Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Толибон чегара яқинидаги қўшинлар барқарорликни таъминлашини айтмоқда


Толибон Бодғис ва Фараҳ вилоятларида тўртта янги батальон ташкил қилди.
Толибон Бодғис ва Фараҳ вилоятларида тўртта янги батальон ташкил қилди.

Толибон бошчилигидаги Афғонистон Мудофаа вазирлиги мамлакат шимоли, шимоли-шарқи ва ғарбидаги учта чегара вилоятида бир нечта янги ҳарбий қисмларни ташкил этиб, минтақага тахминан 4400 нафар қўшимча аскарни жойлаштирди.

Вазирликнинг 14 февраль куни хабар беришича, Умар Салис бўлинмаси Тожикистон, Хитой ва Покистон билан чегарадош Бадахшон вилоятида Толибон армияси штаб бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитрат томонидан расман тузилган. Вазирлик жойлаштирилган қўшинлар сонини маълум қилмаган бўлса-да, янги бўлинмалар 3000 га яқин аскардан иборат бўлиши тахмин қилинмоқда.

Айни пайтда мудофаа вазирлиги Туркманистон билан чегарадош Бадғис вилоятида Ал-Фарук корпуси таркибида тўртта батальон ташкил этилганини ҳам маълум қилди. Эрон билан чегарадош Фараҳ шаҳрида яна бир батальон тузилган. Бундай батальонлар одатда 350 га яқин аскардан иборат бўлади.

15 февраль куни Озодлик радиосининг маҳаллий мухбирлари қўшинлар ҳудудларга жойлаштирилганини тасдиқлади.

Толибон Бадахшон вилоятида янги бўлинма ташкил қилди.
Толибон Бадахшон вилоятида янги бўлинма ташкил қилди.

Бу каби қўшинлар жойлаштирилиши ўтмишда ҳам бўлган ва қўшниларни хусусан, Тожикистоннинг ғашига теккан.

Толибон янги "махсус кучларни" жойлаштириш ички хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилганлигини таъкидлади.

Толибон матбуот котиби ва Ахборот вазири ўринбосари Забиҳулло Мужоҳиднинг Озодликка айтишича, чегара вилоятларига сўнгги қўшин киритилиши минтақа барқарорлигига ҳисса қўшади.

“Ҳарбий кучларни жойлаштириш муайян хавфсизлик эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қилинди. Бу бошқа бир давлат учун таҳдид эмас, билакс минтақа хавфсизлиги учун ҳам фойда келтиради”, деди Мужоҳид Озодлик билан суҳбатда.

У “Биз барча қўшниларимизни Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ўз мамлакатлари хавфсизлиги учун ҳам фойдали бўлишига ишонтирмоқчимиз”, дея қўшимча қилди ва “Толибон Афғонистондан қўшниларига зарар етказиш учун фойдаланишларига ҳеч қачон йўл қўймайди” деган аввалги баёнотларини эслатиб ўтди.

Сўнгги икки ойда Толибон аскарлари туркман ва эрон чегарачилари билан икки марта тўқнашди. Эрон буни Толибон аскарлари номидан “тушунмовчилик” деб баҳолади. Туркманистон эса ҳеч қандай изоҳ бермади.

Айни пайтда Толибоннинг ашаддий танқидчиси Тожикистон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида жойлашган гуруҳлар хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Ҳокимиятни қўлга киритганидан бир неча ҳафта ўтгач, Толибон Бадахшон ва Тахор вилоятларига Лашкар-е Мансури номи билан маълум худкуш-террорчиларнинг эксклюзив батальонларини жойлаштирган ва бу Тожикистоннинг хавотирларни кучайтирган эди.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ҳарбийлари 2021 йил октябрида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида КХШТ бошчилигида ўқув машғулотлари ўтказди.
Россия, Қозоғистон ва Беларус ҳарбийлари 2021 йил октябрида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинида КХШТ бошчилигида ўқув машғулотлари ўтказди.

Турли манбалар Толибон Бадахшондаги тожик жангариларини АҚШ қолдирган янги қурол-яроғ, ҳарбий машиналар ва бошқа жиҳозлар билан қуроллантирганини маълум қилган.

Толибоннинг ички зиддиятдан қўрқуви

Экспертларнинг фикрича, Толибон ўз қўшнилари билан ҳарбий можарога боришни истамайди.

Афғонистонлик ҳарбий эксперт Умар Сапи Озодлик билан суҳбатда “кўп йиллик урушдан чиққан Толибон яна бошқа урушга киришдан манфаатдор эмас. Қўшинлар жойлаштирилишининг сабаби Толибон ўзига ичкаридан қаршилик бўлишидан хавотирда”лигини таъкидлади.

"Афғонистонни тарк этган сиёсий арбоблар ва собиқ ҳарбий қўмондонлар кескинликни қўзғашга ёки ҳужум уюштиришга ҳаракат қилиши мумкин, деган тахминлар кўп".

Унинг қўшимча қилишича, чегара вилоятларига қўшимча кучлар жўнатиш орқали Толибон эҳтимолий ҳужумларга тайёр туришни ва қўшни давлатларга “агар сиз бизнинг душманларимизга бошпана берсангиз, биз бу ерда, чегараларингиз яқинида тайёрмиз” деган сигнал юборишни кўзлаган.

Толибон жангарилари. 2021 йил 15 сентябрь
Толибон жангарилари. 2021 йил 15 сентябрь

Толиблар Панжшерни эгаллаб олганидан сўнг қаршилик гуруҳи етакчилари мамлакатни тарк этди. Улардан баъзилари қаршилик гуруҳининг катта тарафдори бўлган Тожикистонда жойлашгани ёки Душанбе билан алоқада эканлиги айтилади.

Қолган қаршилик жангчилари шимолий вилоятларда Толибонга қарши партизан ҳужумларини давом эттирмоқда. Аммо уларнинг етакчилари Тожикистондан Толибонга қарши ҳужумларни ташкил этиш ва уюштириш учун фойдаланиши ёки йўқлигини очиқ айтмаган.

XS
SM
MD
LG