Юсуф Жуманинг қамалишига муносабатлар

Куни-кеча Бухоро вилояти жиноят ишлари суди томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган таниқли шоир Юсуф Жума жазони манзил колонияда ўташи маълум бўлди.
Яқинларининг айтишича, ҳозирча улар суд ҳукми юзасидан апелляция тартибида шикоят ёзишга қарор қилгани йўқ.

Агар 10 кун ичида шундай мурожаат бўлмаса, Юсуф Жума Ўзбекистон қамоқхоналаридаги манзил колониялардан бирига жўнатилади.

Бугун Ўзбекистон жамоатчилиги — оддий аҳоли вакиллари, шоир ва ёзувчилар, сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари бу воқеани қандай баҳоламоқда?

Таниқли мухолифатчи шоир устидан Бухорода ҳукм ўқилганидан бугун тирикчилик ғамида яшаётган ўзбекистонликлар орасида, табиийки, хабардордан бехабари кўпроқ. Аммо хабар топганининг хулосаси эса эҳтимол кўпчиликка танишдир.

Озодлик: Юсуф Жума деган шоир ҳақида эшитдингизми?

Аëл: Йўқ, биринчи марта эшитяпман мен уни.

Озодлик: “Давр”да кўрмадингизми?

Аëл: Йўқ, унақа нарса кўрмайман. Мен фақат сериал кўраман. Қариганда энди сиëсатга аралашиб ўлиб қолайми!? Ўзи буëғи икки метрлик ерга кетгани оз қолди.

Бошқа тингловчилар:

-
Эшитганман, лекин у кишини билмайман, танимайман. Кейин телевидениеда “Давр”да у киши ҳақида кўрсатув берди-ку. Ўшанда кўрдик уни”.

- Узоқдан танийман. Яқиндан уни танимайман. Бу одам яхши одам эди. Халқ тўғрисида куюниб шеърлар ëзган. Миллатни ўйлаган, миллатга жон куйдирган одам. Ҳозир биласиз-ку, оддий шоирлар, оддий халқ, катта раҳбарлар ҳам ишдан олиниб қамалиб кетяпти. Ҳамма кўриб билиб турибди, лекин дардини кимга айтади!? Дардини айтса, қулоқ соладиган одамнинг ўзи йўқ-ку. Раҳбар шу халққа сал ëн босиб халқ ҳурматига сазовор бўлиб қоладиган бўлса, ишдан олиниб қамалиб йўқ бўлиб кетяпти-ку.


- Ўзбекистонда қамалаëтганлардан ҳеч кимда айб бўлмайди. Айби йўқларни қамайди. Ҳақиқатни гапирадиган, оддий халқни ўйлайдиганларни қамайди. Ҳақиқатни гапиргани қўйишмайди Ўзбекистонимизда.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган оддий аҳоли вакилларининг айримлари халқ дардини сўзлаган шоирнинг шундай қисматга дучор бўлишидан хабардор. Зеро, банди қилинган биргина шоир Юсуф Жума эмас.

Муҳожиратдаги мухолифатчи Зокиржон Исҳоқов эса Юсуф Жумани шахсан танишини ва унинг ортидан бошланган можарони кузатиб келганини айтар экан, бир кун келиб шундай қисматга дучор бўлишини билса-да, шоир ўз маслагидан қайтмаганини таъкидлади.

“Мен уни танийман. АҚШ элчихонасида бир марта у билан суҳбатлашганман. Қамалиб чиққан эди ўшанда. Ҳақиқатни куйловчи халқпарвар шоир сифатида тасаввур пайдо бўлган менда. Ҳукумат амалдорларининг ҳеч бирини аямай, тўғридан-тўғри ўз шеърларида танқид қилаверади. Қўрқмайди. Президент истеъфоси талаб қилинган плакатлар билан юришининг ўзи ҳукуматни қандайдир қўрқитиб юборган. Бир танобини тортиб қўйиш учун шу ишларни қилишяпти”,- деди З.Исҳоқов.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов эса Юсуф Жума устидан тергов давомида, суд жараëнида қонун бузилганига 100 фоиз ишонишини билдирди.

“Биринчидан, бизнинг Ўзбекистонда суд қонун бўйича ўтказилмайди. Иккинчидан, қийноқлар бўлган бўлиши ҳам турган гап. Бу ҳам буюртма иш. Буюртма бажарилган. Жиноятчи сифатида дунë жамоатчилигига кўрсатиш ўта хавфли рецидивист, деган ном беришга асос туғилади. Ўзбекистонда ҳақиқатчилар ҳукуматга ëқмайди. Ўзбекистонда ҳукуматга ёқмаган ва банди қилинган ҳақиқатчилар сафига Юсуф Жума ҳам қўшилди”,- дейда О.Орипов.

Шу кунларда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан судлашиб юрган “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов Юсуф Жума кейинги вақтларда Ўзбекистон ҳукумати Ғарб билан мулоқотларда қўллаётган янги бир тактиканинг навбатдаги қурбони бўлганини айтади.

“Жиноят иши сохталаштирилган. Юсуф Жума устидан фақат сиëсий қарашлари учун жиноий иш уюштиришиб, ҳозир 5 йилга ҳукм қилинди. Юсуф Жумани ЕИ санкциялари масаласини муҳокама қилиш пайтига келганда қандайдир чора қўллаб ë амнистия, ëки шартли жазо қилиб озодликка чиқаришса керак. Шу билан ўзини қандайдир ижобий ишлар қиляпмиз, деб кўрсатмоқчи бўлса керак. Чунки Ўзбекистон ҳукумати анчадан бери шундай тактикани қўллашга ўтиб олган”,- деди П.Охунов.

Пўлат Охунов Ўзбекистонга қарши санкцияларни қайта кўриб чиқиш юзасидан 28 апрель куни Европа кенгашида бўлиши кутилаётган муҳокамаларни назарда тутмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев эса аксинча ана шу санкциялар муҳокамаси арафасида ҳақ сўзни айтишдан қайтмаган шоирни қамаш билан Ислом Каримовнинг қайсар ҳукумати Ғарб жамоатчилигига беписандлигини намойиш қилди, деган фикрда.

“Бу кенгашдан олдин ЕИга йўлланган бир шапалоқ, деб ҳисоблайман. Каримов шу пайтгача хўп деган-ку, лекин уларнинг бирорта айтганини қилгани йўқ. Худди шу пайтда кўзга кўринган шоир, маданиятли бир зиëлини: “Бу кўчада безорилик қилган. Безори сифатида қамадик”, дейишнинг ўзи кулгили. Безори сифатида қамаш, 5 йил қамоқ жазоси бериш, албатта, мамлакат шаънига ҳам, зиëлилар шаҳнига ҳам бир қора доғ, деб ҳисоблайман”,- деди Т.Йўлдошев.