Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Учтепа прокурори ëрдамчиси пора билан ушланди. Бош прокуратура жим


Коррупция. Иллюстратив сурат.
Коррупция. Иллюстратив сурат.

Озодлик манбаларининг билдиришича, 29 апрель куни Тошкент шаҳар Учтепа туман прокурори ëрдамчиси А.Қ. 50 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пора олаëтган пайтда қўлга олинган.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг шахси сир қолишини сўраган ходимлари бир-биридан мустақил равишда маълумот берди.

Бош Прокуратура матбуот хизмати Озодликка бу маълумотни тасдиқламади, аммо инкор ҳам этгани йўқ. Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов ўзида "бундай маълумот йўқлиги"ни айтиш билан кифояланди. Айни пайтда Бош прокуратуранинг шахси очиқланмаслигини сўраган ходими Озодликка бу маълумотни тасдиқлади.

Манбаларнинг айтишича, Учтепа туман прокурори ëрдамчисини нақд пора билан қўлга олиш операциясини ДХХ ходимлари амалга оширган.

Бетон заводига алоқадор тадбиркор ДХХга Учтепа прокурори пора сўраяпти¸ деб мурожаат қилган. ДХХ прокурор ëрдамчиси обед пайти пулни такси ичида олаëтган пайтда босган”¸ - дейди Озодлик гаплашган ҳуқуқ-тартибот тизими мулозими.

Учтепа прокурорига пора беришга мажбурлангани ортидан ДХХга мурожаат қилган тадбиркор шахси Озодликка маълум эмас.

Олди-бердида "курьерлик" вазифасини бажаргани иддао қилинаëтган прокурор ëрдамчиси ҳозирда ҳибсда сақланмоқда¸ унинг бошлиқлари терговга жалб қилингани борасида маълумот йўқ.

Жимлик

Озодлик манбалари ҳодиса ортидан Учтепа прокурорининг ўринбосари Иқбол Султановнинг терговга олиб кетилгани, аммо кейинроқ "юқорининг аралашуви" билан қўйиб юборилганини айтмоқда.

Учтепа туман прокурори Алишер Қораев бу лавозимга 2019 йил декабрида тайинланган. Унгача Тошкент вилоят прокурорининг тергов бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Учтепа туман прокурори Алишер Қораев шикоятчилар билан учрашмоқда.
Учтепа туман прокурори Алишер Қораев шикоятчилар билан учрашмоқда.

Унинг жорий ўринбосари Иқбол Султанов эса¸ 2019 йил охиригача Тошкент вилояти прокуратурасининг коррупцияга қарши департаментида ишлагани маълум.

6 май куни Озодлик Учтепа туман прокуратурасининг телефон рақамларига бир неча бор қўнғироқ қилди. Автомат қурилма жавобидан сўнг¸ гўшакни ҳеч ким кўтармади. Шу боис Учтепа тумани прокуратурасидаги воқеанинг расмий тафсилотлари маълум эмас.

Учтепа туман прокурори ўринбосари Иқбол Султанов мажлис ўтказмоқда.
Учтепа туман прокурори ўринбосари Иқбол Султанов мажлис ўтказмоқда.

Ўтган бир ҳафта давомида¸ 500 доллар пора билан қўлга тушадиган майда амалдорлар ҳақида тинимсиз ëзадиган маҳаллий матбуот бу ҳақда лом-мим демади.

2018 йилги қарори билан Шавкат Мирзиëев Алишер Қораевни Тошкент вилояти тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш гуруҳига масъул қилиб тайинлаган.
2018 йилги қарори билан Шавкат Мирзиëев Алишер Қораевни Тошкент вилояти тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш гуруҳига масъул қилиб тайинлаган.

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбаларининг тасдиқлашича, Учтепа туман прокурори Алишер Қораев Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг яқин қариндоши - "жиянининг эри"дир.

Озодлик манбалари прокуратура тизимидаги навбатдаги коррупция можароси жамоатчиликка ошкор этилмаётганига Учтепа прокурорининг ҳокимиятнинг юқори доиралари билан алоқалари сабаб эканини даъво қилмоқда.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага ҳам боғланди. Ҳозирда хизмат сафарида экани ва прокурор ёрдамчисининг қўлга олинганидан бехабарлигини айтган Ортиқова "Бош прокуратура фақат ва фақат қонун доирасида иш кўриши"ни таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов (ўртада)
Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов (ўртада)

"Ўғрилар"га қарши унутилган кураш

Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан прокуратура тизимини кескин танқид қилишни бошлаган эди.

2017 йилнинг 2 августида ўтказгани видеоселектор йиғилишида прокурорлар ҳақида гапирган Мирзиëев:

-Ўзи биринчи ўғри улар. Ҳаммани тағин ўғриликка даъват қилади. Энг катта ўғри улар, деган эди.

Мирзиëев прокуратурани «ўғри ва ахлат»дан тозалаш ҳақида катта ваъдалар берди¸ у президентликка келганидан сўнг мамлакатнинг учта собиқ Бош прокурори қамалди.

Аммо Учтепадаги пора воқеаси муносабати билан гаплашган прокуратура ва бошқа ҳуқуқ тизими ходимлари вазиятнинг кейинги 5 йил ичида янада ëмонлашганини билдирди.

«Олдин 70 фоизи ўғри бўлса¸ ҳозирга келиб 90 фоиздан ошди. Энг катта наҳанглар энг тепада ўтирибди. Билимли ва ҳалол кадрлар ҳозир ўзига бошқа иш қидириб юрибди»¸ - деди Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ходимларидан бири.

Таҳлилчилар Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг прокуратура тизими ходимларининг ваколатлари кенгайтирилганига эътибор қаратишади. Ўтган йил январида президент мамлакатда коррупцияга "ташхис" қўйишни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга топширган. 2021 йил декабрида у Бош прокурорга коррупцияга қўл урган "катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида буйруқ берган эди.

"Коррупцияга қарши чиндан курашишни бошласангиз, сизни ҳурмат қилишни бошлайман", деб айтган Мирзиёев Йўлдошевга 21 декабрь кунги мажлисда. Аммо ўтган вақт мобайнида республика миқёсидаги биронта раҳбар коррупция учун жазоланмаган.

2020 йил декабрида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзини коррупция ва “криминал гуруҳлар”ни қўллаб-қувватлашда айблаб чиқди. Фозиловнинг ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган чиқиши ортидан Президент Администрацияси айбловларни “синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериши"ни айтган. Аммо Президент Администрацияси олиб борган текширув хулосаси ҳозирга қадар ҳеч қаерда эълон қилинмаган. Бош прокурорни коррупцияда айблаган Бухоро шаҳар прокурорининг кейинги тақдири эса маълум эмас.

XS
SM
MD
LG