Когон портлашлари: Мавҳумлик қобиғи ҳамон йиртилгани йўқ

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:ERPYNdpL-LPq3M:http://grani.ru/files/13995.jpg Ўзбекистондаги Қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳ Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 10 июл куни содир бўлган портлаш бўйича ўтказилган мустақил кузатув натижаларини эълон қилди.
Гуруҳ ҳисоботида фожеада тахминан 27 киши қурбон бўлгани, шу кунларда уларнинг исми-шарифи, манзили аниқланаётани айтилади.

Гуруҳнинг Бухородаги вакили Шуҳрат Ғаниевнинг “Озодлик”ка билдиришича, шу кунгача қурбонларнинг аниқ сони маълум эмас. Фақат ҳукумат томонидан эълон қилинган расмий рақамлар бор, холос.

Ш.Ғаниев тез кунларда тезкор гуруҳ ўз кузатувини якунига етказиши ва якуний рақамларни эълон қилиши, маълум қилинган кузатув натижаларида эса гувоҳларнинг кўрсатмалари асос қилинганини гапирди.

“Бир аëлнинг ҳикоя қилишича, у қочаëтган пайтда йиқилишига сал қолган ва уйидагилар уни қўлидан тутишган. Шу пайтда ундан 2 метр нарига вертолëт парраги келиб тушган. Бу паррак, албатта, вертолëт қисмидан бўлиши мумкин. Бу қисм эса 2 км нарида жойлашган. Яна бир гувоҳнинг кўрсатмаси ҳам эътиборни тортади. Когон-Бухоро йўналишида жуда кўп одам саросимага тушиб қочиб кетаëтган пайтда бир йигит машинаси билан ëш болани босиб ўтиб кетибди. Мен буни ëзганимнинг сабаби ўша пайтда милиция ходимлари қаерда бўлганини ҳеч ким билмайди. Одамлар милиция таянч пунктига югуриб боришса, у ҳам ëпиқ экан”,- деди Шуҳрат Ғаниев.

Мустақил кузатув олиб бораётган манбалар 10 июль кунги портлашга оид тафсилотларни майда-майда деталларда бўлса ҳам аниқлашга уринмоқда. Зеро, мамлакат раҳбарининг кўрсатмаси билан тузилган ҳукумат комиссияси воқеа содир бўлгани салкам 20 кун бўлибдики, биринчи куни берилган расмий рақамлар — 3 киши қурбон бўлгани ва 21 киши жароҳатлангани ҳақидаги маълумотдан бошқа бирор ахборотни тақдим қилгани йўқ.

Бухоролик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов аслида қурбонлар сони 27 тадан ҳам кўп бўлиши мумкинлиги, аммо одатдагидек ҳукумат асл маълумотни беркитишга уринаётганини таъкидлади.

“Шу боис, аҳоли орасида ваҳима ҳануз сусайгани йўқ. Гўёки бу ҳудудда портлаш вақтида сочилиб кетган ва ҳали портламаган снарядлар бор. Туманлардан эшак тўпланаëтган экан. Портламай қолган миналарни портлатиш ëки уларн жойини аниқлаш ҳаракатига тушишган экан”,- дейди Бобомурод Раззоқов.

Унинг билдиришича, воқеа жойи ҳануз ўраб олинган, у ерга киришга рухсат йўқ. Шу боис, портлаш содир бўлган ҳарбий омбор ҳудудини бу қадар қаттиқ қўриқлаш ва ҳанузга қадар объектив воқеликка оид ахборотни беркитишнинг сабаблари ҳақида миш-мишлар авж олган.

“Энг кўп илгари сурилган тахминга кўра эса коррупция даражаси юқори бўлган. Қурол-яроғлар сотилган. Ўғирлик ва қаровсизлик бўлган. Ҳукумат, менимча, шу нарсани назарда тутган ҳолда бу маълумотларни матбуотда ëритмаяпти. Коррупция масаласи айни факт экани ҳозирги кунда ўз исботини топмоқда. МХХ ҳарбий хизматчиларнинг яқинларидан ҳам тушунтириш хатлари олмоқда, суриштирув ўтказмоқда. Бу ҳақда фактлар бор”,- деди Бобомурод Раззоқов.

Шу кунларда Когон шаҳрида ҳукм сураётган вазиятга доир олинган энг сўнгги маълумотларга кўра, ҳаёт нисбатан изига тушган, 3 кун муқаддам Когон вокзали ишга туширилгани, вокзал теграсидаги уй-жойларга эса аҳолининг қайтарилгани хабар қилинмоқда. Аммо воқеа эпицентридан 2 километргача бўлган ҳудуддаги вазият ҳануз ноаниқ. У ердаги аҳолининг асосий қисми хонадонлари вайрон бўлган. Гап сўзларга қараганда, уларнинг уйларини қуриб бериш учун Когон шаҳри ва Когонга яқин туманларда аҳолидан хайрия маблағлари йиғилмоқда. Воқеа жойидаги қурилиш ишларига эса шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёев бош эмиш. Аммо воқеа жойи ёпиқ бўлгани боис, бундай гап-сўзларни аниқлашнинг имкони йўқ.

“Аниғи шуки, ҳозирча Когонни эпицентрига яқин жойларда вазият ноаниқ. Чунки салкам 150-200 тага яқин одамлар ҳалигача Бухородаги юридик ва академик лицейларида яшамоқда. Бу энди 3 кун олдинги гап”,- дея қўшимча қилди Шуҳрат Ғаниев.

Бу гуруҳ тез орада мониторингни якунлаши ва аниқ рақамларни тақдим қилиш ниятида, воқеа бўйича суриштирув олиб бораётган ҳукумат комиссияси эса ҳали расмий маълумотларни тақдим қилгани йўқ.


* * *

Шу тариқа Когон шаҳридаги ҳарбий омборда содир бўлган портлашга оид асл вазият кенг жамоатчилик учун мавҳумлигича қолмоқда.

Мамлакат раҳбарининг шахсан ўзи Когонга бориб воқеа-жойини кўздан кечирган ва телевидениеда чиқиш қилиб, аҳолини воқеага оид маълумотлардан тўлиқ хабардор қилинг, ортиқча ваҳимага ўрин қолдирманг, дея кўрсатма берганига қарамай, матбуот жим, воқеа жойи ҳануз ёпиқ. У ердаги одамлар эса қўрқувда.

Маҳаллий кузатувчилар президентнинг чиқиши эл кўзида уюштирилган навбатдаги томоша, шу йўл билан ҳукумат собиқ совет давридан қолган услубни қўллашда давом этмоқда: уйдаги гапни кўчага олиб чиқма.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги ҳарбий омборда содир бўлган портлашга доир биринчи расмий ахборот Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан воқеа содир бўлган 10 июль кунида эълон қилинди. Унда тахминан 3 киши қурбон бўлгани, 21 одам жароҳатлангани айтилган эди. Иккинчи расмий маълумот орадан бир кун ўтиб, 11 июл куни берилди ва унда Когон тумани ҳамда Бухоро вилоятида вазият изга тушган, ҳаёт нормал давом этаётгани айтилган эди.

Шундан сўнг қўшни давлатлар, ҳатто Россия матбуотида анчагина танқидий ёритилган, шов-шувга айланган воқеа ҳақида Ўзбекистон матбуоти сукут сақлади. Воқеа жойи қаттиқ қўриқлангани боис, мустақил манбалар ҳам тафсилотларни аниқлашга муваффақ бўлмади.

Фақатгина 17 июлга келиб, мамлакат раҳбари Когон шаҳрига борганидан сўнг телевидениеда махсус кўрсатув берилди. Унда президент Каримов маҳаллий раҳбарларга шуни алоҳида таъкидлади:

“Жамоатчилик ва халқимиз барча бўлаëтган ишларни билиши керак. Бошқа бунақа хавф-хатарлар халқимизни бошига тушмаслиги учун буни ҳаммасини очиб беришимиз керак”.

Президент Каримовнинг бир гуруҳ маҳаллий амалдорлар қуршовида қилган ана шу чиқиши аксини топган кўрсатувда на портлаш содир бўлган жой, на ундан жабр кўрган одамлар, на воқеанинг қисман айбдори, деб топилган ҳарбийларнинг чеҳраси кўрсатилди. Бунга оид маълумотлар ҳали ҳам кенг жамоатчилик учун сир.

Портлаш қандай содир бўлди, нима сабабдан содир бўлди, қандай кўламда содир бўлди, қанча уй вайрон бўлди, қанча одам қурбон бўлди, тан олинган 3 та қурбон ким, жароҳатланганлар қани – бу каби ўнлаб саволлар ҳануз жавобсиз. Воқеа жойига озми-кўпми яқинлашишга муваффақ бўлган, гувоҳлар билан сўзлашган ва буни маълум қилган Ўзбекистонда Қийноқларни олдини олиш ва қийноқларга қарши тезкор гуруҳининг Бухоро вилоятидаги вакили Шуҳрат Ғаниев бу вазиятни бундай баҳолайди:

“Бу, менимча, эски совет давридан қолган урф-одат. Ҳақиқатдан қанчаси ўлган, қанчаси жароҳатланган - ҳалигача маълумот йўқ. Аҳолида аниқ маълумотлар бўлмагани туфайли “ҳали портлайди, яна катта портлайдиган бомбаси бор экан”, каби ваҳималар одамлар орасида кўпайиб кетди”,- дейди Шуҳрат Ғаниев.

Яъни биргина Когон мисолида эмас, шу каби бошқа воқеа-ҳодисалар, мисол учун, бунга қадар кузатилган йирик автоҳалокатлар, ёқилғи қуйиш шахобчаларида рўй берган портлашлардан тортиб, 2005 йил Андижонда бўлгани каби кўламда кечган қонли воқеаларга оид аниқ маълумотларнинг яширилиши, берилган тақдирда ҳам кечиктириб, кичрайтирилиб, хаспўшлаб берилиши одатий ҳолга айланган.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бундай вазиятни Ўзбекистон ҳукуматининг ўзбек жамиятига ишончсизлиги аломати, деб баҳолайди.

“Назаримда, бу яхши ўйлаб қилинаëтган сиëсий тадбир. Яъни сиëсий технология. Имкон қадар жамиятни таҳликага тушириши мумкин бўлган маълумотларни яшириш орқали бамисоли ҳукумат вазиятни назорат қилишга ҳаракат қилади. Жамиятнинг кўтарилмаслиги учун таҳликага сабаб бўладиган маълумотларни яшириш керак, деб ҳисоблайди. Лекин кўпинча бунинг тескари эффекти кузатилади. Андижон воқеасидан кейин ҳам, ундан олдинги воқеаларда ҳам асосий омил бу ишончсизлик ва шунинг учун ҳар хил фитналар назарияси олдинга сурилади. Яъни бу ҳукуматнинг ўзининг иши ва шунга ўхшаган баҳолар берилади. Ўзбек жамиятидан ишончсизлик даражаси шунчалик юқорики, буни ҳукумат яхши билади”,- дейди К.Раббимов.

Шундай дер экан, Камолиддин Раббимов, Когондаги портлашларга қадар бўлган воқеаларни эсга олиб, асл ахборотни яшириш ва жамоатчиликни воқеликдан чалғитишга уриниш муқобил, аммо ёлғон ахборотларнинг урчиши, айни вақтда, ўзбек жамоатчилигининг бу ҳукуматга ишончи ҳам буткул тушиб кетишига олиб келганини сўзлади.

Шунга қарамай, дейди Камолиддин Раббимов, гарчи акс натижа берса-да, ҳукумат догмага айланиб қолган қарашларига таяниб иш кўришда давом этишга мажбур. Чунки Ўзбекистонда мамлакат сиёсати тўла равишда шахслаштирилган.

“Ўзбекистонда ҳокимият ҳаддан ташқари марказлашган ва сиëсат шахслантирилган. Яъни мамлакатнинг ички ва ташқи сиëсати шахсан Каримовнинг ички ва ташқи сиëсати. Бу каби жиддий масалаларда ҳамма ташаббус ва майда-майда деталлар президент девони томонидан бошқарилади”, - дейди Камолиддин Раббимов.