Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:29

Тожикистонлик аёллар "Қаҳрамон она" бўлишни ҳавас қилмай қўйди


Тожикистонда 8 минг аёл орасида 2017 йил охирида ўтказилган сўров натижаларига кўра, тожикистонлик аёлларнинг 44 фоизи “Қаҳрамон она” бўлишни ҳавас қилмасликларини, фақат 3 фарзандни тарбия қилишга қодир эканликларини айтган.

Айни дамда, Тожикистон собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида фарзанд кўриш бўйича биринчи ўринда бўлиб, ҳар йили бу мамлакатда 200 минг чақалоқ дунёга келади.

Душанбелик 36 яшар Мавжуда Давлатованинг яшаш шароити яхши. Эри тадбиркор бу аёлнинг рўзғорида камчилик йўқ. Унинг уч фарзанди бор. Аммо Мавжуда бошқа фарзанд кўришни истамайди.

“Ўзинг учун яшаш ҳам лозим. Кўп фарзандни дунёга келтириб, биринчидан соғликини йўқотасан. Иккинчидан, фарзандларни тарбия қилиш, соғлом ва билимли вояга етказиш лозим. Мен барча куч-қувватимни учта болам тарбиясига сарфлашни истайман”-дейди Мавжуда Давлатова.

Мавжуданинг сўзларига қараганда, унинг кўплаб дугоналари ҳам, қайноналари, эрлари ва бошқа яқинларининг босимларига қарамай, “Қаҳрамон она” бўлишни истамайди.

“Никоҳ ва оила” нодавлат ташкилотининг раиси Марҳабо Зуннунованинг айтишича, бундай ёндашув одатда шаҳарларда кузатилади.

“Олдин аёлар уй бекаси эди. Ҳозир иқтисодий қийинчиликлар боис шаҳарларда аёллар рўзғорни тебратиш мақсадида ишлайди. Бугунги шароитда бир кишининг оилани таъминлашга кучи етмайди,”-дейди Марҳабо Зуннунова.

Совет даврида кўп фарзандли оилалар давлат томонидан молиявий ёрдамлар олиб, 10 нафардан ортиқ фарзандни дунёга келтирган аёллар “Қаҳрамон она” унвонига сазовор бўларди.

2000 йили Тожикистон ҳукумати “Оилани тартибга солиш” дастурини ишлаб чиқиб, мамлакатдаги оилаларга кўп фарзандлик одатидан воз кечишни тавсия берганди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи 9 фарзанднинг отасидир. Ҳукумат мулозимларининг аксари ҳам кўп фарзандли ҳисобланди.

Туғилиш даражаси бўйича Тожикистон ҳозир ҳам собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келади. Ҳар йили бу мамлакатда 200 минг чақалоқ дунёга келади. Охирги беш йил ичида мамлакат аҳолиси 1 миллион кишига кўпайган.

XS
SM
MD
LG