Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Ўшда “Мирзиёевга суиқасд қилишга уриниш”да айбланган Достонбекнинг отаси айблов сохта эканини иддао қилди


Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 5 сентябрида Бишкекка давлат ташрифи билан келган эди.
Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 5 сентябрида Бишкекка давлат ташрифи билан келган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи билан келадиган куни Ўш ва Бишкек шаҳарларида портлашларни содир этишни ва “Ўзбекистон президентига суиқасд қилиш”ни режалаштирганликда айбланиб 15 йилга қамалган Достонбек Саримсоқовнинг отаси 17 апрель куни ўтган матбуот анжуманида ўғли "айбсиз эканини" иддао қилди.

Ўшда “Мирзиёевга суиқасд қилишга уриниш”да айбланган Достонбекнинг отаси айблов сохта эканини айтмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00

- Мирзиёев 5 сентябрда келган. Ўғлимни 2 сентябрда қўлга олишди. Уни “Мирзиёвни портлатаман, элчихонани портлатаман, черковни портлатаман”, деган ниятда бўлган деб айблашмоқда. Бир ўзи учта жойни портлатмоқчи бўлган эмиш. Учта ерда портлашни уюштирмоқчи бўлган бўлса, ҳеч бўлмаганда битта шериги бўлиши керак эди-ку. Мен “бу айбловларни исботланглар”, деб талаб қилаяпман. Лекин ҳеч қандай исбот-далил йўқ, - деди матбуот анжуманида Хурсандбек Саримсоқов.

Ўш вилоят, Қорасув туманидаги Ғайрат қишлоғидан бўлган 30 ёшли Достонбек Саримсоқов 2017 йилнинг 2 сентябрида қўлга олинган эди. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари айбланувчининг уйи тинтув қилинганда портловчи мосламалар бўлган қопчиқ топилгани тўғрисида билдирган.

Лекин Достонбекнинг отаси Хурсандбек Саримсоқов 17 апрель куни ўтган матбуот анжуманида уларнинг уйида "бундай нарса бўлмагани" тўғрисида баёнот берди.

Хурсандбек Саримсоқов матбуот анжуманида "ўғлининг айбсиз эканини, унга айблов қийноқлар остида тан олдирилганини, ўғлининг террорчи эканини исботловчи бирорта далил йўқлигини" иддао қилди.

Ўш вилоят суди матбуот котиби Бекзат Ўсмўнқулов 17 апрель куни "ЎшТВ" телеканалига берган интервьюсида Хурсандбек Саримсоқовнинг билдирувларини инкор қилди. Унга кўра, Достонбек Саримсоқов устидан ўтказилган суд жараёнининг 9 та мажлисида Достонбек Саримсоқовнинг қийноққа солинмагани аниқланган.

Суд матбуот котибига кўра, қўлга олиш жараёнида қаршилик кўрсатгани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Достонбек Саримсоқовга нисбатан куч қўллашга мажбур бўлган.

-У судда Суриядаги жанггарилар билан алоқада бўлганини билдирган. Шунингдек, у ижтимоий тармоқлар орқали номаълум бир шахс билан гаплашиб, уни Ўш ва Бишкекда содир этилиши режалаштирилаётган портлашларда иштирок этишга чақирган, - деди Бекзат Ўсмўнқулов.

Айни пайтда Достонбек Саримсоқов иши юзасидан апелляция жараёни бормоқда. Апелляция суди 19 апрель куни ҳукм чиқариши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Бишкекка давлат ташрифи билан келган эди.

XS
SM
MD
LG