Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 18:22

Ёниб кетган ҳокимлик мулозимининг қасддан ўлдирилгани иддао қилинмоқда


Воҳид Асаевнинг ёниб кетган машинаси
Воҳид Асаевнинг ёниб кетган машинаси

Сурхондарё вилояти Қизириқ туман ҳокимлигининг Иқтисодиёт бўлими бошлиғи 34 яшар Воҳид Асаев ўз машинасида чиққан ёнғин оқибатида куйиб кетди. Милиция воқеани “бахтсиз ҳодиса” дея таснифлади. Марҳумнинг яқинлари эса ҳокимият пиллапояларидан юқорилай бошлаган ëш амалдорнинг “қасддан ўлдирилгани”ни иддао қилмоқда.

30 ноябрь куни содир бўлган ушбу воқеа тафсилотлари Озодликка 5 декабрь куни маълум бўлди.

Воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор Асаевнинг маҳалладоши Озодликка фожианинг ярим тунда содир бўлганини айтади.

“30 ноябрь куни кечги соат 11 дан 15 минут ўтганда Воҳид Қизириқ туман ҳокимлигидаги селектор йиғилишидан чиққан. Кейин 20 минут ичида шу воқеа содир бўлган. У Нексиясида уйига бораётганида сирли равишда, машинасида ёниб ўлди. Рулда ўзи бўлган. Танасининг бош томони кучли ёнган. Машина 38 метрча тормоз босиб бориб, “Интизор” остановкасига ёнбоши билан урилган. Пожарний келган пайти у уже ўлган бўлган”, дейди марҳумга яқин яшашини билдирган қизириқликлардан бири.

Озодликка бевосита воқеа жойидан йўлланган суратда Воҳид Асаев машинасининг ёниб, ундан фақат темир-терсак қолгани акс этган.

Қизириқ туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ушбу воқеа “бахтсиз ҳодиса” сифатида қайд қилинган.

“Ҳокимликда ишлаган, 1983 йилда туғилган Асаев Воҳид ўз машинасида келиб чиққан ёнғин оқибатида вафот этди. У баданининг катта қисми куйиб кетгани натижасида ўлган. Ҳозирча текширувлар ниҳоясига етмади. Лекин бу воқеа бахтсиз ҳодиса бўлган. Бу ерда жиноят аломатлари йўқлиги аниқланган”, деди Қизириқ туман ИИБ ходими.

34 яшар Воҳид Асаевнинг Озодлик боғланган яқинлари эса орган ходимларини “ишни ёпди-ёпди қилишга уринаётганлик”да айблаб, ҳокимлик амалдори бўлган ëш йигитнинг қасддан ўлдирилганини иддао қилди.

“Тахминимизча, Воҳидни аввал бошига удар бериб, ҳушидан кетгач, устига бензин сепиб ёқиб юборишган. Машина ёнса, оёқлари ҳам ёниши керакку, лекин Воҳиднинг калла томони куйиб кул бўлган. Оёқ томони унча ёнмаган. Кейин пожарний келган пайти машинанинг Воҳид ўтирган томони қулфланган бўлган, лекин ёнидаги эшик очиқ бўлган. Болани ўлдиргач, эшикни қулфлаб, қочиб кетган бўлиши мумкин. Воҳид ёнғиндан аввал заправкага кириб чиққан. Шу пайти унинг ёнида биров борлигини кўришган. Ўша одам қани? Булар ишни яхши ўрганмай ёпди- ёпди қилиш ҳаракатида”, дейди Воҳид Асаевнинг яқинларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Воҳид Асаевнинг машинаси бориб урилган "Интизор" бекати
Воҳид Асаевнинг машинаси бориб урилган "Интизор" бекати

Асаевнинг яқинларига кўра, у Самарқандда иқдисодиёт соҳаси бўйича олий маълумот олиб қайтгач, мансаб зинапояларидан зудлик билан кўтарилгани боис унга ҳасад қилувчилар ҳам кўп бўлган.

“Яқинда Тошкентга бориб, президент академиясида ўқишга имтиҳон топшириб, мувафаққиятли ўтди. Февраль ойида ўқишга кетишга тайёрланаётган эди. Кейин яқинда президентнинг қандайдир медалини беришади, деб суюниб юрганди”, дейди Воҳиднинг яқинларидан бири.

Марҳум амалдор қариндошларидан яна бирининг айтишича, кейинги пайтда унга лавозимидан бўшаши талаб қилинган таҳдидлар ҳам бўлган.

“Катталарга унинг лавозими керак бўлиб қолганди. “Ўрнингни бўшатиб қўй”¸ деган таҳдидлар бўлган. Икки марта уни вазифасидан бўшатишни талаб қилиб, ҳокимиятдаги хонасига одамлар бостириб кирган. Бу воқеалар унинг лавозимини олиш учун уюштирилганини ҳамма билади", дейди шахси очиқланишини истамаган Воҳид Асаев қариндошларидан бири.

Қизириқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баҳтиёр Сувонов Озодлик билан суҳбатда Воҳид Асевга нисбатан ишдан бўшаш таҳдидлари бўлганини инкор қилди.

Айтилишича¸ 34 яшар Воҳид Асаевнинг тўрт фарзанди - уч ўғли ва бир қизи етим қолган.

Озодлик воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

XS
SM
MD
LG