Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Хотинини отиб ўлдирган милиция капитани 19 йилга қамалди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Хатлон вилоят суди хотинини тўппончадан отиб ўлдирган Вахш туман ички ишлар бўлими ходими, милиция капитани устидан ҳукм чиқарди.

28 январь куни чиқарилган суд ҳукмига кўра, милиция капитани Набижон Аминжонов табел тўппончаси билан ўзининг хотини Турсуной Аминовани ўлдирганликда айбдор деб топилди ва 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ўзининг сўнгги сўзида судланувчи айбига иқрор бўлмади ва қотилликка алоқаси йўқлигини айтди. У суд қарорини «адолатсиз» деди.

Хатлон вилоят суди раисининг ўринбосари Темур Бойзоданинг айтишича, давлат айбловчиси судланувчини 21 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган, аммо суд жазо сифатида 19 йилга қамаш тўғрисида қарор чиқарди. «Аминжоновнинг адвокати суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга», - деди Темур Бойзода.

Набижон Аминжонов ўз хотинини ўлдирганликда гумон қилиниб, 2018 йилнинг 9 сентябрига ўтар кечаси ҳибсга олинган эди. Тергов аёл пешонасидан Макаров тўппончасидан отилган иккита ўқдан ҳалок бўлганини аниқлаган.

Темур Бойзоданинг айтишича, тергов давомида Аминжоновнинг вояга етмаган икки фарзанди руҳшунослар иштирокида ота-онаси ўртасидаги жанжалга гувоҳ бўлганликларини ва онасининг ўлимида отаси айбдор эканлигини айтган.

«Аминжоновнинг ўғли онасини отаси ўлдирганини айтди. Ўша куни кечқурун болаларнинг бақиргани сабаб қўшни етиб келган ва ўлиб ётган аёл ёнида эри турганини кўрган», -дейди Хатлон вилоят суди раисининг ўринбосари. Шу билан бирга руҳий жароҳат олмасликлари мақсадида фарзандлар суд жараёнида иштирок этмаслиги борасида қарор қабул қилинди.

Ҳукм қилинганнинг адвокати Сирожиддин Маҳмадалиевнинг айтишича, у Набижоннинг қариндошлари билан биргаликда суд ҳукми устидан шикоят қилиш ёки қилмаслик масаласини кўриб чиқмоқда. У шунингдек, ўз ҳимоясидаги мижоз айбига иқрор бўлмаганини айтди. «Набижон рафиқасини ўлдирмаганини таъкидламоқда. Унинг айтишича, рафиқаси билан жанжал вақтида узоқроқ кетган ва кўп ўтмай ўқ овозини эшитган, ортга қайтганида хотини ўлиб бўлган эди», - дейди адвокат.

Аниқланишича, Аминжонов бошқа бир аёл билан яшаган ва шу сабабли ҳам оилада тез-тез жанжал чиқиб турган. «Тергов давомида Аминжонов ўзининг иккинчи хотинига ҳам тўппонча билан пўписа қилгани аниқланди. Иккинчи хотинининг айтишича, бир куни у тўппончани бошига ўқталиб ўлдириш билан дўқ қилган. Унинг иккинчи хотини, онаси ва Аминжоновнинг иккинчи хотинидан бўлган боласи сўроқ қилинди», - деди прокуратура ходимлари.

XS
SM
MD
LG