Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

Ҳавайи вулқони 20 дан ошиқ уйни вайрон қилди, бошқаларига таҳдид қилмоқда


Килауеа вулқони
Килауеа вулқони

Фуқаро мудофааси расмийларининг хабар қилишича, Килауеа вулқонининг қип-қизил чўғли лаваси оқими 20 дан ошиқ уйни вайрон қилди ва яна кўпроқ уйларга таҳдид солмоқда.

Душанба куни ҳам Ҳавайи Улкан оролининг шарқий қисмидаги Лейлани Эстейтс ва Ланипуна боғлари ҳудуди аҳолиси учун яшаб турган жойидан кўчиб чиқиш – эвакуация буйруғи ўз кучида қолди.

Ҳавайи Фуқаро мудофааси агентлигининг энг сўнгги тарқатган хабарида ердаги ёриқлардан чиқиб келган лава 26 та уйни бутунлай вайрон қилгани айтилади.

Ҳаводан олинган видеотасвирларда Лейлани Эстейтс мавзеси бўйлаб илонизи бўлиб оқаётган лава оқимлари йўлларни босиб кетди ва кичик ёнғинларга сабаб бўлаётгани кўзга ташланади.

Лейлани Эстейтс мавзеси аҳолисига якшанба куни соат 7:00 дан 18:00 гача мулкини кўздан кечириш ва ўзларига тегишли нарсаларни олиб кетиш учун уйларига қайтишга рухсат берилди.

Аммо аҳолига огоҳлантириш берилиши биланоқ кетишга тайёр туриш тайинлаб қўйилди.

“ALOHA арвоҳи уйғоқ”

Уйидан ажраб қолганлар орасида Амбер Макуакане ҳам бор.

GoFundMe саҳифаси 37 яшар бошланғич мактаб ўқитувчиси ва икки фарзанднинг ёлғиз онаси учун пул жамғариш мақсадида ташкил этилди.

Душанба куни эрталабгача Макуаканега ёрдам бериш учун 29 минг АҚШ доллари йиғилди. Унинг ота-онаси ҳам Лейлани Эстейтс мавзесида истиқомат қилар ва уйидан кўчиб чиқишга мажбур бўлган эди.

Макуакане ҳомийларга миннатдорлик билдириб, ўз саҳифада “юрагим ҳар бирингизга миннатдорлик ҳисси билан тўлди”, деган ёзув қолдирди.

− ALOHA арвоҳи тирик ва омон экани рост, − деди у.

Aloha Ҳавайининг анъанавий саломлашуви бўлиб, у орқали меҳр ҳам изҳор қилинади.

Айни пайтда ерда ўнта ёриқ пайдо бўлиб, улардан лава билан зарарли буғлар чиқмоқда, дейилади Фуқаро мудофааси агентлиги хабарида.

Лава фавворалари ҳавога 70 метр баландликда отилгани кузатилди.

Денгиз сатҳидан 1247 метр баланд Килауеа вулқони пайшанба куни тушдан кейин отила бошлади. Дастлабки лава отилишидан аввал Килауеланинг жанубий қаноти остида 5 магнитудали зилзила юз берди. Ўшандан сўнг яна бир қанча ер силкинишлари қайд этилди.

Жума кунги зилзила кучи 6,9 магнитуда бўлди ва бу Ҳавайи оролларида 1975 йилдан бери кузатилган энг кучли ер тебранишидир.

Ҳавайи Вулқон обсерваторияси вакилларига кўра, ернинг сунъий йўлдошлари дастлабки зилзиладан икки ҳафта олдин вулқон чўққиси атрофидаги ерлар аста-секин чўкканини кўрсатган.

Килауеа вулқони XIX асрда тинмай отилиб турган. Ушбу ном Ҳавайи фольклорига кўра, вулконлар худоси Пеленинг ватанидир.

У айни пайтда Катта Ер архипелагидаги 5 та фаол вулқоннинг биридир.

XS
SM
MD
LG