Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Андижонда икки кун олдин йўқолган банкирнинг жасади сойдан топилди


"Ҳамкорбанк"нинг Андижон вилоят, Жалақудуқ туман бўлими ходими, 28 яшар Фазлиддин Қосимовнинг жасади 11 март куни қўшни туман ҳудудидан оқиб ўтувчи сойдан топилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, банкир йигит 9 март куни пичоқлаб ўлдирилган ва сўнгра жасад сойга ташланган.

Уч йилдан буён "Ҳамкорбанк"нинг Жалақудуқ туман бўлимида ишлаётган Фазлиддин Қосимовнинг жасади 11 март куни тушда Ёрқишлоқ ҳудудидан ўтган сойдан топилди.

Андижондаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Фазлиддин Қосимов икки кун аввал - 9 март куни кечки пайт ўлдирилгани аниқланган:

“1990 йилда туғилган Қосимов Фазлиддин Набиевич 9 март куни пичоқлаб ўлдирилган. Унинг баданига камида 10 марта пичоқ урилгани аниқланган. Уни ўлдириб, мурдасини сойга ташлашган. Сой суви кам бўлгани учун мурдани тўнтариб ётқизиб, устига тош солинган қопни қўйиб қўйишган. Қосимовнинг машинаси 10 март куни обед пайти топилди. Жасад эса, кеча обедда топилди”, деди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими исмини очиқламаслик шарти билан 12 март куни.

Қосимовнинг қўшниларидан бирига кўра, Фазлиддин охирги бор рафиқаси билан телефонда гаплашгач, бедарак кетган:

“Фазлиддин охирги марта 9 март куни кечки пайт соат тахминан 7 яримларда хотини билан гаплашган. У шу пайти банкдан ишдан чиқаётган бўлган ва хотинидан нима овқат қилганини сўраган. Хотини мастава қилиб, уни кутиб ўтиришганини айтган. Фазлиддин 15 минутларда уйга етиб боришини айтган. Эри ярим соатда ҳам уйга келмагач, хотини унга телефон қилган. Бу пайтда унинг телефони ўчиқ бўлган. Шундан кейин уни қидириш бошланди. Уни Ёрқишлоқ йўлидаги канал бўйида, пичоқлаб, қийнаб ўлдиришган”, деди Қосимовнинг қўшниларидан бири.

Жалақудуқ туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳодиса Қўрғонтепа туман ҳудудида содир бўлгани боис, ишни Қўрғонтепа туман ИИБси ўрганмоқда.

Қўрғонтепа туман ИИБ ходими тергов кетаётгани боис Фазлиддин Қосимов ўлимига доир тафсилотлар очиқланмаслигини таъкидлади.

Ҳуқуқ-тартибот органлари мулозимлари банк ходими ўлдирилишининг сабабларига оид қандай версиялар ўрганилаётгани тўғрисида маълумот беришни истамади.

Бироқ, Қосимовнинг ўлими бўйича, Жиноят кодексининг 97-моддаси ("Қасддан одам ўлдириш") бўйича жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум бўлди.

Фазлиддин Қосимов “Ҳамкорбанк”нинг пластик карталар бўлимида ишлаган.

Жалақудуқдан олинган маълумотга кўра, 12 март куни “Ҳамкорбанк”нинг нафақат Қосимов ишлаган бўлими, балки банкнинг деярли барча бўлимлари ишламаган. Шу куни хориждан юборилган пул жўнатмалари ҳам эгаларига берилмаган.

“Ҳамкорбанк” ходимига кўра, 12 март куни банк ходимлари Қосимовнинг ўлими бўйича тергов ишида кўрсатма бериш билан банд бўлгани учун аксар бўлимлар ёпиқ бўлган.

XS
SM
MD
LG