Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:17

Тошкент аэропортида ПЗР-тест учун тиқилинч навбатлар - йўловчилар соатлаб аэропортда қолиб кетмоқда


Тошкент Халқаро аэропортида ПЗР-тест топшириш учун тартибсиз навбат
Тошкент Халқаро аэропортида ПЗР-тест топшириш учун тартибсиз навбат

Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистонга кириб келаётган йўловчилардан коронавирусга тест олиш тартиби жорий этилиши ортидан тиқилинч навбатлар юзага келган.

Оқибатда Ўзбекистонга учиб келган йўловчилар соатлаб аэропортда қолиб кетишмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган баъзи йўловчилар тест олаётган жойда камида икки метр масофа сақлаш талабига амал қилинмаётгани борасида хавотир билдиришди.

Бошқа йўловчилар ўзлари келган мамлакатда 100 доллар атрофида пул тўлаб Ўзбекистонга кириш учун атайлаб тест топширганликлари, қўлида манфий тест ҳужжатлари бор йўловчилардан Тошкент аэропортида қўшимча тест олишдан нима маъно, деган саволни беришмоқда.

Тошкент аэропортида чегара-назорат нуқталаридан ўтиб, багажни олгунгача бўлган жараённинг кўп вақт олиши ҳақидаги эътирозлар янгилик эмас.

25 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга учиб келган йўловчилар учун назорат нуқталари яна биттага кўпайди.

Эндиликда чет давлатлардан келган йўловчилар Тошкент аэропортида коронавирус инфекцияси учун экспресс-тест топширади.

Мазкур қарор, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Аммо тест олишда тиқилинч навбатлар юзага келиб, камида икки метр масофа сақлаш талабига амал қилинмаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда Тошкент халқаро аэропортида тест олиш учун издиҳом юзага келганини кўриш мумкин.

"Аэропортда 4 соат қолиб кетдим"

28 декабрь куни Истанбулдан Тошкентга учиб келган Зарифа (исми унинг илтимосига кўра ўзгартирилди-таҳр.) аэропортда тест топшириш учун 4 соат қолиб кетганини айтади:

"Тиқилинч. Тартиб йўқ. Одамлар сарсон. Бозорчи хотинлар танишини ўртага қўйиб, ўтиб кетяпти. Бунинг устига, бировда сўм бор, бошқада йўқ. Долларда тўласак бўладими, десак, ўртага одамлар тушиб, жуда паст курсда алмаштириб беришди. Пул-ку майли, лекин тиқилинчда туришнинг ўзи хатарли. Чунки икки метрлик масофа йўқ. Ҳеч ким эътибор ҳам бермайди. Хуллас, ҳар сафар аэропортдан икки соатда чиққан бўлсам, бу сафар тўрт соат қолиб кетдим", - дейди Зарифа.

Туркияда бўлган ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам Тошкент аэропортидаги аҳволга эътибор қаратди.

"Бир ҳафтача бурун, айрим мамлакатлар талаби билан йўловчилар ковидга тест топширсаларгина учоққа қўйилади, деган гап чиққан эди.

Туркияда пандемик вазият бироз оғирлигини ҳисобга олиб Ўзбекистон ҳам шундай талаб қўйгандир-да, дедик. Тўғри тушундик. Давлат хастахонасига бордик.

Қизимнинг бир йиллик иқомаси ва тиббий суғуртаси бор эди, одатда текин бўлиши керак, аммо бошқа мамлакатга бораётганлар учун давлат хастахонасида ҳам тест пуллик экан. 250 турк лираси (кечаги қийматда 32,89 дўллар) тўлашимизга тўғри қелди.

Бир кунда жавоби чиқди. Вирус йўқ. Хурсанд бўлдик.

Аэропортда унча жиддий текширмади. Чегарадан ўтаётганда ҳам биров тест натижасини сўрамади. Фақат учоққа минаётганида кўчма зина олдида йўловчилардан "Борми? Борми? деб сўрашибди, холос. Борлар ҳам минган, йўқлар ҳам минган.

Ўзбекистон талаби билан бўлгани учун булар унча қарамади шекилли, асосан Ўзбекистонга киришда қаттиқ текширса керак, деб ўйладик.

Аммо Тошкентда бу тест натижасини инобатга олишмабди. "Бизга ўтмайди! Бошқатдан тест топширасиз!" дейишибди. "Истанбулда нимага тест топширдик бўлмаса?" деб сўраса, "Билмаймиз! Бизда алоҳида топшириб ўтиш мажбурий!" деб жавоб қилишибди.

Ҳартугул, қизим юртга талаба мақомида қайтаётганини ҳисобга олиб, арзонроқ -- 50 000 (эллик минг) сўм тўлаттиришибди. Бошқаларга тест 150 000 (бир юз эллик минг) сўмдан экан.

Тест олиш ҳам қанақа? Истанбулда симини бурундан то икки қош орасигача суқиб намуна олган бўлса, Тошкентда буруннинг учидан бир энликкина суқиб намуна олишибди. Қўл учида яъни. "Жавоби 15 дақиқада чиқади", дейишибди", - деб ёзди ёзувчи 27 декабрь куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги консулхонаси мулозими 25 декабрдан экспресс-тестлар олиш аэропортларда, темир йўл вокзалларида ва чегара пунктларида Ўзбекистонга келувчиларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилиши, COVID-19 га топширилган ПЗР тестининг манфий натижаси тўғрисида маълумотномага эга шахслардан ҳам экспресс-тест олиниши ҳақида олдиндан маълум қилинганини айтди.

"Олдиндан маълум қилинди. Айниқса, ҳозирги шароитда ҳар бир йўловчи ўзи учиб бораётган мамлакатдаги Ковид тарқалиши олдини олишга қаратилган чоралар, аэропортлардаги талаблар ва қоидаларни олдиндан ўрганиб бориши керак. Шунинг учун яна бир марта эслатамиз, қўлингизда манфий тест натижаси бўлса ҳам экспресс-тест олинади. Тошкентда бу қиммат эмас.

Экспресс тест натижалари мусбат чиқса, тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади ёки уй шароитида карантинда даволаниши мумкин. Ўзбекистонга бораётганлардан чегарадан ўтишда жорий этилган бу тартибни ҳисобга олишни сўраймиз", - деди Истанбул шаҳридаги ўзбек консулхонаси ходими.

"Дунёдаги энг ёмон аэропортлардан бири"

Озодлик Тошкент аэропортида йўловчилардан тест олишда ижтимоий масофа сақланмаётгани ҳақидаги эътирозлар юзасидан расмий изоҳ олишга уринди.

Аэропортнинг исми очиқланмаслигини сўраган мулозими Янги йил арафаси Ўзбекистонга учиб келувчилар кўпайгани, лекин паспорт назоратидан тортиб ,тест топширишгача бўлган жараёнда инсонлар орасида камида икки метр масофа сақлаш талабига амал қилинаётганини таъкидлади.

"Ўзингиз биласиз, баъзи одамлар тартиб сақламайди. Навбатга амал қилмайди. Барака топгурлар, ижтимоий масофа деган нарса бор, одамлар орасидаги минимал масофа икки метр бўлиши керак, ўз соғлигингиз учун, десангиз ҳам фойдаси йўқ. Лекин, ходимларимиз ҳар қадамда назорат қилиб турибди", - дейди аэропорт мулозими.

2014 йилда Тошкент аэропорти дунёдаги энг ёмон аэропортлардан бири, деб топилганди.

Бунга Тошкент аэропортида узундан-узун навбатлар бўлиб, рўйхатга олишдан тортиб, багажни топширишгача бўлган барча жараёнлар йўловчилар норозилигига сабаб бўлган.

Sleepinginairports.net cайти Тошкент аэропортида навбатлар ва бунинг натижасида юзага келадиган оломонни тартибга солиш бўйича ҳеч қандай иш амалга оширилмайди, деб ёзганди.

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистонга сафар қилган айрим хорижлик сайёҳлар аэропортдаги аҳволнинг бироз ўнглангани ва ходимлар муомаласи нисбатан яхшилангани ҳақида ёзишган.

XS
SM
MD
LG