Мурод Жўраев яна қийноқлар остида

15 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган таниқли мухолифат вакили, сиёсий маҳбус Мурод Жўраев панжара ортида оғир қийноқларга солинмоқда.
Яқиндагина Ўзбекистон ҳукуматининг бир неча сиёсий маҳбусга кутилмаганда кўрсатган марҳамати биринчилардан бўлиб амалдаги президентнинг ғазабига учраган мухолифат вакилини яна четлаб ўтди.

Мурод Жўраев ташқарида ҳарорат минус 30 даражага етган, ҳар йилгидан совуқ келган бу йилги қишнинг қирчиллама совуғида, сурункали бронхит касаллиги билан 10 кунга жарима изоляторига ташланди.

Бу ҳақда куни-кеча уни кўришга муваффақ бўлган рафиқаси Холбека Жўраева “Озодлик”ка интервью берди.

Xoлбека Жўраева: Аҳволлари жуда ëмон. Бундай айтганда, фақат суяк қолган, десам ҳам бўлади. Шунча йил ўтириб, уни бу даражада кўрганим йўқ эди. Буни тасаввур ҳам қила олмасдим. Изолятордан кейин ўзимга келмаяпман, деди. 6 январь куни уни 10 кунга изоляторга тиқишган ва 16 январь куни чиқаришган. Ўзи шамоллаган эди. Икки кун олдин фамилияси Ш билан бошланадиган МХХ ходими уни чақирган. Мурод акам амнистия бўйича суҳбат ўтказса керак, деб келганлар. Буларнинг бир нималари бўларкан, шулар билан урушдим, деб қўл қўйиб берасан, дейишган. Сени 10 кунга изоляторга тиқамиз, дейишган. Менинг мазам йўқ, нимага изоляторга тиқасизлар, агар мени изоляторга тиқсангизлар ўлиб қоламан, деб айтганлар, лекин уни қабул қилишмаган. Ташқари 30 даража совуқ, ичкари музлаб ëтибди. Деразалар арчага безак бергандай музлаб ëтибди. Худонинг ўзи бир асради, нимага ўлмай қолдим? Бунга ҳеч ҳам ишонолмаяпман, дедилар. Яна эрталаб қамалганларнинг иккитасига буни трусикда югуртиринглар, деб айтаркан. Зарафшон қамоқхонаси даҳшат экан, дедилар. Роса қийнашибди.

Озодлик: Нимага жарима изоляторига солингани сабабини билмасдан қолавердилар, шундайми?

Xoлбека Жўраева: Сабабини умуман билмадим, нимагалигини ҳам тушунмадим, дедилар. Асли келиб чиқиши Қоракўлдан бўлган Ориф Тўхтаев дегани бор экан. Энди бу киши танимайди-ку, қанақадир бир Жумами, бир нимадир деган одам бор экан. Мана, сенга ўхшаган одамлар ҳозир тутилиб саломини еб ëтибди, деб айтган. Чунки бу қамоқхонада телевидениенинг ҳатто “Ахборот”и ҳам қўйилмас экан. Алоқа бутунлай узилган экан.

Озодлик: Тўхтаев Ориф деган киши охирги марта жарима изоляторига солинишидан олдин тахминан энди Юсуф Жуманинг номини тилга олган, а?

Xoлбека Жўраева: Ҳа, шуни айтган. Жума деганини айтган, Юсуф деганини, бу киши тушунмай қолдим, дедилар. Мен мубораклик бўлсам, у киши қоракўллик бўлса, менинг қандай алоқам бор деса, у ҳам сенга ўхшаган одам, деган. Мурод акам у ҳам сенга ўхшаб азоб кўраëтганларни биттаси, деб айтди деб ўйлаганлар. Мен ҳам танимайман-ку, лекин радиодан эшитдим, дедим. Кейин телевидениеда Юсуф Жума ҳақида кўрсатув берди-ку. Бу ерда, асосан, 159 ва ҳизбчилар экан. Бир-иккита хотинлар борган экан, уларники ҳам изоляторда экан. Битта аëл йиғлаб-йиғлаб қайтди. Ўшанда айтдики, Шамсиев деган киши оëқяланг бўлиб, бошингни эгиб тиз чўкиб гапирмасанг, мен сенинг гапингни эшитмайман, деб боламни урибди, деди.

Озодлик: Ҳозир жарима изоляторидан чиққан, лекин соғлиғи жуда оғир...

Xoлбека Жўраева: Аҳволлари жуда ҳам оғир. Ҳисобласам, дориларни олиб борганимга бир ярим йил бўлибди. Бирор марта на укол қилишган, на чақириб, дорини қўлига беришган. Энди эскирган бўлса, ташлаб юборишади, бошқа иложи йўқ.

Озодлик: Яқинда бир неча сиëсий маҳбусларни озодликка чиқаришди...

Xoлбека Жўраева: Буни эшитмаган эканлар.

Озодлик: Буни Мурод Жўраев эшитмаганми?

Xoлбека Жўраева: Мен борганимда чиққанларнинг фамилиясини ҳам ëзиб кетмаган эканман. Адашмасам 6 та чиқди, дедим. Сизга ҳам бир енгиллик бўлади, деб роса кутаëтган эдим десам, бу йил умуман менга нисбатан енгиллик, деган нарса бўлгани йўқ. Амнистия ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ. Зарафшон қамоқхонасидан ҳозиргача бирор киши чиққанини билмайман, дедилар. Бу қамоқхонада одамнинг умри тугагунча йил қўшилиб кетилаверарканми дейман. Шунинг бир қонун-қоидаси йўқмикан? Қамалган инсонга 10 йил берилса ва уйидагилар 10 йилни кутса. Умуман мен бунинг тугашини кўра олмаяпман.

15 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган таниқли мухолифат вакили, сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг панжара ортида яна оғир қийноқларга солинаётгани хусусида унинг турмуш ўртоғи Холбека Жўраева сўзлаб берди.

Мурод Жўраев аслида 12 йилган қамалган. Аммо дастлаб амнистияга тушганига қарамай, қамоқхона тартибини бузди, деган айблов билан жазо муддати қамоқхона ичкарисида 3 маротаба узайтирилган. Эндиги муддати 2009 йилнинг сентябрь ойида якунланади ва унинг оила-аъзолари қуруқ устихони қолган сиёсий маҳбус ортиқ бу ҳукуматни қўрқувга солмаслигига ва ниҳоят уни озод қилишларига умид қилмоқда.