Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

“Umid Avto Lizing” шартномани бажармади, автомобилларни баъзи мижозларга етказиб бермади


“Umid Avto Lizing” сайтидан олинган сурат
“Umid Avto Lizing” сайтидан олинган сурат

“Umid Avto Lizing” МЧЖ билан шартнома тузиб, бошланғич тўловни тўлаган мижозлар қарийб бир йил ўтган бўлса ҳам шартномадаги автомобилни ололмаяпти.

Бу ҳақда Тошкент ва Термиз шаҳридан Озодликка шикоят қилган мижозларнинг айтишича, шартнома муддатида автомобиль етказиб беролмаган “Umid Avto Lizing” МЧЖ тўланган пулни қайтариб беришни ҳам пайсалга солмоқда.

“Umid Avto Lizing” МЧЖ мулозими, бундай ҳолатлар борлигини инкор қилмас экан, шартнома шартларини нима сабабдан бажармаганини изоҳламади.

“Umid Avto Lizing” Озодлик билан 14 август кунги суҳбатдан 1 соат ўтибоқ тошкентлик мижозга пулини қайтариб берди, термизлик мижозга эса, уч кунда тўлашни ваъда қилди.

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида яшайдиган ҳарбий пенсионер, 64 яшар Содиқ Гучиевнинг Озодликка айтишича, у ўтган йилнинг 2 декабрида “Umid Avto Lizing” МЧЖдан 150 кунда олиш шарти билан “Нексия-3” автомобилини лизингга олиш ҳақида шартнома тузган:

- Менга директорнинг ўзи 150 кунда машинангизни олиб берамиз, деб айтди. Ҳеч қачон бунча узоқ чўзилмаган, узоғи билан уч ойда олиб қолишингиз ҳам мумкин, деди. Шартта бошланғич тўлов 34 миллион 750 минг сўмни тўладим. Беш йилга шартнома туздик. Қолганини ойма-ой тўлаб бориш, беш йилдан сўнг машина меники бўлиши керак, эди. Мартда келсам, апрелда келинг, деди. Апрелда майда, деди. Кейин келаверсам, 150 иш куни 7 ойу 20 кун бўлади, ўшанда чиқади, деди. Саккиз ой ҳам ўтди, тўққиз ой ҳам ўтди.

Содиқ Гучиевнинг айтишича, у келишилган муддатда машинани ололмаганидан сўнг, пулини қайтариб беришлари ҳақида ариза ёзган:

- Кейин улар менга сиз ариза ёзган кундан бошлаб яна қирқ иш куни кутасиз, шу давр мобайнида биз пулингизни қайтарамиз, деди. Булар мени роса боплашди. Бу давр ичида менинг қанча асаб толам узилди, қанча овора-сарсон бўлдим. 9 ой пулимни айлантириб, ҳеч нарса бермади.

Термиз шаҳридан Озодликка мурожаат Зуҳра Одинаеванинг айтишича, унинг ўғли Жавоҳир Олимов номига Нексия-3 автомобилини лизингга олиш учун бошланғич тўловни қилганига ўн ой бўлган:

- Ўтган йилнинг 23 октябрь куни шартнома қилган эдик, уч йилга. Бошланғич тўлов, 34 миллион 750 минг сўмни тўладик. Олти ой ўтганда телефон қилишди, заводдан мошин чиқмаяпти, хоҳласангиз пулингизни қайтариб берамиз, фақат шартнома муддати тугамасдан олганингиз учун 7,5 миллион сўм ушлаб қоламиз, деди. Йўқ, кутаман дедим. Мана шартнома муддати ҳам тугаганига 3 ой бўлди. На пулни қайтаришади, на машина беришади. Ҳар ой бир гап: опа сабр қилинг, янаги ой чиқади, деб алдайди. Прокуратурага мурожаат қилдим, жимжитлик. Кейин 1 миллион 400 минг сўм тўлаб судга бердим. Судга “Umid Avto Lizing” МЧЖ вакили келмади. Ҳозирча шундай турибди.

Зуҳра Одинаева Термиз шаҳрида лизингга пул тўлаб на машина ололган, на пулини қайтаролган яна тўрт мижознинг сарсон бўлиб юрганини иддао қилди.

“Umid Avto Lizing” МЧЖ иш юритувчиси Абдуманноп Абдураҳмонов 14 август куни Озодлик саволларига жавоб берар экан, шартнома муддати бўйича автомобиль етказиб берилмаганлик ҳолатлари бўлганини инкор қилмади:

“Юзтадан битта-иккита бўлиб қолиши мумкин. Улар бизлардан "Равон" сўрашяпти. У - навбати катта машина. Сабр қилса ҳаммаси олади. Бутун республика бўйича етказиб берганмиз. Агар шартнома муддатида машинани етказиб беролмасак, бизга пулини қайтариш тўғрисида ариза ёзса уч иш кунида қайтариб берамиз".

Абдуманноп Абдураҳмонов аризачиларнинг исм-фамилияларини ёзиб олиб, бу масалани текшириб кўришини айтди.

Мулозим билан Озодлик суҳбатидан бир соат ўтганидан сўнг, Содиқ Гучиев куннинг иккинчи ярмида унинг пули тўлиқ пластик карточкасига тушириб берилганини айтар экан, уни 9 ой сарсон қилган “Umid Avto Lizing” МЧЖни барибир судга беришини айтди:

“Мен улардан кўрган моддий ва маънавий зараримни ким қоплаб беради? Мен тўлов қилганимда доллар курси 8240 сўм бўлган бўлса, бугун 9040 сўм. Мен долларни сўм қилиб тўлагандим. Мени қанча овораю сарсон қилганичи? Қанча азоб берганини, қанча нервимни йўқотганимни ким тўлайди? Қўлингдан келса, лизингчилик қилгин, келмаса, содда одамларни алдаб қийнама! Ҳозир санаторийдаман, Тошкентга қайтсам, судга бераман!”

Термизлик Зуҳра Одинаева ҳам, 14 август куни соат 18 ларда “Umid Avto Lizing” дан қўнғироқ қилишиб, у тўлаган пул уч кун ичида пластик карточкасига ўтказилиб берилишига ваъда берилганини айтди:

“Мен уларга нақд пул тўлаган эдим. Агар бу пулим банкда турганида эди уч миллион сўмдан кўп фоиз берарди. Булар содда одамларнинг пулини олиб, айлантиришиб, энди пластик карточкага тушириб беришмоқчи, менга ҳеч бўлмаса нақд пулимни қайтариб беришсин!”

XS
SM
MD
LG