Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

ЎзТВ Фотима отин ҳуқуқбузарлигига МСМЮ китобини далил қилди (ВИДЕО)


Ўзбекистон телеканалида берилган "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат.
Ўзбекистон телеканалида берилган "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат.

Ўзбекистон телевидениеси Тошкентдаги хонадонда тўпланган аёллар "рухсат олмасдан диний йиғилиш ўтказгани" учун жазоланганини хабар қилди. ЎзТВнинг "Отиннинг сўнгги "ОВИ"номли кўрсатуви қаҳрамони Фотима отиннинг ҳуқуқбузарлигига далил сифатида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари намойиш қилинди. Кўрсатувда аёллар йиғинини "макруҳ", деган Анвар қори Турсунов Озодлик билан суҳбатда, кўрсатувда берган фатвосини айнан такрорлади.

Рўмолли аёллар йиғилиши - "диний йиғилиш"

Ижтимоий тармоқ, айниқса, Facebook фойдаланувчилари орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатуви оператив тасвирлардан бошланади.

Унда айтилишича, "20 га яқин тошкентлик ҳуқуқбузар аёл" шу йилнинг 19 июлида пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида тонгда берухсат "диний йиғилиш" ўтказаётган кезда қўлга олинган.

Кўрсатувда йиғилишда жам бўлган аёлларга Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан "рухсат олмаган, мамлакатда расман рўйхатдан ўтказилган диний билим юртларининг бирортасида ўқимаган" 57 яшар Фотима Абдуллажонова "нималарнидир ўргатиш билан шуғулланиб келгани" айтилади, аммо бу "нималар"га конкрет изоҳ берилмайди.

Бироқ, кейинги кадрларда намойиш қилинган бир неча аёл ва ёш қизлар йиғинда Фотима отиндан "Муаллими-соний, Қуръон ва Тафсирдан дарс олгани", "Қуръон ўқиганда тушунмаган нарсаларини у кишидан сўраб, ўрганиб туриши" ҳақида кўрсатма беради.

Фотима Абдуллажонова ҳам аёллар берган кўрсатмаларни тан олади ва аслида бу тадбирга "дарс ўтиш учун бормагани, аммо кўнглининг бўшлиги боис, учрашув дарсга айланиб кетганини" айтади.

Ўзбекистон телевидениесиниг "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат
Ўзбекистон телевидениесиниг "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат

Аёллар диний йиғилиши - ҳуқуқбузарлик

Қарийб 20 дақиқалик кўрсатув сўнггида берилган маълумотга кўра, пойтахтнинг Нуробод маҳалласида бомдод намозидан сўнг йиғилган аёллар бу ҳаракати учун сайёр судда судланган.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Маъмурий суди Тошкентда "аёллар қаноти жамоатини ташкил қилган" Фотима Абдуллажоновага бу жамоатнинг асосий ташкилотчиси сифатида Маъмурий жавобгарлик кодексининг 201- моддаси, 2- қисми билан энг кам иш ҳақининг 80 баробари миқдорида, яна икки аёлга эса 20 баробари миқдорида, қолган аёлларга 5 баробари миқдорида жарима солинган.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201-моддаси, 2- қисмида "Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш - ҳаракати учун энг кам иш ҳақининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади", деб белгиланган.

Хонадонларда берухсат диний йиғилиш тақиқланган

Ўзбекистонда 2010 йилдан бери аҳолининг диний маросимлар ва турли жамоатлар йиғинларини маҳаллий ҳокимият идораларидан берухсат ўтказиши тақиқлаган. Хусусий тартибда диний илм бериш эса 1998 йилдан бери тақиқланганича қолмоқда.

Аҳоли хонадонларида ёки жамоат жойларида ўзаро йиғилиш, диний маросим ўтказиш, кимгадир диний илм беришни истаган шахслар маҳалла қўмиталарида шу ишларга масъул қилинган диний маслаҳатчилардан рухсат олиши керак.

Диний идорадан олинган маълумотга кўра, бундай йиғинларга тўпланадиганлар сони ҳам 20 кишидан ошмаслиги керак.

Расмий Тошкент бундай назорат сабабини аҳолисининг 93 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган мамлакатда яширин радикал гуруҳлар, хусусан, "Ҳизбут Таҳрир", "Жиҳодчилар", "Ваҳҳобийлик" каби гуруҳлар таъсирига тушган жамоалар пайдо бўлиши ва тарқалиб кетиши олдини олиш мақсади билан изоҳлайди.

2014 йилда Сурия ва Ироқда "Ислом давлати" экстермист гуруҳи ҳалифалик эълон қилгани ва уларнинг сафида ўзбекистонлик жангари гуруҳлар пайдо бўлганидан сўнг эса, диний жамоалар ва аҳоли хонадонларидаги йиғинлар устидан назорат янада кучайтирилган.

Ҳуқуқбузарлик предмети - шайх МСМЮнинг китоблари

Бундан ташқарни кўрсатувда намойиш қилинишича, аёллардан мусодара қилинган ашёларнинг катта қисми китобдир.

Муҳими, бу китобларнинг асосий қисми - сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда фаолият қилиши ва китоблар чоп этишига рухсат берилган таниқли марҳум олим, шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга (МСМЮ) тегишли бўлган китоблардир.

Ўзбекистон телеканалида берилган "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат
Ўзбекистон телеканалида берилган "Отиннинг сўнгги "ОВИ" кўрсатувидан олинган сурат

Кўрсатувда бу китоблар нега йирик планда такрор-такрор намойиш қилингани, агар улар ашёвий далил сифатида олинган бўлса, у ҳолда бу китоблар ҳам тақиқланган диний адабиётлар рўйхатига киритилганми, каби саволларга жавоб берилмаган.

Озодлик бу саволлар ва шунингдек, 20 га яқин аёлга қўйилган айбловга оид саволлар билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакили билан боғланди, аммо ҳозирча жавоб ололмади.

Аёлларнинг диний йиғилиши - макруҳ

Шунингдек, аёлларнинг ҳаракатига диний изоҳ берган ва ЎзТВ журналистларининг қатор саволларига жавоб берган Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов бу йиғилишларни макруҳ, деб қоралади.

"Ўзларича, бир жойларга тўпланиб олиб, дарс ўқимоқчи бўладилар. Аввало, бу ишни шаҳарни уламоларидан, фузалолардан сўрамасдан қилишлик - айни гуноҳ. Ижозатсиз мумкин эмас. Ижозат сўраганда ҳам берилмайди. Нега? Чунки аёлларнинг тўпланиб ўқишлиги макруҳ. Мумкин эмас", дея изоҳ берди Анвар қори Турсунов.

Шунингдек, Тошкент имом-хатиби бу йиғилишлар ташаббусчиси Фотима отинни "чала отин", деб атаркан, унинг бундай "ноқонуний йиғилишлардан мақсади пул йиғиш", деб қўшимча қилди.

Анвар қорининг ҳукми тармоқларда қораланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент имом-хатибининг "Аёлларнинг тўпланиб ўқиши макруҳ", деган ҳукми жуда қаттиқ қораланмоқда.

Жумладан, Facebook фойдаланувчиларидан бири: "Хўп, улар ноқонуний диний таълим олишаётган экан. Нега унда қонуний диний таълимни йўлга қўйишмайди. Қайси расмий отинойи ёки имом Қуръондан дарс бермоқда? “Менга илм беринг”, деб борсангиз, ҳамма ўзини олиб қочади", деб ёзди.

Яна бир аёл эса: "Агар диний таълимга пул олмаслик керак бўлса, унда Ислом университети, Олий маҳад каби олийгоҳларда контрактни бекор қилинсин! Бундай аёлларни суд қилмасдан, агар тўғри йўлда юрган бўлишса қўлларига ҳужжат қилиб бериб ва назорат қилиб юрилса тўғри бўлмайдими?", деб ёзди.

Анвар қоридан такрорий фатво: Аёлларнинг йиғилиб ўқиши - макруҳ

Озодлик ана шу муҳокамалар ортидан Анвар қори Турсунов билан боғланди.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда имом-хатиб танқидларга кўмилиб кетган фатвосини яна айнан такрорлади.

"Бизнинг мазҳабимизда аёллар ўзи ўқийди. Йиғилиб ўқиш дурустмас - макруҳ, деган уламолар. Ҳанафий мазҳабда йиғилиб ўқиш - макруҳ, дейилган. Мен шариат ҳукмини айтдим - тамом. Ана китоблардан кўриб олишсин. Шаҳар бедарвозамаску, ҳамма нарсанинг ўз қонун-қоидаси бор, буни ҳамма билади", деди мухбир билан қисқагина микрофонсиз суҳбатда Анвар қори Турсунов.

Имом-хатиб бошқа саволларга ҳозир жавоб беролмаслигини айтиб, телефон гўшагини қўйди.​

Фотима отин - Фотима Абдуллажонова ким?

Кўрсатув намойиш қилинганидан буён тармоқларда тинмаётган муҳокамаларда айтилишича, Фотима Абдуллажонова пойтахтлик диндор "аёл-қизлар орасида отин ойи ва табиб сифатида танилган".

Бу аёл марҳум шайх шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизини келин қилган - қудаси. Унинг ўғли Абдулбосит қори Абдуллажонов эса, айни пайтда Тошкентдаги "Чимир ота" масжидининг имом-ноибидир.

Ҳозир АҚШда яшаётган ўзбекистонлик Мирраҳмат Мўминов аввал ҳам шундай йиғилишлар учун бир неча бор қўлга олинганида, Фотима Абдуллажоновани марҳум шайх аралашуви билан қўйиб юборишган, деб хотирлайди.

Facebook тармоғининг яна бир фойдаланувчиси: "Ўзбекистонда аёллар ичида Фотима отиндек Қуръон ва тажвиддан мукаммал дарс берадиган аёл йўқ!.. Ҳақиқатни қўрқмасдан гапирадилар. Аммо қайта-қайта қамоқхоналарга кириб чиққанлари сабабли, анча соғлиқларини йўқотиб қўйганлар", деб ёзди.

Жумладан, Қирғизистон мусулмонлари собиқ муфтийси Содиқ қори Камолиддин эса: "Бу аёл Тошкентда яшаб ўтган, Ўрта Осиёдаги забардаст Уламолардан бири Сулаймон қори акани қизлари бўлади... Тошкент аҳли бу олима аёлнинг ҳаётини ғанимат биладилар ва фарзандларига соф Исломий таълим олишликлари учун имконият яратиб беришликда ташаббусда бўладилар деб умид қиламан", деб ёзди.

Озодлик Фотима Абдуллажонованинг ўзи билан ҳам боғланишга уринмоқда, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Ўзбекистонда хусусий диний таълим - тақиқланган

Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун билан тақиқланган.​

Ҳозир Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 6 июнда расман очилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси бор.

Ўрта махсус ислом билим юртлари - мадрасалар сони эса 9 та: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.

Расмий маъулмотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 300 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 32 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилади.

XS
SM
MD
LG