Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:36

Энергетика вазири ўқиган мактаб ўқувчилари янги ўқув йилида кўчада қолди


Тошкентдаги 180- мактаб ўқувчилари қўшни мактабда 1- смена тугашини кутиб турибди. 2019, 5 сентябрь.
Тошкентдаги 180- мактаб ўқувчилари қўшни мактабда 1- смена тугашини кутиб турибди. 2019, 5 сентябрь.

180-мактабнинг 500 ўқувчиси Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи биносида ўқийдиган бўлди, мактаб директори 6 сентябрь куни коллежда бўлиб, синф хоналарини кўздан кечирди.

Бу маълумотни Озодлик тилга олинган коллеж раҳбариятидан сўраб билди.

180-мактаб ўқувчилари ота-оналарининг Озодликка хабар қилишича, янги ўқув йили бошланган 4 сентябрдан буён мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ўқияпти, ўрта ва юқори синфдагиларнинг қаерда ўқиши номаълум.

Математика чуқур ўргатиладиган, ўқиш рус тилида олиб бориладиган 180-мактаб директори юзага келган вазиятни изоҳлашни истамади.

Шайҳонтоҳур туман ҳудудида, “Оқтепа лаваш” кафеси яқинида жойлашган 180-мактабда юзага келган вазият ота-оналардан келган хат, сурат ва видеолардан англашилади.

Ота-оналардан бири ўз хатида (хат рус тилида ёзилган) ҳолатни қуйидагича тасвирлаган:

“Мактабни бошланғич синфларга мослаб таъмирдан чиқаришди. Юқори синфлар қаерда ўқиши номаълум. 5-7- синфларни 157- мактабга, 8-11- синфларни 167-мактабга 2-сменада ўқишга жўнатишди. Директор бу вақтинчалик чора эканлигини, болалар душанбадан Автомобиль ва йўллар коллежида ўқишини айтди”.

Яна бир хат муаллифининг ёзишича, 5 сентябрь куни 157- мактаб дарвозасидан 180-мактаб болаларини бир муддат киритмай туришган:

“Ўзимизнинг болалар ўқишини тугатиб олсин дейишди. Менингча, болаларни сарсон қилмай, бино масаласини ҳал қилиб олишлари, унгача эса, болаларни мактабга чақирмай туришлари керак эди. 3 ой таътилда нима қилишди булар, тушунмаяпмиз”.

180 мактаб ўқувчилари 157 мактабга киритилмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

180- мактаб ўқувчиларини вақтинча сиғдириб турган 157- ва 167- мактаблар билан боғланишнинг имкони бўлмади. Бироқ Автомобиль ва йўллар коллежи раҳбарияти вакили (исми айтилишини истамади) ота-оналардан олинган маълумотни билвосита тасдиқлади.

“180- мактабнинг ўқувчиларини қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни бугун олдик. Мактабнинг директори ва икки завучи, мана, ҳозир олдимда туришибди. Ҳозир аудиторияларни кўриб чиқишди. 500 бола келиб ўқийдиган бўлди”.

Айни пайтда Автомобиль ва йўллар коллежида бу ўқув юртининг ўз ўқувчилари - ўқишни бу йил битирадиганлари ҳам ўқийди.

Коллеж вакили Озодлик саволларига жавоб бериб турган пайтда унинг ёнида турган 180- мактаб директори Максим Кондратьев Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Директорга бермоқчи бўлганимиз: нима учун ўқув йилининг биринчи кунида бирдан бу муаммо пайдо бўлиб қолди, деган саволни Шайҳотоҳур туман халқ таълими бўлими раҳбарларига бера олмадик - кун давомида телефонни ҳеч ким кўтармади. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати ходими (Ихтиёр) эса, саволни эшитгач, алоқани узиб қўйди.

180- мактаб Шайҳонтоҳур туманида, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи эса, Чилонзорда. Коллеж болалар учун узоқлик қилмайдими? Бу саволга коллеж вакили “йўқ, узоқ эмас”, деб жавоб берди.

180- мактаб қанча ўқувчига мўлжаллангани, бу йил қанча ўқувчи ўқиши тўғрисида маълумот топиб бўлмади. Фарзанди 5- синфда ўқийдиган онанинг айтишича, 6 та параллель 5- синф бор. Шулардан 3 таси математика чуқур ўргатиладиган синфлар бўлиб, уларда 30, 31 нафардан ўқувчи бор. Қолган 3 таси оддий синфлар ва уларда ўқувчилар сони 42 нафаргача.

Афтидан, 180- мактабдаги вазият Шайҳонтоҳур туманидаги шу мактабгагина хос. Чунки тумандаги бир неча мактабдан, хусусан, ўқиш рус тилида олиб бориладиган 19- мактабдан Озодлик сўраб олган маълумотга қараганда, жой етишмаслиги муаммоси йўқ.

180-мактаб жорий йилда Бош вазир маслаҳатчиси, Энергетика вазири Алишер Султонов билан боғлиқ ОАВ тилига тушган эди.

Султонов 26 март куни ўзи ўқиган 180- мактабга бориб, мактаб кутубхонасига ўзининг шахсий коллекциясидан китоблар совға қилгани тўғрисида хабар қилинганди.

4 сентябрда Ўзбекистондаги 9904 та давлат умумтаълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили бошланди.

Бу ҳақда хабар қилган Халқ таълими вазирлигига кўра, бу ўқув йилида мактаблар ўтган ўқув йилига нисбатан 213 тага кўпайган. Фаолиятини тугатаётган 383 та касб-ҳунар коллежининг биноси (шундан 154 таси янги мактаб, 229 таси қўшимча бино) мактабларга берилиши натижасида қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилган.

2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн. нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу эса ўтган ўқув йилига нисбатан 338,56 минг нафар ўқувчи кўп деганидир.

620 минг нафардан ортиқ ўқувчи илк бор 1-синфга қадам қўйди.

XS
SM
MD
LG