Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Британия Ташқи ишлар вазири ва ЕИдан чиқиш бўйича бош музокарачиси истеъфо берди


Brexit вазири Дэвид Дэвис
Brexit вазири Дэвид Дэвис

Тереза Мэй ҳукуматида давом этаëтган бўҳрон янада чуқурлашди ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ҳам ўз истеъфосини эълон қилди.

Жонсоннинг истеъфоси¸ Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш жараëнидаги бош музокарачиси Давид Дэвис истеъфосидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

“Бугун куннинг иккинчи ярмида Бош вазир Борис Жонсоннинг Ташқи ишлар вазири лавозимидан истеъфога чиқиш аризасини маъқуллади”¸ дейилади Тереза Мэй идораси эълон қилган баëнотда.

Норасмий номи Brexit вазири деб аталган Британиянинг ЕИдан чиқишдаги бош музокарачиси Дэвис¸ Тереза Мэйнинг қизғин баҳслардан сўнг кабинет томонидан маъқулланган стратегиясини танқид қилди ва 9 июль куни истеъфога кетганини эълон қилди.

Бундан икки кун олдин Мэй кабинетидаги рақиб фракциялар Брюссель билан музокараларни қайта жонлантириш учун Бош вазир режасини қўллаган эди.

Дэвис Мэйга ёзган мактубида ўз истеъфо қарорига асос бўлган эътирозини ифодалаб:

- Сиёсатнинг ушбу умумий йўналиши нари борса бизни музокаралардаги кучсиз тарафга айлантиради, балки бу аҳволдан чиқа олмай қолишимизга олиб келади¸ деб ëзди.

Вазир жума куни эришилган келишув Парламент бошқарувини “хомхаёлга” айлантиришини қўшимча қилган.

Британия матбуоти Brexit бўйича вазир ёрдамчилари Стив Бейкер билан Суэлла Браверман ҳам истеъфога чиққанини хабар қилди.

Дэвис Британия Европа Иттифоқидан чиққандан кейин ҳам иттифоқ билан эркин савдони сақлаб қолиш режасига қарши чиқиб келади. Унинг айтишича, бу режа Британия иқтисодининг аксар сектори устидан бошқарувни ЕИ қўлига топширади.

Мэй Дэвис хатига жавобан ўз режаси Британияни Европа умумий бозори ҳамда Европа божхона иттифоқидан чиқариш мақсадига мувофиқ эканлигини таъкидлади.

- Келишган сиёсатимизга берган таърифингизга қўшилмайман. Сўнгги икки йил ичида давлат котиби лавозимида ЕИдан чиқишимизга қўшган ҳиссангиз учун чин дилдан миннатдорчилик билдираман¸ дейилади Бош вазир жавобида.

Дэвис бундан икки йил олдин янги тузилган Европа Иттифоқидан чиқиш департаменти етакчиси этиб тайинланган эди. 2016 йил Британияда мамлакатнинг ЕИда қолиш-қолмаслиги бўйича референдум ўтказилган, унда сайловчиларнинг 52 фоизи Британиянинг иттифоқдан чиқишини қўллаб овоз берганди.

Дэвис Brexit вазири ўлароқ Брюссель билан олиб борилган музокараларга бошчилик қилди. Аммо кейинги ойларда Мэй ва унинг ёрдамчилари музокараларда етакчи роль ўйнай бошлади.

Хабарларга кўра, Дэвис музокараларда Британия ўз позициясида маҳкам турмаётганини айтиб, бир неча марта истеъфо бериш билан таҳдид қилган.

Бош вазир Мэй душанба куни парламент олдида чиқиш қилиб, Британия иттифоқдан чиққандан кейин ЕИнинг савдо бўйича қоидаларига амал қилиши ҳақидаги режасини ҳимоя қилади. Вазирнинг ўз партиядошлари орасида бу режага қаршилар бор.

9 июль куни Мэйнинг Дэвис ўрнини ким эгаллашини эълон қилиши кутилмоқда.

Бош вазир режаси ЕИ билан маҳсулотлар савдосини эркин қолдириб, хизмат кўрсатиш соҳаси бошқарувини Британия қўлида сақлаб қолишни кўзда тутади.

Расмий Брюсселнинг бу таклифга рози бўлиши ёки йўқлиги ҳозирча номаълум. ЕИ Британия Европа умумий бозорининг фақатгина айрим шартларини сақлаб қолишига йўл берилмаслигини айтиб келади.

69 ёшдаги Дэвис 1994-97 йилларда Британиянинг Европа вазири лавозимида ишлаган. 2005 йилда Консерваторлар партияси етакчилигига асосий номзодлардан бири бўлган, аммо Дэвид Кэмеронга мағлуб бўлган.

XS
SM
MD
LG