Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Ҳокимлик тасарруфига ўтаëтган ФҲДË мудиралари ëппасига ишдан бўшатилмоқда


Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома.
Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома.

Жорий йил 1 апрелидан бошлаб ФҲДЁ органлари ҳокимликларга бўйсундирилади. Расмийларга кўра, янги ўзгариш ажралишлар сонини камайтириш мақсадида қабул қилинган. Айни пайтда ФҲДЁ идораларида ишловчи ходимлар фаолиятини текшириш жараёни бошланди. 1 апрелга қадар вазифасига нолойиқ мудираларни ишдан олиш режаланган.

ФҲДЁларда тозалаш

Бу тизимда тозалаш бошлангани ҳақида Озодликка маълум қилган тошкентлик ФҲДЁ мудираларидан бирига кўра, жорий йил 5 февраль куни барча мудиралардан оммавий равишда ишдан бўшаш аризаси олинган.

“2018 йил 5 февраль куни Ўзбекистон бўйича ҳамма ФҲДЁ мудираларидан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздириб олинди. Бунга нима сабаблигини ҳеч ким билмайди. Вазирликка чақиртиришди. “Аризангизни ёзинг”, деди. Тамом-вассолом. Ва ҳаммани ўз лавозимига вақтинча вазифасини бажарувчи қилиб қўйиш ҳақида ариза ёздириб олди¸” дея ёзди исми очиқланмасликни сўраган ФҲДЁ бўлимларидан бирининг мудираси.

Озодлик мухбири 15 февраль куни Тошкентдаги ўнга яқин ФҲДЁ бўлимига телефон қилиб, вазиятни ўрганди.

ФҲДЁ бўлимларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда бўлим раҳбарлари “мудира вазифасини вақтинча бажарувчи” мақомида фаолият олиб бораяпти.

“Ҳар битта ФҲДЁ мудираси лавозимига 2-3 та номзод ариза топширган. Ўшалардан саралаб, биттаси олинар экан. Нафақат мудира бошқа ходимлар фаолиятини ҳам ўрганишиб, кимни маъқул кўришмаса, ишдан олишармиш. Бу март ойида амалга оширилади, деб айтишди. Ҳозирча эски состав билан ишлаяпмиз", деди пойтахтдаги ФҲДЁ бўлимларидан бирининг ходимаси.

Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги ФҲДЁ бўлимларининг барчасидан шу мазмундаги жавоб олинди.

“Биз шунча йилдан бери ишлаяпмиз, ишимизни яхши тушунамиз. Бизни ўрнимизга яхшисини топишармикин? ФҲДЁ тизимини тушунадигани бор эканми?” дея нолиди яна бир ФҲДЁ ходимаси.

Озодликка маълум бўлишича¸ айни жараëн пойтахт Тошкент баробарида¸ вилоятларда ҳам бормоқда.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда мамлакат бўйича жами 244 та ФҲДЁ идораси бўлиб, уларнинг 189 таси туман, 33 таси шаҳар ФҲДЁ бўлимлари ва 8 та никоҳ уйи ҳамда 14 та ФҲДЁ органлари архивидир. Ҳозирда ФҲДЁ идораларида жами 1000 дан ортиқ ходим ишлайди.

ФҲДЁ энди ҳокимликка бўйсунади

ФҲДЁ идораларида тозалаш ушбу тизимдаги янги ўзгаришлар билан боғланаяпти. Жорий йил 1 апрелидан бошлаб, ФҲДЁ органлари ҳокимликларга бўйсунади.

Бу ҳақда президент Мирзиёевнинг 2 феврал кунги махсус фармонида қайд қилинган.

Адлия вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ФҲДЁ идоралари қисман ҳокимликка бўйсунадиган бўлади, лекин асосий назорат адлия тизимида қолади.

“Президент фармонида 2018 йил 1 апрелдан ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига бўйсундирилади. ФҲДЁнинг никоҳ ва ажрашишлар масаласи ҳокимликларга ўтади. Бошқаси эски ҳолича, Адлия вазирлигига қарайди”, деди Адлия вазирлиги ходими.

“Ажрашишлар кўпайганига ФҲДЁ айбдор эмас”

Вазирлик ходимига кўра, янги ўзгариш мамлакатда ажралишлар кўпайгани билан боғлиқ бўлиб, эндиликда ҳокимликнинг хотин-қизлар бўлимлари ФҲДЁ идораларини назорат қилиб, ажралишлар олдини олишга масъул бўлади.

Расмий маълумотга кўра, Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда ажрашишлар сони 1,7 баробар ошган. 2010 йилда 17,8 минг ажрашиш қайд этилган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 29,6 мингга етган. 2017 йилда эса ФҲДЁ органларида 306 мингта никоҳ рўйхатга олинган бўлса, ажрашишлар 31,9 мингтани ташкил этган.

“Ажримларнинг купайиб кетишига ФҲДЁ сабабчи эмиш. ЗАГС ҳеч качон ажрашинг деб айтмайди. Ажрашаётганларнинг 80% суднинг қарори. ЗАГС фақат суднинг қарорини бажараяпти¸ холос. Бу масала бўйича адвокатлар ҳам бевосита разводнинг кўпайишига сабабчи бўлиб қолаяпти. Сабаби улар услугаси пулини олиб, ажраштиргунча югураяпти. Бу ёқда ЗАГС нинг ажрим бўйича пропаганда қилгани бир тийин бўлиб қолаяпти”, дейди яна бир ФҲДЁ мудираси.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йилги ажрашишларнинг 18 фоизига эр-хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги, 22 фоизига эса эр-хотин феъл-атворининг бир-бирига тўғри келмаслиги сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG