Ўзбек мухолифати Жумаевлар оиласи ҳимоясига петиция бошлади

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:02v9KzaiRflcGM:http://uzbekcongress.files.wordpress.com/2006/11/yusuf_juma1.jpg Ўзбек мухолифатчилари “Жаслиқ” қамоқхонасида сақланаётган шоир Юсуф Жума ҳамда унинг қидирувга берилган ўғиллари Бобур ва Машраб Жумаевлар ҳимоясига қаратилган петицияни бошлади.
Акция “Ислом Каримов, айт! Халқнинг оташин шоири Юсуф Жума ва унинг ўғли Машраб Жумаев қаерда?! Уларнинг аҳволи қандай?!” дейилган чақириқ остида ўтказилмоқда ва у БМТ инсон ҳуқуқларини қўмитаси, Европа парламенти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Халқаро қизил хоч ва Қизил ярим ой жамияти, “Халқаро амнистия”, “Ҳьюман райтс уотч” “Фронтлайн”, “Мемориал” каби қатор халқаро ташкилотлар номига, барча ҳур фикрли инсонларга йўлланган.

Юсуф Жуманинг ўғли Машраб қамоқдан қочди, дея расман қидирилмоқда. Кейинги ўғил Бобурга ҳам сўроқсиз Бухорони тарк этди, деган асос билан аввал белгиланган шартли жазо ўрнига қамоқ жазоси тайинланган ва у ҳам ҳозир қидирувда.

“Жумаевлар оиласи жуда аянчли аҳволга тушган ва ўзбек мухолифати вакиллари эндиликда бу оиланинг ҳимояси учун жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиш мақсадида кенг кўламли петиция бошлади,- дейди ушбу акция ташкилотчларидан бири Ҳазратқул Худойбердиев.- Кўплар биладики, Ўзбекистонда жуда ҳам кўп мухолифат вакиллари, жуда ҳам кўп аҳли мусулмон ва ҳаттоки оддий бегуноҳ инсонлар қамоқда ўтирибди. Юсуф Жума Ўзбекистон ëзувчилари, шоирлари ва мухолифат ичидаги энг ëрқин, кўпчиликка таниқли жасур ва дадил бир инсон. Бутун Ўзбекистонда ëлғиз ўзи Ислом Каримов навбатдаги учинчи марта ўз сайловини ўтказишга ҳаракат қилганида ошкора кўчаларга болалари билан катта қоғозларга “Диктатор Каримов, истеъфо бер! Диктатор Каримов, кет!” деган шиорларни ëзиб кўтариб чиқди. Шу сабабдан бу инсон тақдиридан биз ҳаммамиз - нафақат мухолифатчилар, зиëлилар, журналистлар, ëзувчилар, балки ҳамма ташвишда. Бизни энг қаттиқ ташвишга солаëтган нарса адвокати Рустам Тўлагановга уни бориб кўришга рухсат берилмаганидир. Қизи Ферузахонга ҳам кўрсатишмади. Бундан бир ой олдин ўласи қилиб калтакланган, зўрға ëтган Машрабни телевизорга чиқариб: “Хавфли жиноятчи қочиб кетди. Эҳтиëт бўлинглар. Ушлашга ëрдам беринглар”, деб айтяпти. Бу ҳукумат шунчалик ҳам муттаҳам бўладими? Ҳайрон қоласизда энди. Қамоқда Машрабнинг аҳволи жуда оғир бўлиши ҳам мумкин. Яна биз қаттиқ ташвишдамизки, уни жисмонан йўқ қилган бўлишлари ҳам мумкин. Энди Машрабнинг дадасини ҳам яширяпти. Қамоқхоналарга киришга фақатгина Халқаро қизил хоч ташкилотига рухсат берилган. Биз улардан кириб ўшалар аҳволини кўринглар, деб илтимос қиляпмиз. Ҳозир юздан имзо йиғилди. 3-4 кун ичида, ўйлайманки, бу имзолар сони 400-500дан ошади. Кейин биз бу хатни ҳамма халқаро ташкилотларга, жумладан, ЕИга ҳам юборамиз. Зўравон ва босқинчи ҳукумат бу бегуноҳ инсонларни кўрсатмагунча биз босимни давом эттираверамиз”.

Ҳазратқул Худойбердиев таъкидича, ҳозир петицияда қўйилаётган биринчи талаб Юсуф ва Машраб Жумаевларни кўрсатиш, кейин эса озод этиш.

Демак, Юсуф Жума ва унинг оила-аъзолари ҳимояси йўлида Ўзбекистон мухолифати аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, зиёлилар бошлаган акциянинг биринчи кунидаёқ 100 кишининг имзоси йиғилди. Юсуф Жума тақдиридан хавотир олаётган бу инсонлар шоир ва унинг ўғиллари оғир қийноқларга солинган ва шу боис ҳам на адвокатига кўрсатилмоқда, на бошқа яқинларига, деган хавотирда.

Акция ташаббускорларининг асосий талаби эса Жаслиқда сақланаётган Юсуф Жума ва унинг қамоқдан қочгани айтилиб қидирилаётган ўғли Машраб Жумаевни Ўзбекистон қамоқхоналарини кўздан кечиришга расман рухсат олган Халқаро қизил хоч қўмитасига кўрсатишдир.