатлар сонини солиштирдилар: Масалан, таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда 5-9-синфларда “Рус адабиёти” икки соат, 10-11-синфларда уч соат ўқитилади.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда 5-синфларда «Ўзбек адабиёти” учун икки соат, 6-11-синфларда бир соат ажратилган. Тожик мактабларида ҳам худди шундай ҳолат.


“Бу адолатданми? Бу республикада яшаётган қардош халқларга ҳурматсизликнинг кўриниши,- дейилади мурожаатда. - Адабиёт болаларга ҳаётни ўргатиб, тарбиялашда муҳим фанлардан бири эканлигини ҳамма билади. Адабиёт ўқимаса, маънавий камбағал, саводсиз бўлиб ўсади ва жамиятга фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради”.

Мурожаат муаллифлари Қирғизистон фуқароси эканликлари ва ўз ватанларини севишлари, қирғиз тилини билишлари ва ҳурмат қилишлари, фарзандлари давлат тилида гаплашишларини қайд этишади. Лекин «соат тақсимлашда» холис бўлиш кераклиги айтилади. Ўқитувчиларнинг фикрича, рус тили ва адабиёти дарслари қанча бўлса, ўзбек тили ва адабиёти соатлари ҳам шунча бўлиши керак.

Улар Жапаровдан базавий ўқув дастурини қайта кўриб чиқишни, фан бўйича соатларни кўпайтиришни ва “нонларини қайтариб беришни” сўрашади.

Ўқитувчилар икки ой аввал ҳудди мана шундай талаб билан Қирғизистон Таълим вазирлигига мурожаат йўллаган эди. Бироқ вазир ўринбосари Расул Абазбек ўғли қайтарган жавоб ўқитувчиларни қаноатлантирмаган.

Қирғизистон Халқ таълими вазири ўринбосарининг жавоб хати.
Қирғизистон Халқ таълими вазири ўринбосарининг жавоб хати.

Вазир ўринбосари хатида «Қирғиз ва рус мактабларида 5 та филологик предмет (қирғиз тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, чет тили) ўқитилиши», ўзбек мактабларида эса филологик фанлар 7 та ( қирғиз тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, ўзбек тили ва адабиёти, чет тили)ни ташкил этиши айтилади.

Вазир ўринбосарига кўра, қирғиз ва рус мактабларида филологик фанлар оз бўлгани учун уларда қирғиз ва рус тилларини ўқитиш соатлари кўпроқдир. Ўзбек тилли мактабларда эса филологик фанлар кўп бўлгани ортидан ўзбек тили ва адабиёти дарслари қисқартирилган.

Ўқитувчилар мурожаатни президентга 11 октябрида йўллаган. Ҳозирча президент маъмурияти бу мурожаатга муносабат билдирмади.

Форум

XS
SM
MD
LG