Ўшда ўзбек қурултойи бўлиб ўтди

Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази раҳбари Арофат Олимжонова 8 ноябр кунги қурултойда миллий марказнинг уч йил мобайнида қилган ишлари бўйича ҳисобот берди.

Алишер Навоий номли Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази 8 ноябр куни ўзининг навбатдаги қурултойини ўтказди. Қурултойда қирғизистонлик ўзбекларнинг мавжуд муаммолари тилга олинди.

“Ҳамжиҳатлик етишмаяпти”

Қурултой аввалида Навоий номидаги Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази раҳбари Арофат Олимжонова уч йил мобайнида қилинган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

- Миллий марказ фаолияти камчиликлардан холи эмас. Мактаблар, худудий кенгаш, маҳалла қўмиталари ва аёллар кенгашлари билан бевосита алоқа ўрната олмадик. Хақиқатни айтганда, ҳамма ҳам миллатимиз, юртдошларимиз учун жон куйдиравермайди. Орамизда маълум шахслар, халқаро ташкилотлар буюртмаларини бажариб, “Миллий марказларнинг кераги борми?” деган мақолалар ёзмоқда. Биз ҳам ўз вақтида газета орқали уларга жавобимизни қайтардик, - деди ўз сўзида Арофат Олимжонова.

Миллий марказ раҳбарининг ҳисоботи тинглангач, қурултой иштирокчилари марказ қилиши керак бўлган ишлар ва қирғизстонлик ўзбекларнинг бугунги кунда мавжуд муаммолари ҳақида гапирдилар.

“Маданият кунлари”ни тиклаш керак

Қирғиз-Ўзбек университети ректори Анваржон Исмонжонов аввалги анъаналар йўқолиб бораётганидан койинди:

- СССР даврида Ўзбекистон маданият кунлари Қирғизистонда, Қирғизистон маданият кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтар эди. Мана шу нарсаларга ҳозир аҳамият берилмай қолди. Менимча, шаҳар миллий маркази республика миллий-маданий маркази билан биргаликда қўшни мамлакатлар маданият кунларини қисман Ўшда ва бутун Қирғизистонда ёки аксинча, Қирғизистон маданияти кунларини қўшни Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистонда ўтказиш бўйича уюштириш ишлари юзасидан таклифларни кўриб чиқиши керак, - деди профессор Анваржон Исмонжонов.

“Чегаранинг икки томонида ҳам бегонадаймиз”

Ўшдаги 8-ҳудудий кенгаш раиси Муҳаммадимин Исмоилов эса ўзбек-қирғиз чегарасидаги муаммолар бўйича ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

- Бизга Ўзбекистон фуқароларининг келиб ўқиши мумкинлиги, бизнинг фуқароларимиз эса Ўзбекистонга бориб ўқиши катта муаммо экани айтиб ўтилди. Бундан катта муаммолар ҳам мавжуд. Бу чегарадаги муаммодир. Ўшлик ўзбегим чегарадан ўтмоқчи бўлганда, “кимсан?”, “нимасан?”, “қаерга кетяпсан?” деган сўровлар ўзимизнинг Қирғизистондан бошланади, ундан сўнг Ўзбекистон чегарасида “сиз ўшлик ўзбекларни ким бу ерга ўтказди?” деган гапларни эшитамиз. Мен дўстлик ва ҳамжиҳатликка оид бундан буён олиб бориладиган музокараларда ана шу масалалар ҳам кўриб чиқилишини илтимос қиламан, - деди Муҳаммадимин Исмоилов.

“Марказларни бирлаштириш лозим”

Қайд этиш жоизки, Қирғизистонда ўзбекларнинг бир-биридан мустақил бўлган бир неча миллий-маданий марказ фаолият олиб боради. Ўш шаҳрининг ўзида бундай ташкилотдан учтаси бор. Республика ўзбеклар миллий маданий маркази раҳбари Жалолиддин Салоҳиддинов айни кунларда барча миллий марказларни бирлаштиришга уринишлар бўлаётганини қайд этди:

- Бирлашиш тўғрисида гапириб ўтилди. Ҳаммага маълумки, шаҳримизда яна бир миллий марказ мавжуд, бундан ташқари, Даврон ака Собировнинг миллий маркази бор. Худо хоҳласа, булар билан яқин кунларда бирлашиш қурултойини ўтказмоқчимиз. Айни кунларда бу борада музокаралар олиб борилмоқа. Бугун ушбу миллий марказ ўзига янги президиум сайласа, булар ҳам миллий марказларнинг қўшилиши бўйича қарор қабул қилишлари лозим бўлади, - деди Жалолиддин Салоҳиддинов.

Республика миллий-маданий маркази раҳбарига кўра, ўзбекларни бирлаштириш билан бир қаторда қурилиши чала қолиб кетган Ўзбек миллий-маданий маркази биносини битказиш ҳам режалаштирилмоқда.

“Ўз муаммоларимизни фақат ўзимиз ҳал қилишимиз керак”

Қурултойда Ўш шаҳар миллий марказ иши қониқарли деб топилган эса-да, айрим иштирокчилар анжумандан кўнгиллари тўлмаганини баён қилдилар. Қурултой иштирокчиларидан бири Қосимжон Раҳмиев анжуманда қирғизистонлик ўзбеклар муаммоларининг ҳаммаси ҳам рўй-рост очилмади, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекнинг муаммосини фақатгина ўзбек ҳал қилади. Қурултойдан қониқмадим. Сабаби шуки, биз ўзимизнинг дардимизни, ўзимизнинг муаммоларимизни шундай бир йиғинларда айтиб, уни ечимини топишга ҳаракат қилмасак, юқорида айтганимдек, ҳеч ким бу масалаларни ҳал қилиб бермайди, - деди Қосимжон Раҳмиев.