Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Уруш вақтидаги ҳаёт: Киев ноодатий ҳаёт тарзига мослашмоқда


Киевдаги барда стендап шоумен, "Биз ҳазил қиламиз, сиз эса куласиз. Бу жуда оддий", дея барга одамларни таклиф қилди.

Қизиқчилардан бири рус тилида ҳазил қилгани эса келганларнинг жиғига тегди.

Улардан бири “ўғлонларимиз кеча‑кундуз фронтда жон бераётган бир пайтда рус тилида чиқиш қилиш кулгили эмас, деб ўйлайман” деди.

“Қайси тилда гапиришни ҳар ким ўзи ҳал қилиши керак”, дейди беларуслик бўлишига қарамай, рус ва украин тилларида гапирган қизиқчилардан бири.

Мезбон бошловчи Дмитрий Захарченко "бу стендап шоу, келинг бунга жуда жиддий қарамайлик", дея саҳнага бошқа бир ижрочини таклиф қилди.

Дмитрий Захарченко Киев комедия клубида
Дмитрий Захарченко Киев комедия клубида

“Ҳамма нарсага кўникиш мумкин”, дейди Днепр дарёси бўйидаги пляжда ўтирган ўрта ёшли эркак. Доимий сирена саси ўчиши билан аёл ўғлини ўпиб, чўмилиш учун кетмоқда, унинг боласи эса жилмайганча қум қалъани қуришда давом этади.

Шаҳар қоқ марказидаги Майдонда одамлар қорайган рус танклари ва ҳарбий техникалари билан суратга тушмоқда. Майдонда охири кўринмаётган урушнинг қолдиқлари намойиш этилмоқда.

Руслар урушнинг бошида Киевни ололмади. Бироқ босқинчилар Киевнинг шимоли, шарқи ва ғарбида ўзларидан вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ғайриинсоний ваҳшийлик изларини қолдириб, ортга чекинди.

Киев уруш мобайнида жуда кўп нишонга олинди, ракеталар билан бомбаланди. Аммо Киев Украина шимолидаги Россиянинг энг даҳшатли ҳужумларидан омон қолди. Шаҳар ҳали ҳам хавфдан ҳоли эмаслигига қарамай, кўплаб одамлар Киевга қайтиб келди.

Ёзнинг айни авж палласида Днепр қирғоғидаги қумли пляжлар дарёда чўмилиш, офтобда тобланиш учун келганлар билан гавжум. Бу ердаги ресторанлар, кафелар ва паблар яна олдинги қайноқ ҳаёт тарзига қайтган.

Киев марказидаги паркда ëш йигит ва қиз.
Киев марказидаги паркда ëш йигит ва қиз.

Кечки 23:00 да комендантлик соатида шаҳар сокин бўлади. Аммо кундузи Майдон атрофидаги кўчалар босқингача бўлгани каби машиналар билан тўлиб-тошган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда пойтахтда 3 миллионга яқин аҳоли бор. Босқингача аҳоли 3,6 миллион бўлган. Уруш давомида мамлакатнинг бошқа вилоятларидан Киевга 100 мингга яқин одам кўчирилган.

Шаҳар мэри Виталий Кличко сирена товушлари, ёдгорликларнинг қум қоплари билан ўраб қўйилиши, метро бекатларидаги назорат пунктлари ва доимо қуролланган аскарлар бежизга эмаслигини айтади.

“Яхши об-ҳаво ва осойишта муҳит алдамчи таассурот. Шаҳарга исталган вақтда ҳаводан ҳужум қилишлари мумкин", деди у Daily Telegraph нашрига берган интервьюсида.

Россиянинг Киевга берган зарбалари натижасида 600 дан ортиқ турар-жой бинолари ва инфратузилма объектлари вайрон бўлган. Бинолардан баъзилари жуда абгор аҳволда. Аммо руслар босиб олган Буча, Бородянка ва Ирпин каби шаҳарлардан фарқли ўлароқ, уруш вайроналарини Киевнинг ҳамма жойида ҳам кўравермайсиз.

Расмийлар уйидан айрилганлар қайтиши учун Киевдаги 11 та кўп қаватли уйни кузгача таъмирлаб бўлишга сўз берди.

Совуқ кунлар бошланиши билан киевликларда катта муаммо пайдо бўлади. Квартираларга иссиқлик энергияси октябрь ойининг ўрталаридан бошлаб берилиши, турар-жой нархлари барқарор қолиши керак. Аммо ёқилғи нархларининг ошиши, кадрлар танқислиги ва вайрон бўлган корхоналар – бу омилларнинг барчаси юқоридаги эҳтиёжларни сўроқ остида қолдирмоқда.

Киевнинг турар-жой мавзесидаги Ретровил савдо маркази 21 март куни Россия ракеталари ҳужуми оқибатида вайрон бўлган, камида саккиз киши ҳалок бўлган.
Киевнинг турар-жой мавзесидаги Ретровил савдо маркази 21 март куни Россия ракеталари ҳужуми оқибатида вайрон бўлган, камида саккиз киши ҳалок бўлган.

Истеъмол нархларининг ошиши ҳам кўпчиликни хавотирга солмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, нархлар ўтган йилга нисбатан 21 фоизга, озиқ-овқат нархлари эса 35 фоизга ошган. Мамлакат иқтисодиёти жорий йилда учдан бир қисмдан кўпроқ қисқариши кутилмоқда.

Беш асрдан бери савдо-сотиқ олиб борилган Подил туманидаги Житний бозори сотувчилари талаб пасайиб бораётганидан шикоят қилмоқда.

“Картошка, карам, пиёз одатдагидек сотилмоқда, бироқ одамлар қимматроқ маҳсулотлардан воз кеча бошлади, – дейди Олена исмли сотувчи. – Аммо, хайрият, доимий мижозларимнинг аксарияти шаҳарга қайтди."

Бир сотувчидан ўз бизнесининг келажагини қандай кўриши сўралганда у шундай жавоб берди: "Ёз тугамасдан янги резавор меваларни сотиб олиб, бир қисмини қишга ғамлаб қўйинг".

Молиявий инқироз олдини олиш ва инфляцияни назоратда ушлаб туриш учун марказий банк июль охирида Украина гривнасини долларга нисбатан 25 фоизга девальвация қилди. Валюта айирбошлаш шохобчаларида курсни кўрсатиш тақиқланган.

Аня Лавзиненко (ўнгда) ва дўсти 31 июль куни Киевда Днепр дарёси бўйлаб қуёш ботишини томоша қилмоқда.
Аня Лавзиненко (ўнгда) ва дўсти 31 июль куни Киевда Днепр дарёси бўйлаб қуёш ботишини томоша қилмоқда.

"Озиқ-овқат ва ёқилғи нархини кўрсатишни ҳам тақиқлашсин. Шунда ҳамма хурсанд бўлади", деб ҳазил қилади бозор ёнида қаҳва ичиб ўтирган киевлик.

Психолог ва психотерапевт Виктория Семко "кўп одамлар ўлим ва ҳалокат гувоҳи бўлишди ва деярли ҳамма ижтимоий тармоқларда ҳам бундай маълумотларга доим дуч келмоқда", дейди.

"Урушнинг дастлабки ойларидаги умумий руҳий жароҳат одамларни оддий шароитларда мумкин бўлган даражадан ҳам кучлироқ бирлаштирди, – дейди у. – Сўнгги бир неча ой экзистенциал англаш даври бўлди, бу кўп одамларга ўз шахсиятини англаш ва ҳатто ўзларини ҳайратда қолдирадиган тарзда ҳаракат қилиш имконини берди."

Аммо омон қолганлар ҳам доимий стрессни енгиш учун курашмоқда, дейди Виктория. “Менинг кўп мижозларим бефарқлик ёки ваҳимадан азият чекмоқда ёки ўз ғазабини бошқа одамларга, масалан, оила аъзоларига сочишга одатланмоқда".

Семконинг сўзларига кўра, ижтимоий кескинлик Киев вилояти учун кураш даврида авж нуқтасига чиқди. Аксарият оилалар пароканда бўлган ва улар учун урушдан олдинги ҳаёт тарзи энди имконсиз бўлиб кўринади. Киевда қолган одамлар ўз танловига шубҳа қилиб, келажак ҳақида қайғура бошладилар.

"Бу қайта тикланган назорат туйғуси ва травмадан келиб чиққан ғазаб ўртасидаги нозик мувозанат. Аммо бу ерда қолганлар нима хавфли эканлигинию ва улар учун нима муҳимлигини билишади”, дея фикр билдирди Виктория Семко.

Форум

XS
SM
MD
LG