Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:30

Ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилган ўзбекистонликлар давлатдан ҳимоя кутмоқда


Пандемия сабаб Ўзбекистон бўйлаб жамоат транспорти қатнови тўхтатилиб, ҳайдовчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилди.
Пандемия сабаб Ўзбекистон бўйлаб жамоат транспорти қатнови тўхтатилиб, ҳайдовчилар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилди.

22 мартдан бошлаб коронавирус сабаб жамоат транспортлари ҳайдовчи ва чиптачилари ўз ҳисобидан таътилга чиқарилди.

Шунингдек, айрим ташкилотлар аксар ишчиларидан ўз ҳисобидан таътилга чиқиши борасида ариза ëздириб олди.

Оиласини фақат маош ҳисобига боқадиганлар мажбурий таътил узоқроқ чўзилса, ночор аҳволга тушишдан қўрқмоқда.

"Ҳайдовчилар одаммасми?"

Беш йилдан буён автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган тошкентлик 31 яшар Анвар уч кундан бери уйида - мажбурий таътилда ўтирибди.

У ҳам ҳамкасблари сингари ўз ҳисобидан таътилга чиқарилган.

“Ариза ёзиб, қўл қўйиб бердик. “Ўз хоҳишимга кўра таътилга чиқяпман”¸ деб. Ҳаммамиз ёздик. Кўпчилик ташкилотлар ишчиларини пул тўлаб таътилга чиқарди. Нима ҳайдовчилар одаммасми?”, дейди Анвар.

Транспорт вазирлиги коронавирус тарқаши олдини олиш мақсадида жамоат транспорти қатновини вақтинча тўхтагани сабабли ҳайдовчилар ва бошқа транспорт ходимлари таътилга ўз ҳисобидан чиқарилишини расман эълон қилган.

Анвар агар мажбурий таътил узоққа чўзилса, муаммолар гирдобида қолиб кетишидан қўрқмоқда.

“Ўзи оладиган ойлигим долларга айлантирсангиз 200 долларга яқин. Яширмайман¸ кундалик чипта пулидан ҳам озгина қолади. Шуни ҳисобига рўзғор боқамиз. Иккита болам бор. Хотиним уйда ўтиради. Билмадим агар тез орада ишга чиқмасак, аҳволимиз нима кечади?”

Транспорт вазирлиги мажбурий таътилнинг вазият барқарорлашгунга қадар давом этишини билдирган.

“Ватанпарвар” раҳбарияти ходимларини оғир вазиятда кўчага ташлаб кетаверадими?”

Ҳайдовчи ва чиптачилардан ташқари бошқа айрим ташкилотлар, жумладан, “Ватанпарвар” ташкилоти ҳам пандемия даврида ўз ходимларига берилган мажбурий таътил учун пул тўланмаслигини билдирган.

Ўзбeкистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят кeнгаши ишчи-ходимлари ўн кундан бери мажбурий таътилда.

Ушбу идора ходимларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан айтишича, улардан мажбурий равишда ўз хоҳишига кўра, таътилга чиқиши борасида ариза олинган.

“Вилоят бўйича 16-17 март кунлари ҳамма ватанпарварчилардан “ўз ҳисобимдан таътилга чиқаман”, деб ариза ёздириб олишди. Қўпол қилиб айтганда кетимизга тепишди. Амалий машғулот соатига қараб, 900-950 минг сўмдан ойлик ёзилади. Бошқа даромад йўқ. Хўш, биз энди рўзғорни қандай тебратамиз? Кредитларимизни қандай тўлаймиз? “Ватанпарвар” раҳбарияти ўз ходимларини оғир вазиятда кўчага ташлаб кетаверадими?”.

“Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкентдаги марказий идораси ходимларидан бири ишчиларнинг ўз ҳисобидан таътилга чиқарилганини тасдиқлади.

“Кимнинг таътил кунлари бўлса, таътилга чиқарилди. Бошқалар ўз ҳисобидан таътилга чиқишди. Ҳеч ким мажбурлангани йўқ. Ҳаммаси ариза ёзиб берган. Қонун бузилиш ҳолати бўлгани йўқ”, деди ўзини таништирмаган ходим.

Темирйўлчилар: ариза ёзмаганга таҳдид қилишди

Озодликка мурожаат қилган “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ходимларидан бири ҳам пандемия сабаб ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганини билдирди.

Ишдан ҳайдалиш хавфи сабаб аноним қолишни сўраган тошкентлик аёл иддаосига кўра, ўз хоҳиши билан ариза ёзишни истамаганларга ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган.

“Ишдан ҳайдаш билан қўрқитишиб, "ўз ҳисобимдан таътилга чиқаман", деб ёздириб олишди. Бирортаси ўйладимикан, ойлиги бир миллион сўмга ҳам етмайдиган юзлаб бечоралар қандай қилиб оила тебратади? Ахир озгина бўлса ҳам инсоф борми? Вазият оғирлашаётган бир пайтда ўз ходимларини пулсиз, ишсиз кўчага чиқариб қўйган раҳбарларнинг фашистлардан нима фарқи бор?”, дейди тошкентлик аёл.

Озодлик мухбири “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатига 26 март куни телефон орқали боғланди. Гўшакни кўтарган ходима таътил билан боғлиқ саволларга ҳисоблаш бўлимидан жавоб олиш мумкинлигини айтиш билан чекланди. Ҳисоблаш бўлими билан кун давомида боғланиб бўлмади.

"Меҳнат қонунчилиги бузиляпти"

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ишчиларнинг ўз ҳисобидан таътилга чиқарилишини "меҳнат қонунчилигининг қўпол равишда бузилишидир" деб қоралади.

“Ҳурматли, ҳукумат вакиллари! Ҳайдовчи ва кондукторларга ҳам иш ҳақи сақланадиган таътил бериш чорасини кўришларингизни сўрайман. Давлат шунақа оғир пайтда давлатлигини қилиши керак”, дея ёзди ҳуқуқшунос Худойбердиев ўзининг Телеграм каналида.

Вазирлар маҳкамасининг коронавирусга қарши курашга оид 23 март кунги қарорида барча турдаги ташкилотлар ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таътилга чиқарилиши қайд қилинган.

Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, ходимга ўз ҳисобидан мажбурий таътил бериш мумкин эмас, бунга фақат ўзи рози бўлиши шарт.

159-моддага кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Пандемия сабаб дунёдаги деярли барча мамлакатларда аксар ишчи-xодимлар уйдан - онлайн режимда ишлашга ўтказилди ёки таътилга чиқарилди.

Айрим мамлакатлар, жумладан, Россия мажбурий таътил пайтида ойлик маошларнинг сақланишини ваъда қилди.

Италия бир ойдан зиёд вақтдан буён уйида қолаётган ишчиларга товон пули берилишини маълум қилди.

Ушбу мамлакат коронавирус сабаб ишини йўқотган ходимлар ёки банкротликка юз тутган фирмалар учун бюджетдан 25 миллиард евро ажратди.

Швейцария ва Жанубий Корея бунинг учун 10 миллиард доллардан сарфламоқчи.

26 март куни кечқурун коронавирус пандемиясига қарши курашга оид қатор ҳужжатга қўл қўйиб¸ бу ҳақда халққа ҳисоб берган президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаб берди.

Жумладан, карантин туфайли мажбурий таътилга чиқарилган давлат ва нодавлат сектори ишчиларига¸ президент белгилаган топшириққа кўра¸ иш ҳақининг камида 50 фоизи миқдорида ҳақ тўланади, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилади.

XS
SM
MD
LG