Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Украиналик физика ўқитувчиси видеодарслари билан YouTube юлдузига айланди (ВИДЕО)


Одессалик физика ўқитувчиси Павел Виктор
Одессалик физика ўқитувчиси Павел Виктор

64 ёшдаги одессалик физика ўқитувчиси Павел Виктор замонавий технологиялардан фойдаланиш масаласида кўплаб ёш ҳамкасбларидан олдинда.

Беш йилдан бери у 7–11-синф ўқувчилари учун ўз дарсларини ёзиб, YouTubeга юклаб келади.

Ҳозирда бу видеоларни бутун дунё бўйлаб рус тилида сўзлашувчи фойдаланувчилар томоша қилмоқда: ўқитувчининг каналида 80 мингдан ошиқ обуна бўлиб, канал видеолари умумий ҳисобда 8 миллион мартадан кўп кўрилган.

Физика ўқитувчиси қандай қилиб YouTube юлдузига айланди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:02 0:00

Викторнинг айтишича, ҳаммаси ўзи дарс берадиган лицей ўқувчилари касалликка чалинган пайтда уюштирилган Skype конференциялардан бошлаган.

Ўшанда ўқитувчи ўз дарслари аудиториясини кенгайтиришга қарор қилган. Бунинг учун у мустақил равишда янги технологияларни ўзлаштирган:

- Мана бу камера олган тасвирлар видеомикшерга боради. Бундан ташқари, сигнал манбалари ҳам бор: компьютер, мана бу видеокамера ва мультимедиали плеер, - дейди у.

Виктор илк дарсларини оддий веб-камера ёрдамида ёзган. Бунга қарамасдан, улар кўпчиликка маъқул келган.

Виктор кутилмаганда шуҳрат қозониши ортидан лицей раҳбарияти унга видеотрансляция учун асбоб-ускуна олиб беришга қарор қилган.

Виктор эса уларни созлашни ва улардан фойдаланишни ўрганган.

Бора-бора видео дарслардан катта завқ ола бошлаган.

­Виктор YouTube каналига 9–11-синфлар учун дарсларни, еттинчи ва саккизинчи синф ўқувчилари учун тўлиқ лекция курсларини юклаган.

Бу Украинадаги физика бўйича видеодарсларининг ягона тўпламидир. Унинг дарсларида мактаб ўқувчилари ҳам фаол иштирок этади.

Саккизинчи синф ўқувчиси Тая Солобнинг айтишича, видеодарслар ёрдамида у дарс материалини осонроқ ўзлаштиради.

- Дарс давомида ҳамма нарсани тушунмаган ёки дарсни батафсилроқ тинглаши керак бўлган болалар учун бу албатта ижобий нарса, - дейди у. - Чунки улар уйга қайтгандан кейин, таниш муҳитда дарсни тинглашлари мумкин.

Саккизинчи синф ўқувчиси Стас Кравцов кўпинча текширув ишларидан олдин Викторнинг дарсларини тинглашини айтди:

- Ҳамма нарсани қайтадан эшитиб, эслаб қолишингиз мумкин. Бу шахсан менга жуда кўп ёрдам беради.

Виктор ўз иши учун ҳақ олишни истамайди. Унинг барча дарслари эркин лицензияли бўлиб, унинг каналида ҳеч қандай реклама йўқ. Викторнинг айтишича, у атайин шундай қарорга келган:

- Менга тинмай таклифлар келиб туради, аммо мен уларни рад этаман, - дейди у. - Менимча, бу ҳаётда икки нарса – даволаш ва ўқитиш бепул бўлиши керак.

Виктор ҳали нафақага чиқмоқчи эмаслигини, куч-қуввати бор экан, ўқитувчилик қилишда ҳамда дарсларини ёзиб боришда давом этишини айтиб, сўзини якунлади.

XS
SM
MD
LG