Бир йил муқаддам – 2021 йил 17 январь куни Алексей Навальний “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан муолажа ва реабилитацияни тугатиб, Германиядан Россияга қайтган эди. Мухолифатчи паспорт назоратидаёқ гўё “Ив Роше” иши бўйича синов муддатини бузгани учун ҳибсга олинди – ўшандан бери у тутқунликда қолмоқда. Бу орада Навальний яна бир бор суд қилинди, у тузган штаблар ва Коррупцияга қарши кураш фонди экстремистик ташкилотлар деб топилди, унинг сафдошларига нисбатан жиноят ишлари очилди, сиёсатчининг ўзини эса сиртдан Сахаров мукофоти билан тақдирлашди.
Навальний қамоққа олинганидан бери содир бўлган унга бевосита ёки билвосита дахлдор энг муҳим воқеаларни қуйида санаб ўтамиз.
Алексей Навальний ва хотини Юлия тушган учоқ аслида Внуково аэропортига қўниши керак эди, у ерда мухолифатчини бир неча минг тарафдори кутиб туришганди. Бироқ лайнер мажбуран Шереметьевога қўндирилиб, Навальний паспорт назорати чоғидаёқ қўлга олинди. Сиёсатчини тўғри Химки полициясига элтиб, ўша ернинг ўзида суд қилишди. Эртасига Навальний жамоаси машҳур “Путиннинг саройи” суриштирув-фильмини эълон қилди: Россия президенти қароргоҳидаги улкан қурилишлар билан боғлиқ коррупцияга бағишланган мазкур фильм Youtube’да 120 миллиондан ортиқ маротаба томоша қилинган.
21 январь куни бутун Россия бўйлаб Алексей Навальний ҳимоясига оммавий акциялар ўтказилди. Қўлга олиш ҳам оммавий тус олганига қарамай, 31 январда яна минглаб одам кўчага чиқди. Акциялардан сўнг норозиларни таъқиб қилиш бошланди: улар ишидан бўшатилди, айримларига жиноят иши очилди. Ҳибсга олиш чоғида бир неча кишининг қўли ва қовурғалари синдирилди. Петербургда “омончи” 54 ёшли Маргарита Юдинанинг қорнига тепгани акс этган видео анча резонанс чиқарди. Полициянинг хатти-ҳаракатларидан ўнлаб одам арз қилган бўлса-да, аксарига тергов ўтказиш рад қилинди.
23 ва 31 январь кунлари Москва шаҳрининг ўзида 10 мингдан ортиқ одам ушланди. Ҳибсхоналарда жой етишмай қолгач, маъмурий қамоқ муддати тайинланганларни Сахароводаги чет элликларни вақтинча сақлаш жойига элтишди. У ерда сиёсий тутқунлар меҳнат мигрантларининг ғайриинсоний шарт-шароитда сақланаётганини ўз кўзлари билан кўришди. Қамоқ муддатини ўтаб чиққач, улардан айримлари Сахаровода сақланаётган мигрантларга кўмаклашувчи кўнгиллилар гуруҳларини тузишди.
2 февралда суд Навальнийни 2 йилу 8 ойлик ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилди. Аммо мухолифатчи бутун февраль давомида яна судга қатнади: сиёсатчи бу гал Конституцияга киритилган ўзгартишларга бағишланган пропаганда ролиги тагидаги “малай ва сотқинлар” ҳақидаги изоҳи учун маҳкамага тортилган эди. Пировардида суд унга жарима солди. Шундан сўнг Навальнийни Владимир вилоятидаги 2-сонли колонияга йўлладилар. Бир неча ойдан сўнг собиқ маҳкумлар қамоқда Навальний ноинсоний азоб-уқубатларга солинаётгани ҳақида сўзлаб беришди.
Март ойи охирида мухолифатчининг соғлиғи ёмонлашди, аммо колония маъмурияти унинг ёнига мустақил шифокорларни йўлатишмади. Навальний бунга жавобан уч ҳафтадан ортиқ очлик сақлади, пировардида эса қамоқ касалхонасига ётқизилди. 28 апрель куни Петербургдаги бинолардан бирининг деворида Навальний сурати – граффити пайдо бўлди. У бир неча кун сақланиб турди холос. Рассомга қарши ҳатто “сиёсий вандализм”га доир жиноят иши очилган эди, лекин бу иш кейинроқ бекор қилинди.
29 апрелда Навальний очлик эълон қилишидан сўнг видеоалоқа орқали суд мажлисида иштирок этиб, илк бор жамоатчиликка кўриниш берди. Колонияда мухолифатчи 2021 йил октябрь ойига қадар “қочишга мойил маҳкум” мақомида бўлган (бу мақом маҳкумни тез-тез, ҳатто кечалари ҳам уйқусидан уйғотиб, текширишни назарда тутади). Кейинчалик ушбу мақом бекор қилинди, аммо энди уни терроризм ва экстремизмга мойил маҳкум ўлароқ рўйхатга тиркашди. Боз устига, Навальнийни олдинги жиноят ишини юритган судьяни ҳақорат қилишда ва экстремистик ташкилот тузишда айблаб, унга қарши янги жиноят иши очишди.
Россия ҳукумати Навальний штаблари ва Коррупцияга қарши кураш фондини экстремистик ҳамжамиятлар дея эълон қилди. Ҳукумат босимига фуқароларнинг тазйиқлари қўшилди: Навальний тузган ташкилотларни, унинг ходимларини ҳақорат қилиш авж олди. 2021 йил 9 июнда суд штабларни “экстремистик” деб топиш ҳақида қарор чиқарди, ҳолбуки штаблар бир неча ой аввал Навальнийнинг сафдоши Леонид Волков томонидан расман тарқатиб юборилганди.
Любов Соболь (суратда) ва бошқа навальнийчилар ҳам жиноят ишларига тортилди. Бир қанча киши, ФБК юристи Соболь, сиёсатчининг акаси Олег Навальний, унинг матбуот котиби Кира Ярмиш, “Врачлар альянси” раҳбари Анастасия Васильева норозилик акцияларида иштирок этиш билан гўё пандемия даврида санитария меъёрларини бузганликда айбланиб, уй қамоғига олинди. Навальнийнинг кўплаб сафдошлари, жумладан ФБК собиқ директори Иван Жданов ва Навальний штаблари собиқ раҳбари Леонид Волков ҳозирда хорижда яшашмоқда.
Кетишни хоҳламаганлардан бири – Навальнийнинг Уфадаги штаби собиқ координатори ва минтақада машҳур фаол Лилия Чанишевадир. Штаблар тарқатилиб, экстремистик деб топилганидан сўнг у сиёсий фаолият билан шуғулланмай қўйган эди. Шунга қарамай Чанишева 2021 йил ноябрда ҳибсга олиниб, экстремистик ҳамжамият тузганликда айбланмоқда. Ҳолбуки у бошқарган штаб Навальний тузилмалари экстремистик деб топилишидан олдин фаолият юритганди.
2021 йилда Европа парламенти Алексей Навальнийни Сахаров номидаги мукофотга лойиқ топди. Уни отаси номидан қабул қилиб олиш учун қизи – 21 ёшли Дарья Навальная борди.
“Отамга хат ёзиб, “Европарламентга мен орқали айтар гапиингиз борми?” деб сўраганимда у “Уларга айтиб қўй: ҳеч ким Россияни Путин режимига тенглаштирмасин”, дея жавоб берди”, деганди Дарья мукофотни қабул қилиш маросимида сўзлаган нутқида.