Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:24

Суд блогерни ҳақоратлаган Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига 5,5 млн сўм жарима солди


 Қўчқорованинг айтишича, у уйғурлар байроғини "террорчилар байроғи" деб ўйлаган.
Қўчқорованинг айтишича, у уйғурлар байроғини "террорчилар байроғи" деб ўйлаган.

Маъмурий ишлар бўйича Андижон шаҳар суди шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқоровани “Туҳмат” ва “Ҳақорат қилиш” моддалари бўйича айбдор деб топди.

Суд қарорига кўра, Қўчқоровага 5 миллион 575 минг сўм жарима солинган ва огоҳлантирув берилган.

Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиев икки ой аввал Қўчқоровани уни таҳқирловчи пост қўйганликда айблаб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганди.

Қўчқорованинг Озодликка айтишича, у ўша постни жаҳл устида қўйганини айтиб, судда кечирим сўраган ва суднинг унга чиқарган қароридан норози эмас.

Блогер Далиев ҳам суд қарорини адолатли деб ҳисоблашини айтди.

8 январь куни Андижон шаҳар маъмурий ишлари судида ўтган маҳкамада шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Гулшаной Қўчқорова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат) ва 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) бўйича айбдор деб топилди.

Қўчқорова блогер Далиевни асоссиз айблаб, ҳақорат қилганини тан олиб, судда кечирим сўраган. Бу ҳақда Озодликка Қўчқорованинг ўзи маълум қилди:

- Ҳақиқатдан ҳам ҳақоратли сўзларни ишлатиб ёзганим учун кечирим сўрадим. Менга 5 миллион 575 минг сўм жарима солинди. Мен розиман, тўғри солинди. Менга яна огоҳлантириш берилди, қайтиб бунақа қилмаслик ҳақида. Ҳали суд қарори қўлимда йўқ. Лекин қанчадир муддат ичида ҳеч кимни ҳақорат қилишга ҳаққим йўқлиги айтилди. Суд қарори менинг ишимга даҳл қилмади. Ҳамма менинг ишдан кетишимни кутаётган бўлса, бу нарса, менимча кўриб чиқилса керак. Буни энди раҳбарларим билади.

Хуршид Далиев
Хуршид Далиев

Хуршид Далиев касаллиги боис судда фақат унинг адвокати қатнашди. Далиев Озодлик билан суҳбатда суд қарорини адолатли деб ҳисоблашини айтди:

- Суд адолатли ҳукм чиқарган. Бундан ортиқ аёл кишига қандай жазо бўлиши мумкин? Қонунда ушбу моддаларга қандай жазо белгиланган бўлса, шуни чиқарган.

Далиев Андижон шаҳар ҳокимлигининг Телеграмдаги Андижон 24 канали орқали унинг шаънига нисбатан ҳақоратли пост эълон қилинганидан сўнг 2019 йилнинг ноябри бошида ҳуқуқ-тартибот идорасига шикоят ёзган.

Телеграмдаги “Muxbir Daliyev” каналида эълон қилинган ўша постнинг скриншотидан маълум бўлишича, Қўчқорова Далиевни хоинлик ва ғаламисликда айблаган. Шунингдек, Далиевнинг тақиқланган “Ҳизбут Таҳрир” диний оқими аъзоси эканини ёзган.

Гулшаной Қўчқорова 6 январь куни Озодлик билан суҳбатда “блогер Далиевнинг шаҳар ҳокимлигига қаратилган саркастик постларидан жаҳли чиққани” сабаб ўша ҳақоратли постни ёзгани ва шаҳар ҳокимининг талаби билан бу постни ўчириб ташлаганини билдирди.

Қўчқорованинг айтишича, у Хуршид Далиевнинг Фейсбукдаги профил суратига Хитой зулмидан азият чекаётган уйғурларни қўллаш рамзи сифатида уйғурлар байроғини қўйгач, уни “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадор деган фикрга борган. Боиси Қўчқорова "дастлаб бу байроқни террорчилар байроғи" деб ўйлаган:

- У байроқнинг қанақалигини билмаганман. Мен қарасам ҳаммаси битта ўша байроқ билан. Ўша байроқ остида Бин Ладен, бизнинг Ўзбекистонимизга қарши ишлар олиб бораётганларни ҳам ўша байроқ остида кўрдим. Буям шу байроқ остида, демак хоин эканда деган маънога бориб, мен, тўғриси, хомлик қилганман ва шу постни чиқарганман.

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби террорчилар байроғи деб тушунган, сатҳига ярим ой ва юлдуз тасвири туширилган кўк байроқ, аслида Шарқий Туркистон республикаси ҳукумати 1933 йилнинг 12 ноябрида қабул қилган байроқ бўлиб, ҳозирги пайтда хитойлик уйғурлар бу байроқни миллий озодлик ҳаракати рамзи деб билади.

Гулшаной Қўчқорова билан 6 январь кунги суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:30 0:00
Бевосита линк


Айни пайтда

Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Гулшаной Қўчқорова айбланган айни моддалар билан андижонлик блогер Абдуфатто Нуриддинов Янги йил байрами арафасида 15 суткага қамалди.

4 январь кунги суд мажлисида блогер Абдуфатто Нуритдиновга чиқарилган дастлабки ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди​.

Блогер Абдуфатто Нуритдинов Facebook тармоғида Отабек Нуритдинов тахаллуси остида Андижон вилоятидаги ижтимоий-сиёсий воқеаларга кескин танқидий муносабатини билдириб келаётганди.

XS
SM
MD
LG