Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:52

Украин дипломати: “Россия НАТО билан тўқнашув чиқарадиган кунга оз қолди”


Мариупол, 17 март 2022 йил.
Мариупол, 17 март 2022 йил.

БМТ уруш бошланганидан бери Украинада 925 нафар тинч аҳоли, жумладан 75 нафар бола нобуд бўлганини маълум қилди. Шунингдек, 1496 киши яраланган бўлиб, улардан 75 нафари болалардир. Бу дастлабки маълумот холос, ўлганлар ва ярадорлар сони анча кўп бўлиши мумкин.

Воқеаларнинг кейинги ривожи қандай бўлади? Россия билан келишиш имкони борми? “Настояшчее время” телеканали ушбу саволлар билан Украинанинг АҚШдаги собиқ фавқулодда ва мухтор элчиси Валерий Чалийга мурожаат қилди.

– Билишимизча, Сиз Владимир Путин билан келишишдан фойда йўқ ва бундай қилмаслик керак, деб ҳисоблайдиганлар сирасидансиз.

– Биринчидан, мен Украина фуқаролари сирасига мансубман. Иккинчидан, Украина президенти яқинда беистисно барчамизнинг фикримизни очиқ ифода этди. Яъни, ҳеч ким еримизни душманга топширмоқчи, таслим бўлмоқчи эмас. Музокараларга келсак, мен Владимир Путин раҳбарлик қилган делегация билан олиб борилган музокараларда иштирок этганман, унинг позициясини жуда яхши биламан.

– Мумкин бўлса, бизга сўзлаб беринг – бу жараён ичкаридан қандай кўринади?

– Йўқ, менга шахсан нима деганини айтмайман, ҳатто Россия билан урушаётган бўлсак ҳам – дипломатиянинг муайян принциплари шуни тақазо этади. Шахсан мен унга қатор саволлар бериб, жавоб олганман, менга ҳаммаси тушунарли. Умумий вазиятни эса қуйидагича изоҳлашим мумкин: Россиянинг, Путиннинг, унинг теварагидаги одамларнинг мақсади аён. Улар чиндан ҳам Украинанинг ҳозирги кўринишида, яъни суверен ва мустақил яшашини истамайдилар.

Ўтган музокараларда икки нарсани билиб олдим: биринчидан, улар музокарани кўпинча шунчаки навбатдаги ҳужумларга ҳозирлик кўриш учун қўллашади, чунончи, 2015 йили Минскда шундай бўлган эди, ўша музокараларда мен ҳам қатнашганман. Ёдингизда бўлса, украин армияси қуршовда қолгани ва таслим бўлиши лозимлиги у ерда энг муҳим масала бўлган эди. Бугун ҳам шунақа аҳвол, мен шунчаки ҳозир юз бераётган воқеалар аналогини келтирдим. Яъни, бунақа талаб бўлиши ҳозирданоқ маълум, шу боис бу ҳақда очиқ-ойдин гапиряпман.

Владимир Путин украин ҳарбийларини ва у ердаги тинч аҳолини қириб ташлаш учун иложи борича узоқ савдолашишни хоҳлади. Ва ультиматум қўйиб, вақтни мумкин қадар чўзди. “Саккиз минг аскарингиз оқ байроқ кўтариб чиқсин, қуролларини ташласин”, деган талабни қўйишди. Бизникилар эса буни қабул қилишмади, рад этишди. Ва ҳарбийларимиз бошқа позицияларга ўтиб, мустаҳкамланиб олишди. Бироқ ҳозирда янги вазият вужудга келган. Яъни, ҳозирда уруш – бир-бирини қириб ташлаш босқичига ўтган. Қолаверса, мен Россия НАТО мамлакатлари билан тўқнашувни келтириб чиқарадиган кун узоқ эмас, деб ўйлайман.

Барча чораларни ишга солишяпти, ҳатто 65 ёшли кексаларни, она сути оғзидан кетмаган ўспиринларни йўллашяпти бу жаҳаннамга. Кимни ташлаш мумкин бўлса, ташлашяпти, нега бунақа қилишаётгани тушунарсиз. Чунки, кўриб турибсиз, бизнинг армия профессионал урушмоқда. Россия армиясининг қўлидан келгани эса – савдо марказларини узоқдан уриш бўлиб қолди.

– Валерий, НАТО мамлакатлари билан тўқнашув чиқариш Россияга нега керак?

– НАТО жавоб беришга қодир эмаслигини, кучсизлигини кўрсатиб қўйиш учун. Бунақа фикр Россия пропагандасида кўпдан бери мавжуд. Мен президент ҳузуридаги Украина-Россия гуруҳи котиби бўлиб ҳам ишлаганман. Бинобарин, мен уларнинг кайфиятини, у йил сайин қандай ўзгаришини жуда яхши биламан. Чунки бу иш билан профессионал тарзда шуғулланганман, Россияга борганман, кўплар билан мулоқотда бўлганман. Уларнинг мақсадини аниқ кўряпман. Улар вазиятни ўзгартира олишмади, энди аҳолини ёппасига қиришни бошлашди ва аскарликка четдан одам олиб келишяпти. Бу нақадар телбаёна иш эканлигини тасаввур қиласизми? Бунақаси фашизм давридан бери бўлмаган. 40 миллион одамнинг жонига қасд қилиш учун киши қанчалик телба бўлиши мумкин? Украиналиклар бизнинг “халоскорлар”имизни гуллар билан кутиб олади, деган хаёлга бориш учун-чи?

Ҳа, Москвада “Украина НАТОга Россия чегараларига чиқиши учун ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат беряпти”, деб ўйлайдиганлар бор. Биринчидан, НАТО бошқа тарафдан аллақачон Россия чегараларида турибди. Россия раҳбарияти НАТОга қарши бўлса, нега у билан урушмайди? Нега унинг ўрнига Украина билан урушяпти?

– Бу воқеаларнинг барчаси НАТОнинг яқин келишини истамаслик билан изоҳланаётган бўлса, НАТО билан тўқнашув чиқариш нега керак? Ахир НАТО можарода бевосита иштирок этишдан мумкин қадар узоқ вақт бош тортади, ҳатто таҳдид Альянс ҳудудига кўчган тақдирда ҳам босиқлик қилади, деб ўзингиз айтдингиз-ку?

– Россия нега провокация қилиши мумкин, дейсизми? Чунки Россияда айни вазиятдан Ғарбнинг заифлигини кўрсатиб қўйиш учун фойдаланиш истаги ниҳоятда кучли.

– Ядровий электоратга, яъни?

– Нафақат электоратга, бошқаларга ҳам. Улар бундан ўзгача бир завқ олишади. Асосий муаллифларидан бири Владимир Путин бўлмиш мазкур ғоя жуда чуқур бўлиб, гўё Европа Иттифоқининг ожизлигини, Ғарб дунёси чириб кетганини, Совет Иттифоқи шунчаки ўша давр элитасининг нўноқлиги туфайли тасодифан Ғарбга ён берганини, энди эса НАТО ва АҚШнинг ожизлигини кўрсатиб қўйиш ва реванш олиш кераклигини назарда тутади.

Бу ишни қилишади ҳам, бирон ҳафталик фурсат қолди, шу сўзларимни ёдда тутинг. Кейин ҳамма нарса қарши реакцияга боғлиқ бўлади. НАТОнинг муносабати қанақа бўлишини билмайман лекин. Рост, билмайман. Чунки ҳозирда НАТО мамлакатлари муносабат билдиришда кечикишяпти, улар алланечук сермулоҳаза бўлиб қолишган.

– Бироқ уларнинг ҳам ўз мантиғи бор. Муносабат кечикишининг ўзига яраша сабаблари мавжуд.

– Тўғридан-тўғри тўқнашув чиқишига йўл қўймаслик керак, деб ўйлаш катта хато, менимча. Чунки Россия худди шундан фойдаланмоқчи. Қила олмайдиган иши ҳақида олдиндан гапириб қўйиш ярамайди. Жо Байден шундай деганди: “Агар россияликлар лоақал битта америкаликни ўлдиришса, шунга яраша ҳаракат қиламиз”. Бир эмас, икки америкалик ўлди – нима ўзгарди?

Худди мана шунақа баёнотлар Путинни ҳаддидан оширади. Бу гапни ишонч билан айтяпман, чунки мен уларнинг аввалги хатти-ҳаракатларини кўрганман. Ғарбнинг ожизлиги Россияни галдаги қинғирликларга, жиноятларга руҳлантиради. Россия қўллаётган кучга қарши ундан каттароқ куч чиқарилмас экан, бунақа жиноятлар кенг қулоч ёзаверади ва Украина ҳудудидан четга чиқади. Очиғи, аллақачон чиқиб бўлди.

XS
SM
MD
LG